Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматга мамлакатда муҳокама қилинаётган солиқ ислоҳоти доирасида қўшилган қиймат солиғи ставкасини ўзгартириш масаласини янада чуқурроқ ўрганишни топширди. Бу ҳақда давлат раҳбари 7 февраль куни ишбилармонлар билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.
«Мен илгари бу масалада гапирмаганман, чунки менинг ҳар бир сўзим, ҳар бир баёнотим, расмий мақомимга кўра, қатъий буйруқ деб ҳисобланиши мумкин, аммо ҳозир ўз фикрларимни билдирмоқчиман. ҚҚС ставкаси дифференцияланган бўлиши керак», — деди давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан илгари таклиф қилинган 20 фоиз ставкаси жуда юқори эканини тан олди.
«Муносабат (таклиф қилинаётган ставкага – таҳр.изоҳи) жуда кескин, баъзан ўта кескин бўлди, менимча, бу дастлабки муҳокамага қўйилган таклиф эди. Ҳукуматнинг бу йўналишдаги ишлари барча вакилларнинг, хоҳ бизнес, хоҳ жамоатчилик, хоҳ тадбиркорлар, хоҳ экспертлар бўлсин, уларнинг фикрини инобатга олган ҳолда давом этиши кераклигини таъкидлайман. Бу йили бир қарорга келишимиз керак», — деди Тўқаев.
«Давлатга, бир томондан, қулай шарт-шароитларни таъминлайдиган ва бизнес учун тўсиқлар яратмайдиган, иккинчи томондан, солиқ соҳасида тартибни таъминлайдиган ва бюджет даромадлари ўсишини таъминлайдиган оптимал ечимлар керак», — дея хулоса қилди у.
Бош вазир ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин 28 январь куни президент билан бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида илк бор солиқ ислоҳоти ҳақида маълум қилди. Кейин у ҳукумат ҚҚС ставкасини ҳозирги 12 фоиздан 20 фоизга кўтармоқчи, шунингдек, ҚҚСни рўйхатдан ўтказиш чегарасини 78,6 миллиондан (тахминан 150 минг доллар) 15 миллион тенгега (29 минг доллар) туширмоқчи эканини маълум қилди. Ҳар икки таклиф тадбиркорлар томонидан танқидга учради. Гарчи президент солиқ ставкасини ошириш масаласини қайта кўриб чиқишни топширган бўлса-да, бугунги йиғилишда ҚҚС бўйича рўйхатдан ўтиш чегарасини пасайтириш ҳақида сўз юритилмади.