Қозоғистон полицияси мамлакат ғарбида дрон қулаши сабабларини ўрганмоқда

Қулаб тушган дрон. vlast.kz сайти фотосурати

Ғарбий Қозоғистон вилояти полиция бошқармаси вилоят ҳудудига қулаган объект номига аниқлик киритмоқда, дея хабар беради Kursiv.kz бошқарма матбуот хизматига таяниб.

Бу Қозоғистон ҳудудига икки ой ичида «дронларга ўхшаш» объектларнинг қулаши билан боғлиқ иккинчи ҳолат.

«Ғарбий Қозоғистон вилояти полиция бошқармаси ваколатли хизматлар билан биргаликда Тасқалин туманида учувчисиз учиш аппаратига ўхшаш объект топилгани юзасидан текширув ишларини олиб бормоқда.
Объект аҳоли пунктларидан узоқроқда, олис ҳудудга қулаган ва унчалик шикастланмаган ҳолда топилган. Ҳодисанинг барча ҳолатлари аниқланмоқда», — дейилади полиция хабарида.

Маҳаллий аҳоли объектни бир кун аввал, 18 март куни топиб олган. Унинг узунлиги уч метр. Февраль ойида Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Бокейордин туманида худди шундай учувчи аппарат (у мазкур объектнинг деярли ярмига тенг бўлган) қулаб тушганди. Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 399-моддаси «Маълумотни яширин равишда қўлга киритиш учун махсус техник воситаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ишлаб чиқариш, эгаллаш, сотиш ёки улардан фойдаланиш» билан иш қўзғатилган. Бироқ, «Уральская неделя» ёзишича, полиция ҳанузгача терговга оид ҳеч қандай маълумот бермаган.

Kursiv.kz эслатишича, Ғарбий Қозоғистон вилоятида Россия томонидан ижарага олинган «Капустин Яр» ҳарбий полигони мавжуд.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ