Ўзбекистон ҳукумати Қарши шаҳрининг бош режасини тасдиқлади, унга кўра, Қашқадарё вилояти маъмурий маркази 2042 йилга бориб қарийб икки бараварга кўпаяди. Бу ҳақда Qashqadaryo газетаси Республика Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатига таяниб хабар берди.
Ҳозирда Қарши шаҳрининг майдони қарийб 8309 гектарни ташкил этади. Янги бош режага кўра, 2030 йил охиригача бу кўрсаткич салкам 11027 гектарга, 2042 йилга келиб эса 16073,6 гектарга етказилади. Шундай қилиб, кейинги 17 йил ичида вилоят маркази қарийб икки баравар кўпаяди.
Бу шаҳар аҳолисининг ўсиши билан боғлиқ — бу кўрсаткич 283 минг аҳолидан 2030 йилда 400 мингга ва 2042 йилда 470 минг кишига кўтарилиши кутилмоқда. Шунга кўра, уй-жой фонди кенгаяди: ҳозирги 3,9 миллион квадрат метрдан биринчи босқичда 7,2 миллионга, 17 йилда эса 10,8 миллионга етади.
2 дан 5 қаватгача бўлган бинолар улуши камайиши кўрсатилган. Шу билан бирга, 7, 12, 14 ва 16 қаватли кўп хонадонли уй-жой қурилиши фаол амалга оширилади. 20 қаватли уйлар қурилиши ҳам режалаштирилган.
Аҳолининг ижтимоий соҳа объектларига бўлган талабини амалдаги меъёрларга мослаштириш асносида соҳа кўрсаткичлари жадал суръатларда ўзгаради. Масалан, мактабгача таълим ташкилотларининг қуввати ҳозирги 11,8 минг ўриндан биринчи навбатда 22 минг, ҳисоб даврида 29 минг 140 ўрингача, умумтаълим мактаблари қуввати эса мос равишда 38 минг ўриндан 64 минг ва 74 минг 260 ўрингача ошади. Шаҳарда қўшимча шифохона ва поликлиникалар, дўконлар, кафелар, ресторанлар, маданият марказлари, театрлар, кинотеатрлар, меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилади.
Йиллик йўловчи ташиш ҳажми 17 йилда 96 миллион кишидан 235 миллион кишига кўпайиши прогноз қилинаётганлиги сабабли Қарши шаҳрининг асосий кўчалари узунлиги сезиларли даражада — 88 километрдан 291,33 километргача оширилади. Шу билан бирга, бош режада муҳандислик-техник инфратузилмани, жумладан, сув, газ, электр энергияси ва канализация тармоқларини жадал ривожлантириш кўзда тутилган. Вилоят марказида экологик вазиятни яхшилаш мақсадида яшил майдонларни 423 гектарга кенгайтириш ишлари режалаштирилган.
Қарши шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори жорий йил 25 февралидан кучга кирган. Айнан шу кундан бошлаб Қашқадарё вилояти ҳокимлигига бош режа лойиҳасини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун уч ой муддат берилади.