Франциянинг Voltalia компанияси ўзининг Бухоро вилоятида амалга ошираётган гибрид лойиҳаси учун электр энергиясини сотиш бўйича Ўзбекистон билан келишувга эришди. Ўзбекистон томонидан шартномани «Ўзэнергосотиш» давлат компанияси имзолади, деб хабар беради Европа компанияси матбуот хизмати.
Гап Artemisya лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда 125 мегаватт қувватга эга қуёш электр станцияси, 300 МВТ қувватига эга шамол электр станцияси, шунингдек 100-200 МВт*с энергия сақлаш омбори қурилиши ҳақида кетмоқда.
Келишув узоқ шерикликни кўзда тутади. Шундай қилиб, қуёш ва шамол станциялари учун электр энергиясини сотиш 25 йилга мўлжалланган, энергияни сақлаш учун эса — 15 йилга. Шартнома республиканинг ресурсларга бўлган эҳтиёжларини қондиришга ёрдам берадиган йирик лойиҳанинг молиявий ҳаётийлигини таъминлайди, айниқса истеъмол чўққига чиққан даврларда. Француз компаниясига кўра, Artemisya кластерида ишлаб чиқариладиган электр энергияси Ўзбекистоннинг 2,5 миллион аҳолиси истеъмол қилаётган энергияга тенг бўлади. Бундан ташқари, мазкур «яшил» лойиҳа атмосферага 598 минг тонна карбонат ангидрид тарқалиши олдини олади.
Қуёш энергияси станцияси ва сақлаш омбори қурилиши 2026 йилнинг биринчи чорагида бошланади, шамол станцияси эса — келгуси йилнинг учинчи чорагида.
«Ушбу шартнома Ўзбекистонни энергия соҳасида қатъий қўллаб-қувватлашимизни намойиш этади. 2022 йили бошланган музокаралардан сўнг мамлакатда иштирокимизни янада мустаҳкамлайдиган электр энергиясини сотиш бўйича муҳим битимни имзолаяпмиз», — деди Voltalia бош директори Роберт Кляйн.
Voltalia шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати билан 1 ГВт*с гача бўлган электр энергиясини сақлаш омбори қурилиш бўйича келишувга эришди ва мамлакатда биринчи 500 киловатт қувватига эга агровольтаика лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзолади. Сўнгги ҳужжатга кўра, Тошкент вилоятида жойлашган энергия объекти шу йилнинг август ойида фойдаланишга топширилади.
Франция компанияси вакиллари Ўзбекистоннинг 2026 йилга бориб 8 ГВт ва 2030 йилга қадар 12 ГВт қайта тикланувчи энергия қувватларини барпо этиш мақсадини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқладилар.
Аниқланишича, шартномалар Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи доирасида имзоланган.
ℹ️ Voltalia компанияси 2022 йил ноябрда Ўзбекистон ҳукумати билан Бухоро вилоятида гибрид кластер барпо этиш бўйича шартнома имзолаган. Орадан бир йил ўтгач, Франция президенти Эммануэль Макроннинг Тошкентга давлат ташрифи чоғида Voltalia Artemisya лойиҳасини ривожлантиришнинг кейинги босқичларини белгилаб берувчи баённома имзоланган эди.