Қирғизистондаги энг йирик провайдернинг топ-менежерлари коррупцияда гумон қилинмоқда

economist.kg сайти фотосурати

10 февраль куни қўлга олинган Қирғизистоннинг йирик интернет провайдери «Элкат» топ-менежерлари коррупцияда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Kaktus.media нашри хабар берди.

Гумонланувчилар Қирғизистон Жиноят кодексининг 336-моддаси 1-қисми («Коррупция») да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда. Мақолада коррупция деганда ҳокимиятни эгаллаб турган мансабдор шахслар ёки гуруҳлар ўртасида ноқонуний ва барқарор алоқани ўрнатишга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар тушунилади. Бу ҳаракатлар жамият ёки давлат манфаатларига таҳдид соладиган моддий неъмат ва имтиёзларни қонунга хилоф равишда қўлга киритиш мақсадида амалга оширилади. Айбдор деб топилганлар мол-мулки мусодара қилиниб, муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Қўлга олинганлар орасида «Элкат компаниясининг бош директори Уланбек Толубаев ва икки таъсисчи: Зикирали Кенжебаев ва Сергей Шмелев бор. Улар Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов ҳибсхонасига тергов муддати — 2025 йил 3 апрелга қадар жойлаштирилган.

Аввалроқ «Элкат» ва Қирғизистон президенти ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлиги ўртасида инвесторнинг бир неча траншда давлатга 500 миллион сом (5,7 миллион доллар) тўлаш бўйича шикоятини (тинчлик битими) ҳал этиш бўйича келишув имзоланган. Шундан сўнг компания Молия вазирлигининг Марказий ғазначилиги ҳисобига маълум миқдорда — камида 150 миллион сом (1,7 миллион доллар) ўтказган.

ℹ️ «Элкат» — Қирғизистондаги энг йирик интернет провайдери бўлиб, ўзининг оптик толали тармоғига ва халқаро магистрал алоқа оператори мақомига эга. Компания 1994 йили ташкил этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ