Жапаров Марказий Осиёдаги қўшниларга Шенген визасига ўхшаш ягона визани жорий этишни таклиф қилди

uza.uz сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Марказий Осиёнинг бошқа постсовет республикаларига ўзаро визасиз режимни жорий этиш жараёнини бошлашни, шунингдек, чет элликлар учун Шенген визасига ўхшаш минтақавий визани жорий этишни таклиф қилди, шунда унинг эгаси бешта давлат бўйлаб эркин саёҳат қилиши мумкин. Бу ташаббус ҳақида сиёсатчи Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида ёзган.

Марказий Осиё учун умумий визани жорий этиш ғояси Жапаровга Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара масаласи ҳал бўлганидан сўнг пайдо бўлган, зеро мазкур масала 1924 йилдан бери, яъни юз йилдан кўпроқ вақт давомида очиқ қолиб кетганди.

Сиёсатчи қўшни республика президенти Эмомали Раҳмон билан Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланганини нафақат икки давлат, балки бутун минтақа учун катта воқеа сифатида баҳолади.

«Шу пайтдан эътиборан Марказий Осиёда абадий тинчлик ўрнатилди», — деди Жапаров.

Дарвоқе, Қирғизистон раҳбарининг сўзларига кўра, Тожикистонга ўтказилган айрим аҳоли пунктлари фуқароларини, худди шундай вазиятга тушиб қолган қўшни давлат вакилларини ҳам кўчириш лозим. Зеро, бундай чора чегара тўғри чизиқ бўйлаб ўтиши учун зарур, акс ҳолда ҳарбийлар уни назорат қилишлари қийинроқ бўлади. Янги қуролли тўқнашувларнинг пайдо бўлишига эса йўл қўйиб бўлмайди, чунки сўнгги 30 йил давомида ҳар икки томондан қуролли тўқнашувлар натижасида минглаб фуқаролар ҳалок бўлди, дейди президент.

У кўчирилган одамлар мутасаддиларнинг эътиборидан четда қолмаслигини айтиб, уларга аввалги турар жойларидан кўра қулайроқ шароитга эга замонавий уйлар беришларига ишонтирди.

Шу билан бирга, Қирғизистон раҳбари Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбариятига ўзаро визасиз режим ўрнатишни таклиф қилди.

«Бошқа давлатлардан келаётган меҳмонлар учун эса Шенген визасига ўхшаш минтақанинг барча мамлакатлари бўйлаб эркин ҳаракатланиш имконини берувчи ягона виза жорий этилиши керак», — деб ёзади Жапаров.

Шуни таъкидлаш лозим, Марказий Осиёнинг аксарият постсовет республикалари ўртасида аллақачон режим мавжуд бўлиб, унга кўра фуқаролар бошқа давлатга кириш учун рухсатнома олишлари шарт эмас. Тўғри, баъзи ҳолларда маълум чекловлар мавжуд. Шундай қилиб, агар қозоқлар ва тожиклар Қирғизистонда чекланмаган муддатга бўлиш ҳуқуқига эга бўлса, ўзбеклар 60 кун визасиз бўлганидан сўнг миграция органларида рўйхатдан ўтишлари керак, худди шундай режим Ўзбекистонга кириб келган Қирғизистон фуқаролари ҳам таалуқли.

Туркманистонда аҳвол ўзгача. Унинг фуқаролари минтақадаги бошқа мамлакатларга визасиз бориши мумкин, фақат улар дипломатик ёки хизмат паспортларига эга бўлишлари керак. Чегара ҳудудлари аҳолиси учун истиснолар мавжуд, аммо улар одатда бошқа давлатнинг қўшни ҳудудларига қисқа муддатга ташриф буюриш ҳуқуқига эга.

ℹ️ Туристлар учун ягона ҳудудий визани жорий этиш ғояси 2018 йилдаёқ билдирилган эди. Бу ташаббус Қозоғистоннинг ўша пайтдаги президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дариға томонидан илгари сурилганди. Унинг таъкидлашича, ҳужжат Шенген визасининг Осиё эквивалентига айланиши керак эди.

Ўша йилнинг декабрь ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон 2019 йил бошидан «Ипак йўли» (Silk visa) умумий визани йўлга қўйишни режалаштираётгани хабар қилинганди. Бундан ташқари, расмийларга кўра, бу ғоя Қирғизистон ва Тожикистонни қизиқтириб қолган. Аммо лойиҳа амалга ошмай қолиб кетди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ