Қирғизистон президенти ипподром ўрнида 60 минг аҳолига мўлжалланган шаҳарча қурилишига старт берди

president.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Бишкекдаги «Роял Сентрал Парк» (Royal Central Park) кўп функцияли мажмуаси қурилиши учун капсула қўйиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Маросим 15 март куни бўлиб ўтди. Жапаров ўз нутқида мазкур мажмуа қурилиши тахминан 3 миллиард долларга тушишини таъкидлади. Лойиҳа Япониянинг «Никкен Секкей» (Nikken Sekkei) архитектура компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

Собиқ «Ак-Кула» ипподроми ҳудудида 60 минг аҳолига мўлжалланган 23 минг хонадонли уйлар, 45 минг квадрат метрлик савдо маркази, шунингдек, савдо ва офис биноларига эга 55 қаватли марказ қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, мактаблар, шифохоналар, меҳмонхоналар ва бошқа ижтимоий объектлар қурилиши режалаштирилган. Шаҳарчанинг ўз боғи, сунъий кўли ва яшил майдончалари бўлади.

«Навбатда турган минглаб фуқароларимиз Давлат ипотека компанияси орқали хонадонларга эга бўлади. Умид қиламизки, мазкур мажмуа қурилиши натижасида 20 мингдан ортиқ аҳоли уй-жой билан таъминланади. Бундан ташқари, мазкур мажмуанинг қурилиши янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Шаҳар аҳолиси ва инвесторлар учун янги имкониятлар очилади, бу эса тадбиркорлик ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга хизмат қилади», — деди Жапаров.

ℹ️ Бишкекдаги «Ак-Кула» ипподроми 1947 йили меъмор Владимир Нусов лойиҳаси бўйича қурилган. 1990 йиллари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказилган ва 1998 йилда хусусий шахсларга сотилган. 2018 йили объект суд тартибида коммунал мулкка қайтарилган. 2020 йили ипподром биноси хавфли ва таъмирлаб бўлмайдиган деб топилган

2024 йили Бишкек чеккасида янги ипподром қурилиши бошланган. Эски ипподром ҳудуди узайтириш имконияти билан 49 йилга «РЦА Ливинг» компаниясига ўтказилган. Компания ROX Group ва TNG Global Foundation халқаро корпорациялари томонидан бинолар мажмуасини қуриш лойиҳасини амалга ошириш учун махсус яратилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ