Тожикистонлик аёллар Раҳмондан давлатга хиёнатда айбланган журналистга нисбатан жазони юмшатишни сўрашди

Рухшона Ҳакимова. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Бир гуруҳ тожикистонлик аёллар республика президенти Эмомали Раҳмонга очиқ хат ёзиб, унда давлат тўнтариши иши бўйича 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган журналист Рухшона Ҳакимовага нисбатан жазони юмшатишни сўрашган. Мурожаатни 130 га яқин фаол аёллар имзолаган, дея хабар беради «Азия-Плюс».

Давлат раҳбарига мурожаат қилганлар Хакимованинг уйда икки қизалоғи қолгани, улардан бири эмизикли эканидан хавотир билдиришган.

«Бу ҳукм қалбимизни ларзага солди, энг муҳими у аёлнинг икки жажжи қизалоғи – Шахнура ва Шукрона ҳаётини барбод қилди, улар бирданига боладаги энг бебаҳо нарса – она меҳри, тафти ва ғамхўрлигидан маҳрум бўлдилар», — дейилади мактубда.

Мактуб муаллифларининг таъкидлашича, улар фақат журналист жазосини енгиллаштиришни сўрашади. Аёллар қонунда Ҳакимованинг амалдаги қамоқ муддатини озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазога алмаштириш имконини берувчи инсонпарварлик механизми борлигига умид қилишади.

«Унинг она эканини ҳисобга олиб, икки ёш боласини она қарамоғисиз қолдирмасликнинг қонуний йўллари борлигига ишонамиз», — дея хулоса қилади фаоллар.

ℹ️ Ўтган йили Тожикистонда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уринганликда гумон қилинган сиёсатчилар ва собиқ разведкачиларни ҳибсга олиш амалиёти ўтказилди. Суд жараёни ноябрь ойида Душанбедаги тергов ҳибсхонасида бўлиб ўтганди.

Жорий йилнинг 5 февраль куни суд ҳукми эълон қилинди, унга кўра иш бўйича барча айбланувчилар айбдор деб топилиб, уларнинг аксарияти узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Журналист Рухшона Ҳакимова 8 йилга озодликдан маҳрум этилди, у давлатга хиёнатда айбдор деб топилди. Ҳукм чиқарилишига қадар у икки ёш боласи борлиги сабаб озодликда бўлган. Ҳукм эълон қилингач, аёл суд залида ҳибсга олинган.

Тожикистон матбуотининг аниқлик киритишича, Ҳакимованинг иши унинг «Хитойнинг Тожикистондаги таъсири» мавзусидаги сўрови билан боғлиқ бўлиб, унда судланганлардан Саиджафар Усмонзода ва журналистнинг амакиси Шокиржон Ҳакимов иштирок этган. Дарвоқе, улар мос равишда 27 ва 18 йилга озодликдан маҳрум этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ