Тожикистон Олий суди раиси Рустам Мирзозода 13 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида республика муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзодага пичоқ билан ҳужум қилган шахс ва унинг икки шериги исми-шарифини айтди. Бу ҳақда «Азия-Плюс» хабер берди.
26 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахснинг исми-шарифи Муҳаммадрофе Иззатулозода. У Тожикистон Жиноят кодексининг 179-моддаси, 2-қисми («Бир гуруҳ шахслар томонидан миллий, ирқий, диний нафрат ёки адоват асосида олдиндан тил бириктириб содир этилган террорчилик ҳаракати»), 32-модданинг 3-қисми («Жиноятга тайёргарлик кўриш ва суиқасд қилиш») ва 104-модданинг 2-қисми («Ёвуз ниятда ёки қон қасди, душманлик асосида суиқасд қилиш») билан айбдор деб топилган. Нашрнинг ёзишича, маҳкум 24 ёшда, ота-онаси мактабда ишлайди: отаси ўқитувчи, онаси фаррош.
Унинг шериги Маҳмудхон Шодихонов икки модда (юқорида қайд этилган 179-модданинг 2-қисми ва 36-моддаси 5-қисми – «Жиноятга шериклик турлари: шериклик») билан айбланиб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қиёмиддин Файзуллоев 347-модданинг 1-қисми («Жиноят ҳақида хабар бермаслик») билан икки йилга қамалган.
Мирзозода тушунтиришича, иш аввалига безорилик тоифасида кўрилган, бироқ дастлабки тергов давомида «янги ҳолатлар» фош этилган ва экспертиза жиноятда экстремизм белгилари борлигини тасдиқлаган.
«Бундай ишларда экспертиза ўтказилаётганда баъзи китоб ва видеолар қалқиб чиқади, айниқса мобил телефонлардан. Шунинг учун экспертиза ўтказиш жуда муҳим», – деган Олий суд раиси.