Қозоғистонда Саакашвилининг яқин сафдоши ҳибсга олинди

kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати Грузиянинг Аджария автоном республикаси ҳукуматининг Михаил Саакашвили (2004-2013) давридаги собиқ раҳбари Леван Варшаломидзени ҳибсга олди. Бу ҳақда Саакашвилининг «Бирлашган миллий ҳаракат» партияси сиёсий кенгаши аъзоси Леван Бежашвили маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

«Биздаги маълумотларга кўра, Леван Варшаломидзе Қозоғистонда аэропорт чегарасини кесиб ўтаётганда қўлга олинган», — деди Бежашвили. Грузиянинг IPN нашри Варшаломидзе гўёки Россия расмийлари талаби билан ҳибсга олингани ҳақида хабар берган. РФда унга нисбатан «Киев билан сиёсий маслаҳатлашувлар» бўйича жиноий иш қўзғатилган.

КазТАГ хабарига кўра, Варшаломидзе иши бўйича материаллар Атирау вилояти полиция бошқармасига топширилган. Бироқ, бу масала бўйича ҳозирча расмий изоҳлар йўқ.

Леван Варшаломидзе — грузиялик сиёсатчи, Михаил Саакашвилининг яқин сафдоши ва «Бирлашган миллий ҳаракат» (БМҲ) партияси етакчиларидан бири. 2004 йилдан 2012 йилгача у Ажария ҳукуматини бошқарган ва «Атиргуллар инқилоби»да асосий шахс бўлган. 2012 йилги сайловларда БМҲ мағлубиятидан сўнг у Грузияни тарк этган, аммо кейинчалик сиёсатга қайтган.

2014 йилдан сўнг Варшаломидзе Украина ҳукуматида маслаҳатчи бўлиб ишлаган, бошқарув ва инфратузилма ислоҳотлари билан шуғулланган. У Одесса вилояти губернатори бўлганида Саакашвили билан яқин ҳамкорлик қилган, коррупцияга қарши кураш ва маъмурий ислоҳотларни ишлаб чиқишга ёрдам берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ