26 март куни Қозоғистон ғарбида яна учувчисиз учиш аппарати қолдиқлари топилди, деб хабар беради Kursiv.kz. Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Жанибек туманида номаълум дрон қулаб тушган. Объект чекка ҳудудда, аҳоли пунктларидан узоқда топилган. Ҳодисанинг барча ҳолатлари аниқланмоқда, дея хабар беради вилоят полиция бошқармаси.
Дрон қолдиқлари чегарачилар томонидан топилган, деб ёзади «Уральская неделя» нашри. Бу Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳудудига жорий ойда номаълум учувчисиз учиш аппарати қулаши билан боғлиқ учинчи ва йил бошидан буён тўртинчи ҳодисадир. 18 февраль куни маҳаллий аҳоли Ғарбий Қозоғистон вилояти Бокейордин туманидаги Уяли қишлоғида номаълум дронга дуч келган. 18 март куни Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Тасқала туманида яна бир дрон қулаб тушган. 3 метр узунликдаги объект шикастланмаган ҳолда яхлит топилган. 25 март куни Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Жанибек туманида дрон бўлаклари топилган.
Қозоғистон Мудофаа вазири ўринбосари Шайх-Хасан Жазиқбаев учувчисиз учиш аппаратлари қулаши ҳолатларини изоҳлар экан, Бокейордин туманида Россия томонидан ижарага олинган синов полигони борлигини эслатди.
«Нафақат жанг майдони, балки ҳаво ҳудуди ҳам бор. Эҳтимол, бу техник носозлик бўлгандир, шунинг учун ҳам у зонадан ташқарига чиқиб кетган. Одамларни хавотирланмасликка чақираман. Текширув якунланмагунча, аниқ бир нарса деб бўлмайди», — деди вазир ўринбосари 26 март куни Мажилис (парламент қуйи палатаси) биносида.
Ўз навбатида, Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Акан Рахметуллин Қозоғистонда қулаган дронлар кимга тегишли экани ҳақида ҳозирча маълумот йўқлигини таъкидлади.