Пайғамбарнинг ўнг қўли

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Дониёл пайғамбар ва Хўжа Дониёл қандай қилиб битта мақбарада сиғишгани тўғрисида
Мақбаранинг Сиёб дарёси томонидан кўриниши. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"


“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламиз – пайғамбар Дониёл ёки Хўжа Дониёл мақбараси, муқаддас булоқ ҳамда кўҳна Самарқанддаги гуллаган бодом ҳақида.

Ўзбекистонлик тарихчилар ва ўлкашунослар кўҳна Самарқандда бугунги кунда жуда ҳам оммавийлашиб кетган зиёратгоҳ қандай ҳолатларда пайдо бўлгани ҳақида шу чоққача бирор-бир якдил фикрга келганлари йўқ. Бу зиёратгоҳ Библия каби муқаддас китобларда номи келтирилган Дониёл пайғамбарнинг мақбараси сифатида танилган ҳамда яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар орасида тенг баробарига эъзозланади.

Библияда айтилишича, Дониёл пайғамбар милоддан олдин 605 йилда Вавилон шоҳи Набукудурриусур II (Навуходоносор II) томонидан қабиладошлари билан бирга Исроилдан асирликка олиб чиқиб кетилган. Шоҳ саройида у ўзининг тақвоси, башорат қилиш қобилияти ва кўрсатган мўъжизалари билан шуҳрат қозонган. Мусулмонлар орасида, шунингдек, Дониёр деб ҳам аталадиган Дониёл пайғамбар форсларнинг шоҳи Кир Баний Исроил қавмини Вавилон (Бобил) асирлигидан халос этганига қадар узоқ умр кўрди. Бироқ ёши анчага етиб қолгани боис ватанига ўз кучи билан қайтиб бориш имкониятини қила олгани йўқ. Шунинг учун ҳам пайғамбар вафот этганида унга жуда катта ҳурмат ва эҳтиромлар кўрсатиб, ҳозирги Эроннинг Мосул шаҳри яқинидаги Суза шаҳрида дафн этдилар. Қизиғи шундаки, Мосулдан ташқари, Дониёл пайғамбарнинг устихонлари дафн этилган мақбаралар шунингдек, Қуддуси Шарифда ва Истамбулда ҳам бор. Самарқанддаги Дониёл мақбараси эса қадимги шаҳар Афросиёбнинг шимоли-шарқий қиялигида, Сиёб дарёси соҳилида, муқаддас булоқ ёнида жойлашган.

Дониёл пайғамбарнинг Самарқанддаги мақбараси қандай пайдо бўлгани ҳақида бир нечта афсоналар мавжуд. Улардан бирида таъкидланишича, соҳибқирон Амир Темур 1397-1404 йилларда Кичик Осиё ва Мессопотамияга юриши давомида Сузани қамал қилишга жуда катта куч сарфлаган. Маслаҳатчилар унга шаҳарни Дониёл пайғамбарнинг устихонларидан таралаётган руҳоний куч ҳимоя қиляпти, деб айтишган. Шунда соҳибқирон қамалдаги шаҳар аҳолиси вакиллари билан музокара бошлайди. Соҳибқирон уларга агар Дониёл пайғамбарнинг устихонларидан бир қисмини олиб кетишга рухсат беришса, шаҳарни вайрон қилмасликка, асирларни қулликка олиб кетмасликка ваъда қилади. Амир Темур пайғамбарнинг ўнг қўлини олиб кетишга қарор қилади. Унинг хаёлида пайғамбарнинг устихонлари шу чоққача Сузани қанчалик яхши асраган бўлса, унинг ўнг қўли Темур империяси пойтахтини ҳам шунчалик ишончли ҳимоя қилади деган фикр ўрин олади.

Қайд этиш жоиз, бу афсонада баён этилган ҳолатлар авлиёлар мозорларига сиғинишни тақиқловчи ортодоксал Исломнинг меъёрларига зид келади, боз устига, мусулмонлар орасида қабрларни очиш майитга нисбатан йўл қўйиб бўлмайдиган ҳақорат саналади. Бироқ Ўзбекистоннинг кўплаб қадамжоларида қайд этилган ривоятлар ва диний маросимлар мавжуд меъёрлардан жиддий фарқланади. Шундайми ёки йўқми, лекин баъзи тарихчилар Темур Самарқандга Дониёл пайғамбарнинг устихонларини эмас, балки унинг қабридан бир ҳовуч тупроқ олиб келган, ҳамда зафар билан якунланган ҳарбий кампания шарафига рамзий мақбара барпо этишга фармон берган деб ҳисоблашга кўпроқ мойиллар.

Дониёл пайғамбарнинг қўли сақланаётган саркофаг. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бу каби тахминий фикр ушбу муқаддас қадамжода анча кейинроқ пайдо бўлган бошқа ривоятни тушунишга анча ёрдам беради. Мақбара ичкарисида узунлиги 10 метрдан зиёд бўлган рамзий мармар саркофаг бор. XVI-XVIII асрларда зиёратчилар Дониёл пайғамбарнинг ўнг қўли ҳар йили мўъжизавий равишда бир неча сантиметрга узаяётганига ишонар эдилар. Гўёки айнан шунинг учун ҳам зиёратчилар ва тақводор шаҳарликлардан тушган хайрия пуллари эвазига ушбу қабртоши ва мақбаранинг ўзини мунтазам равишда ўзгартириб қайтадан қуришга тўғри келган. Халқ орасида тарқалган ривоятларга кўра, XIX асрда Россия империясининг мустамлакачилик маъмурияти маҳаллий уламоларни қабртоши атрофида фирибгарлик манипуляцияларда гумонлай бошладилар. Маъмурият гўёки муллаларга пўписа қилиб, агар Дониёл пайғамбарнинг қўли ўсишда давом этаверса, унда Сиёб соҳилидаги мақбара зиёратчилар учун ёпиб қўйилади ёки ҳатто бутунлай бузиб ташланади деб ваъда қиладилар. Таҳдид иш берди ва устихонларнинг ўсиши тўхтади.

Зиёратчилар. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бироқ муҳими шундаки, бу фақат ривоят. XIX асрга оид тарихий ҳужжатларда ушбу низо ҳақида ҳеч қандай эслатмалар йўқ. Гап шундаки, Туркистондаги рус мустамлакачилик маъмурияти маҳаллий аҳолининг диний эътиқодига катта эътибор билан қарар, халқ удумлари ва анъаналардан ўз мақсадида фойдаланишга ҳаракат қиларди. Шундай қилиб, тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, ўрислар диний сабаблар билан мусулмонларнинг ғазабини қўзғатишга баҳонанинг пайдо бўлишини мутлақо истамас эдилар.

Агар саркофаг мавзусига қайтадиган бўлсак, унинг жуда катта ўлчамлари соҳибқирон Темур ўз вақтида Мосулдаги Дониёл мақбарасидан олиб келинган тупроқни Самарқанд тупроғи билан аралаштириб ташлашни буюргани билан боғлаш мумкин. Шу билан бирга, маҳаллий тупроқ миқдори анча кўп бўлган. Афтидан, Амир Темур пойтахтни асровчи муқаддас тупроқни талон-тарож қилинишининг олдини олиш учун шу услубни қўллаганга ўхшайди. Умумий фикрларга кўра, Амир Темур пайғамбарнинг устихонларини асрай туриб, ўз авлодлари – темурийлар сулоласининг ҳумдорлари учун ҳам Дониёлнинг ҳомийлигини таъминламоқчи бўлган.

Темур эмас, яҳудийлар

Ҳар ҳолда, Дониёл пайғамбарнинг устихонлари ҳақидаги ривоятларга ўхшаш бошқа афсоналар ҳам бор экан. Мисол учун, биз Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий томонида жойлашган жуда йирик Миздахқон муқаддас мажмуасида авлиё Шамун Набининг ўлганидан кейин ўсиб кетган оёғи тўғрисидаги шунақа афсоналардан бирини ёзиб олганмиз. Ривоятлар бир-бирига ўхшаш бўлганига қарамай, биз уларнинг келиб чиқиши қандайдир абадий ҳаёт ёки қайта тирилган илоҳа билан боғлиқ жуда қадимий динлардан қолиб кетган, эскилик сарқитлари билан боғлиқ деган фаразлардан йироқмиз.

Зиёратчилар. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Шу билан бирга, ўлкашунос ҳамда Самарқанд тарихи бўйича мутахассис Артур Самарийнинг қайд этишича, Амир Темурнинг умр баёни битилган рисолаларнинг бирортасида ҳам Дониёл пайғамбарнинг устихонларини Мессопатамиядан Самарқандга кўчириб келингани тўғрисида ҳеч қандай эслатмалар йўқ. Самарий шунингдек, Ўрта асрларнинг машҳур араб-форс географи Абу Исҳоқ ал-Истахрий (тахминан 850-934 йиллар) соҳибқирон Амир Темурнинг туғилишидан тўрт аср муқаддам Самарқандга ташриф буюрганида, бу кўҳна шаҳарда Дониёл пайғамбарнинг мақбараси мавжуд бўлганини қайд этади. Баъзи тарихчилар Дониёл пайғамбарнинг устихонлари ёки устихонларининг бир қисми маҳаллий яҳудийлар жамоаси вакиллари томонидан Самарқандга араблар фатҳидан анча олдинроқ олиб келинган бўлиши эҳтимоли катта деб ҳисоблайдилар. Минтақада Исломгача ҳукмдорлик қилган, бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенгликлари билан ажралиб турган зардуштийлик дини коҳинлари яҳудийларга шаҳар четида ўз ибодатхоналарини барпо этишга рухсат берган бўлишлари мумкин эди. Ушбу тахминий фикрни Афросиёб тепалигининг шимолий қиялигидаги топилган археологик топилмалар ҳам тасдиқламоқда. Мазкур топилмалар милоддан олти аср аввалги саналарга оид бўлиб, Библияга мувофиқ айнан Дониёл пайғамбарнинг яшаган ва ўлган йилларига тўғри келади.

Пайғамбарнинг устихонларини Самарқандга насронийлар ҳам келтирган бўлишлари мумкин: Византия императори Зенон (V аср) даврида Дониёл пайғамбар устихонларининг қандайдир бир қисми Мосулдан Константинополга кўчириб кетилган ва бунинг натижасида ҳозирги Истанбулда Дониёл пайғамбарнинг яна битта мақбараси барпо этилган.

Даниилми ёки Дониёл?

Ўзбекистоннинг ҳозирги мусулмон уламолари орасида Афросиёб тепаликларининг шимолий қияликларида жойлашган мақбарада Дониёл пайғамбар эмас, балки Хўжа Дониёл (Дониёр) дафн этилган деб ҳисоблайдиганлар кўпчиликни ташкил этади. У VII асрда яшаган мусулмон риёзатчиси ҳамда пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччаси, афсонавий Қусам ибн Аббоснинг яқин сафдоши бўлган. Қусам ибн Аббоснинг рамзий қабри – Шоҳи Зинда (Тирик Шоҳ) ёдгорлик мажмуаси Афросиёб тепаликлари қиялигидаги Дониёл пайғамбар мақбарасининг рўпарасида жойлашган.

Тарихий маълумотларга кўра, Самарқанд VIII асрда араб қўшинлари томонидан фатҳ қилинганидан кейин Афросиёб адирликларидаги кўҳна ибодатхоналар мусулмон тарихидаги афсонавий персонажларнинг рамзий дафналарига айлантириб қўйилган. Шунинг учун ҳам Хўжа Дониёл билан боғлиқ тахминий фикрлар ҳақиқат бўлиши мумкин.

Афросиёб тепаликларидаги ғор эшиги. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Қизиғи шундаки, зиёратчилар нафақат мақбарадаги Дониёл пайғамбарники дея тахмин қилинаётган устихонларини, балки мақбара этагидаги булоқни ҳам муқаддас санаб эъзозлайдилар. Одатда зиёратчилар мақбарага киришдан олдин булоқнинг кучли минераллашган ва ширинтуруш таъмли сувида ювиниб оладилар. Шунингдек, зиёратчилар сувдан тўйгунча ичадилар ва ўзлари билан олиб кетадилар. Олиб кетилган сувни уйда сақланаётган сувга қўшиб қўядилар, уни истеъмол қиладилар, чўмилишга ва ҳатто кир ювишга ҳам ишлатадилар. Айтилишича, булоқ сувининг шифобахш хусусиятларидан ташқари, гуноҳларни ҳам ювиб тозалар экан.

Афсонага кўра, бу ердаги мақбаранинг беш гумбазли шакли гўё бундан беш юз йил аввал худди шу жойнинг ўзида ўсган писта дарахтининг шаклига ўхшар экан. Ривоятларнинг таъкидлашича, муқаддас булоқ кўзи бу ерда Дониёл пайғамбарнинг мақбараси қад кўтарганидан сўнг очилган ва писта дарахти ҳам айнан ўша пайтдан гуллай бошлаган.

Бироқ Ўзбекистондаги бошқа қадамжоларнинг аксарияти билан солиштирилиши ортидан, бу ерда айнан табиий ҳодисалар дастлабки эътиқод объектлари бўлган бўлса керак, дея тахмин қилишга имконият беради, гарчи булар зардуштийлик ва ҳатто янада қадимийроқ динлар даврида бўлган бўлса ҳам.

Кейинроқ оғзаки ривоятлар эъзозланадиган жойни Ислом динига ёки ҳатто бир пайтнинг ўзида учта дин учун кўпроқ мос келадиган афсоналар билан қуршаб олди.

Мисол учун, 1996 йилда Рус православ черковнинг раҳбари, Московия ва бутун Русия патриархи Алексий II Ўзбекистонга ташрифи давомида Самарқанддаги Дониёл пайғамбарнинг мақбарасини зиёрат қилди ва “бу ерда табарруклик мавжудлигини аниқ сезяпман”, деб билдирди.

Патриарх православ дини маросимларига мувофиқ мақбаранинг ўзини ва унинг ёнидаги бодом дарахтини табаррук қилиб кетди. Ушбу ташрифдан сўнг янги афсона пайдо бўлди: Самарқанд аҳолиси кўп йиллардан бери қуриб ётган бодом дарахти патриархг табаррук қилиш маросимини ўтказганидан сўнг қайтадан гуллаб, мева сола бошлади.

Алексий II табаррук қилиб кетган писта дарахти. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

2012 йилда мақбара навбатдаги реставрациядан сўнг Афросиёб тепаликларидаги ибодатхона мажмуасида салмоқли даражада қурилиш ишлари амалга оширилди, оқ мармар билан безалди. Бундан ташқари, мажмуанинг бутун ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бироқ зиёратчилар ва саёҳатчилар учун ичкари хоналарига ва қабртоши олдига кириш ҳозирги пайтда чеклаб қўйилгани рост. Лекин муқаддас булоқдан сув олиш ҳамда мақбарага кираверишда мулланинг имомлиги остида зиёрат намозини адо этишга аввалгидек ижозат берилмоқда.

Андрей Кудряшов фотосурати, “Фарғона”

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ