“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламизда Ҳазрати Ҳизр (а.с.) пайғамбар Муҳаммаднинг (с.а.в.) амакиваччаларини қандай қилиб ва энг асосийси қаерда қутқариб қолгани ҳақида ҳикоя қилинади.
Замонавий Самарқанднинг шимолий четида жойлашган 200 гектардан ошиқ умумий майдонга эга пастқам адирлар жамланмаси Афросиёб деб айталади. Археологларга кўра, аслида бу тепалик ёши 2500 йилдан зиёд бўлган тарихга эга кўҳна шаҳарнинг қолдиқларидан иборат. Олимлар уни антик даврларда қадимий Сўғд мамлакатининг пойтахти Мароканданинг вайроналари бўлса керак дея тахмин қиладилар. Баъзи тадқиқотчиларнинг тахмин қилишича, “Афросиёб” топоними шоир Фирдавсийнинг қаламига мансуб машҳур “Шоҳнома” асаридаги асосий персонажлардан бири – Турон шоҳи Афросиёбнинг исми билан тўғридан-тўғри боғлиқ. Лекин бошқа мутахассислар бу жойнинг номини Самарқандни кесиб ўтувчи унчалик катта бўлмаган Сиёб дарёсига қўшничилик билан изоҳлаш керак, деб ҳисоблайдилар.
Ҳар қалай ХХ асрларда Афросиёбда ўтказилган археологик изланишлар шов-шув кўтарилишга лойиқ топилмаларнинг аниқланишига олиб келди. Ушбу археологик тадқиқотлар ҳозир ҳам тўхтагани йўқ ва шунинг учун ҳам инсон тамаддунининг энг кўҳна ўчоқларидан бўлмиш бу жойнинг ёши ва маданий сиймосига қўшимча аниқликлар киритилишининг эҳтимоли катта. Афросиёб адирлари Марказий Осиёнинг диний тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ролни ижро этди деса ҳам бўлади. Ислом тарқалишининг биринчи асрларида айнан шу ерда шу бугунги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмай келаётган диний-маданий марказлардан бири пайдо бўлди.
Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси Афросиёб тепалигининг жанубий ёнбағрида жойлашган. Унинг асосий афсонаси – мусулмон даъватчиси, пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччаси Қусам ибн Аббос розиаллоҳу анҳума номи билан боғлиқ. У Али ибн Абу Толиб (р.а.) ҳалифалиги даврида Макка шаҳрига ҳокимлик қилгани ҳақида маълумотлар бор. Милоднинг 661 йилида ҳазрати Али шаҳид бўлиб, Муовия ибн Абу Суфён (розиаллоҳу анҳума) иқтидорга келганидан кейин Қусам ибн Аббос унчалик катта бўлмаган жамоа билан Исломга даъват қилиш учун Хуросоннинг шимолидаги ўлкаларга жўнатилди. Бу ерда у маъжусийларга қарши ўнлаб жангларда иштирок этиб, уларнинг бирида шаҳид бўлганлар. Тарихшунос мутахассислар Қусам ибн Аббоснинг (р.а.) Самарқанд ёнида шаҳид бўлганми ёки бу воқеа бошқа вилоятда – ҳозирги Туркманистоннинг кўҳна Марв шаҳри яқинида содир бўлганми-йўқлиги борасида турли фикрларни билдиришмоқда. Бироқ Самарқандда Ислом дини келганидан сўнг мустаҳкам ўрнашиб олган афсонага кўра, Қусам ибн Аббос маҳаллий аҳолини Ислом динига ўтишига араб фатҳидан эллик йил олдин эришган. Бироқ мусулмон динига асосан шаҳар ҳудудида яшаган одамларнинг ўтгани ҳам рост.
Шу пайтнинг ўзида қўшни тоғларда маъжусийларнинг қўшинлари жамланиб, жума намози пайтида Самарқандга ҳужум уюштирганлар.
Намозда жамоатга имомгарчилик қилаётган Қусам ибн Аббос (р.а.) ғафлатда қолиб, жуда оғир яраланган. Тахминлардан бирида айтилишича, уни камон ўқи билан яраладилар, бошқасида эса унинг боши кесилган. Ва энг ажабланарлиги шундаки, оғир яралар натижасида Қусам ибн Аббос ўлмаган. Кутилмаганда ер ёрилиб халқ ривоятларидаги ажабтовур Ҳазрат Ҳизр алайҳиссалом пайдо бўлиб қолди ва пайғамбарнинг амакиваччасини қўлидан ушлаб Афросиёб тепаликларидаги ер ости лабиринтларига олиб кириб кетди. Бошқа тахминий фикрларга кўра, Қусам ибн Аббоснинг ўзи кесилган бошини қўлига олиб, ер остида ғойиб бўлган. Шунингдек, бошқа учинчи тахминий фикр ҳам бор ва у ҳақиқатга яқинроқ. Ривоятга кўра, яраланган имом Шаъбон қудуғигача эмаклаб бора олган ва ўз жонини сақлаб қолиш учун унинг қаърида яширинган. Ушбу версияларнинг қайси бири ҳақиқатлиги ҳамон жумбоқ бўлиб қолаётгани билан, ҳаммаси Қусам ибн Аббоснинг жангдан омон чиққанини ҳамда Аллоҳнинг иродаси билан абадий барҳаёт бўлиб, Жаннатга туташган ўзига хос маконда қолаётганини таъкидлайди. У сирли тарзда ғойиб бўлган жой зиёратгоҳга айланган ҳамда ҳозирги кунларда “Барҳаёт Шоҳ” маъносини берувчи Шоҳи Зинда деб аталади.
Совет тарихчилари ва этнографларига кўра, Қусам ибн Аббос мақбараси ҳамда унинг мўъжизавий тарзда қутилиши тўғрисидаги ривоят араб фатҳининг биринчи асрларида яратилган. Афтидан, улар аввалги ўлаётган ва қайта тирилаётган табиат илоҳасига сиғиниш ўрнига дин учун риёзат кечган мусулмон даъватчиси – “Тирик Шоҳ”ни эъзозлаш билан алмашганга ўхшайди.
Қандай қилиб ҳожи бўлиш мумкинлиги ҳақида
Бизнинг кунларгача етиб келган Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси тахминан минг йил давомида шаклланиб келган. Унинг таркибига Афросиёб тепалигининг бутун жанубий қиялигида жойлашган йигирматадан зиёд IX-XIV асрларга оид иншоотлар киради. (Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси тўғрисида Н.Б. Немцованинг “Ансамбль Шахи-Зинда: история — археология — архитектура” – (Тошкент, 2015 йил) фундаментал монографиясида батафсил баён қилинган). Энг аввалги диний иншоотлар XIII асрда – Чингизхон етакчилигидаги мўғуллар босқини давомида вайрон қилинган. Ярим аср ўтиб-ўтмай уларнинг пойдевори устида реконструкция ва қурилиш ишлари бошланган ва бу ишлар XIV-XV асрларда, соҳибқирон Амир Темур ва унинг энг яқин авлодлари даврида янада кенгайган. Улар бу жойни ўз сулоласининг ҳамда ўзларига яқин мусулмон уламолари вакилларининг қабристонига айлантириб қўйдилар. Тахминан ўша пайтда адирлик этагидан Қусам ибн Аббос мақбарасигача олиб чиқадиган 40 та поғонали зинапоя қурилди. XIV-XIX асрларда “халқ исломи”да Тирик Шоҳ мақбарасига зиёрат ҳар бир бадавлат мусулмон учун фарз бўлган Маккага ҳаж зиёратининг ўрнини босиши мумкинлиги тўғрисида тасаввур пайдо бўлди.
Мақбарага зиёрат ўзига хос тарзда амалга оширилади. Зинапоядан 40 кун давомида, ҳар кун биттадан поғонага кўтарилиб, қолган вақтни зикр ва дуоларда ўтказиш керак. Ушбу маросимнинг ўтказилишини суфийлик тариқатларининг устозлари ҳам қўллаб-қувватлаб келганининг эҳтимоли жуда катта. Бизнинг кунларгача етиб келган ривоятларда айтилишича, нақшбандия тариқатининг асосчиси, XIV асрда яшаган Баҳоуддин Нақшбанднинг ўзлари ҳам ушбу зинопояда қирқ кун давомида ибодат қилган эканлар. Зинапоя, шунингдек, суфийларнинг зикр тушиш маросимлари ўтказиладиган жой эди. Шу билан бирга, бу ерда ҳам зикри ҳуфия ва ҳам зикри жаҳрия амалиёти қўлланган. Россиялик этнограф ва антрополог Сергей Масловский (1876-1943) дарвиш кийимини кийиб олиб, XIX асрнинг охирида Қусам ибн Аббос мақбараси олдида Қодирия тариқатининг суфийлари билан бирга тунги зикр рақсларида иштирок этишга эришди.
Бугунги Ўзбекистоннинг ҳанафий мазҳабидаги ортодоксал мусулмон уламолари Шоҳи Зинда мақбарасининг зиёрати Макка шаҳрига ҳаж сафарининг ўрнини боса олиши имконияти ҳақидаги ғояни ҳеч қанақасига қўлламайдилар. Бу ерда зикр тушириш маросимлари ҳам ўтказилмай қўйилганига анча бўлди. Шу билан бирга, ҳатто 2005 йилда ўтказилган реставрация ишларидан кейин ҳам ўзининг тарихий сиймосини сезиларли даражада ўзгартирмаган Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасига зиёратчилар оқими асло камайиб қолмаган.
Мажмуага чет эллик саёҳатчилар ҳам, мусулмонлар ҳам, уламолар ҳам ташриф буюришни ҳуш кўрадилар. Кўпчилик гидлар ҳатто даҳрий туристларга ҳам Қусам ибн Аббос мақбарисига олиб борувчи зинапоядан ҳар бир поғонага, гарчи бутун кун давомида бўлмаса ҳам, албатта фикрни жамлаб, қандайдир олий ва эзгу мақсадларга қаратиб кўтарилишни тавсия қиладилар.
Аллоҳнинг бандаси
Афросиёб тепаликларида абадий ҳаёт тўғрисидаги шу кунларгача сақланиб қолган афсонанинг бошқа персонажи – нуроний Ҳазрати Ҳизр бўлади. Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун мусулмон дунёсида ғойибдан пайдо бўлиб, мўъжизалар яратаётган ҳамда инсонларга чинакам эзгу ишлар бўйича дарс бераётган Ҳазрати Ҳизрнинг қаҳрамони бўлиб чиқаётгани ҳақидаги кўплаб эртаклар ва ривоятлар мавжуд. Гарчи Муқаддас Қуръонда Ҳизрнинг исми келтирилмаган бўлса ҳам у Муқаддас Китобнинг 18-чи “Ал-Каҳф” сурасида Аллоҳ томонидан “бандаларимиздан бир банда” дея эсга олинади. Ва айнан у икки денгиз қўшилган жойда пайғамбар Мусо алайҳисаломга дуч келиб, унга ”сабр қилишга тоқати етмаган нарсаларнинг таъвилини” ҳикоя қилиб берган эди. Марказий Осиё халқларининг оғзаки ривоятларида барҳаётлик булоғидан сув ичгани боис Ҳазрати Ҳизрни абадий ҳаёт кечираётган инсон деб таъриф берилади.
Ривоятга кўра, Искандар Зурқарнайн Амударёнинг юқори қисмига қўшинларини олиб келганида, у Помирнинг тоғлик аҳолисидан баланд тоғларнинг қайсидир ерларида инсонга абадий ҳаёт туҳфа эта оладиган сув чиқадиган булоқ мавжудлигини билиб қолади. Юнонистонлик лашкарбоши ушбу булоқни излаб топиш учун ўзининг Ҳизр исмли энг яхши аскарларидан бирини жўнатади. Аскар чашмани топиб сувидан ўзи ҳам роса қониб ичиб олади ва битта кўзага булоқ сувидан қуйиб, Искандар Зулқарнайнга олиб кетади. Бироқ йўлда кўза синиб, сув тўкилиб кетади. Зиммасига юкланган вазифани бажара олмаган, бироқ абадий ҳаётга эришган Ҳизр ўшандан бери жаҳонгашталик қилишни бошлайди. Асрлар давомида дунё кезиб юрган Ҳизр мисли кўрилмаган даражада донишмандлик даражасига етади ҳамда инсонларнинг манфаати йўлида мўъжизалар яратиш қобилиятига эга бўлади. Шунинг учун ҳам баъзи-бировлар шарқ меҳмондорчилигининг асосий сабаби – инсонлар ўз ҳаётлари йўлида учратган мусофирлардан бири Ҳазрати Ҳизр бўлиб қолиши мумкин ва унинг кўнглини олсам, муроди-мақсадимга эришаман, дея ишонганларида деб биладилар.
Россиялик шарқшунос, “Ислом энциклопедияси”ги мақолалар муаллифи Василий Бартольдга (1869-1930) кўра, Ҳизр сиймосида турли даврлар ва халқларнинг абадий ҳаёт – Вавилоннинг Гилгамеши ва Библиядаги Енох ва Илёс пайғамбарлар тўғрисидаги тасаввурлари қўшилиб, аралашиб кетган. Кўп ҳолларда Илёс ва Ҳизр биргаликда ёдга олинади: Ҳазрат Илёснинг чўлу-биёбонлар устидан, Ҳазрати Ҳизр эса сув манбалари ва суғориладиган ерларга ҳукм ўтказиш таъсири таъкидланган. Бошқа рус шарқшуноси Евгений Бертельсга (1890-1957) кўра, Ўрта Шарқ халқлари тасаввурида Ҳизр сиймоси “шубҳасиз қандайдир қадимий ўсимликлар дунёсига алоқадор илоҳага бориб тақалади. Унинг оёқлари остида ҳамма нарса кўкаради ва гуллайди, бироқ ушбу тасаввур устидан бошқа кўплаб хислатлар қат-қатлашиб кетмоқда...” Бартольд тахмин қилишича, Ҳизр ҳақидаги ривоятлар айниқса суфийлар фаолият юритаётган жойларда кўп тарқалган. Ҳизр ҳақида гапира туриб, суфийлар у ҳақдаги ҳикоя ва масаллар борасида ҳаддан зиёд жўн ва юзаки таъвил қилиш жоиз эмаслиги борасида таъкидлайдилар. Суфийлардан хабардор бўлмаган одамлар у ҳақда умуман гапирмаганлари яхшироқ, дея аниқлик киритадилар. Культурология мазмуни жиҳатидан Ҳазрати Ҳизр алайҳисаломнинг фигураси, афтидан таркидунёчиликка юз тутган зоҳидларга ҳамда дарбадар дарвишларга ҳомийлик қилувчи мутасаввиф жаҳонгаштанинг идеал сиймоси сифатида кўрилиши мумкин.
Олдин айтилганидек, Шоҳи Зинда тўғрисидаги ривоятлардан бирида Ҳазрати Ҳизр яраланган Қусам ибн Аббосга ер остидаги ғорларда яширинишга ёрдам бергани ва шундан сўнг Қусам Қиёматга қадар тирик қолиши ҳақида ҳикоя қилинган. Марказий Осиёда абадий ҳаёт рамзи бўлган сув билан боғлиқлик тўғрисида Самарқанддаги биринчи Ҳазрати Ҳизр масжиди тўғрисидаги ривоятда ҳам ҳикоя қилинади. Бу ҳақда илк эслатмалар VIII аср бошидаги араб фатҳи даврига тааллуқли ривоятларда тилга олинади. Нақл қилинишича, Самарқанд шаҳри Қутайба ибн Муслим қўшинлари томонидан 712 йилда забт этилганидан сўнг араблар шаҳарни ер ости булоқларининг суви билан таъминловчи Арзис каналини тўғон билан тўсиб шаҳар қалъасини сувга чўктирмоқчи бўладилар. Бироқ шу пайтда осмондан улкан оқ қуш тушади ва тўғонни вайрон қилади. Ушбу мўъжизавий воқеа шарафига араб лашкарбошиларидан бири Муҳаммад ибн Васий Афросиёбнинг жанубий ёнбағрида зардуштийлик ибодатхонаси ўрнида Ҳазрати Ҳизр масжидини барпо этади. Ушбу масжид 1270 йилда Чингизхон қўшинлари томонидан Самарқанд забт этилганида Арзис канали билан бирга вайрон этилади. Масжиднинг янги биноси 1854 йилда қадимий пойдевор устида янгидан барпо этилади. Шу билан бирга, пардозлаш ишлари 1919 йилда якунига етди. Ўшандан бери ушбу мўъжаз, бироқ кўринишидан етарли даражада экзотик иншоот Афросиёб тепалигининг оммабоп кириш жойларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Шоҳи Зиндага келаётган зиёратчилар албатта бу ерга ташриф буюрадилар.
Велосипедда ҳаж сафари
79 ёшда вафот этган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2016 йилнинг 3 сентябрида Ҳазрати Ҳизр масжиди билан Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси ўртасидаги “Ҳазрати Ҳизр” мусулмонлар қабристонида дафн этилди.
Уни шошилинч тарзда барпо этилган унчалик катта бўлмаган мақбарада, Каримовнинг онаси ва катта акалари дафн этилган қабрларнинг ёнида кўмдилар.
Ана ўшандан кейин бир неча кун ўтиб Каримов қабрига биринчи зиёратчилар кела бошлайдилар. Мисол учун, Наманган вилоятининг Чортоқ туманида истиқомат қилаётган 75 ёшли пенсионер Ҳусан Ҳожибаев 5 сентябрь куни ўзининг велосипедида Самарқандга қараб йўл олди ва 500 чақирим масофани босиб ўтиб, 9 сентябрда Каримовнинг қабрига етиб келди. Ҳожибоев пенсияга чиққунига қадар узоқ масофага қатнайдиган катта юк машинасининг ҳайдовчиси бўлиб ишлагани учун икки манзил ўртасидаги энг қисқа масофани танлади ҳамда ўзи учун тунашга хавфсиз жойларни белгилаб олди. Ҳар ҳолда, унинг зиёрат сафарини осон деб ҳисоблаб бўлмайди. Ёши улуғ қария йўлнинг аввалида денгиз сатҳидан 2268 метр баланд бўлган Қамчиқ довонига кўтарилишига, кейин бўлса жазирама қуёш остида, ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 39°C даражада яна юзлаб чақирим йўл юришига тўғри келди.
Ҳожибоев ортга қараб таксида кетди, негаки яна 500 чақирим йўлни велосипедда босиб ўтишга соғлиғи ярамас эди. Зиёратдан қайтиб келган пенсионерни чортоқликлар Маккага бориб келган ҳожиларга тенглаштиришди. Шон-шуҳратдан ташқари, пенсионерга кўплар совғалар тақдим этдилар. Мисол учун, Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳининг иштирокчилари Ҳожибоевга нархи 650 долларга тенг Германияда ишлаб чиқарилган янги спорт велосипедини совға қилдилар, ҳолбуки бу миқдордаги пул ўртаҳол ўзбекистонлик одамларининг ўртача ойлигидан бир неча баробар кўп.
Совғадан хурсанд бўлган пенсионер гуруҳ иштирокчиларига ўзининг велосипеддаги зиёратини яна бир бор қайтаришга ҳамда кучи етганича кўп маротаба қайтаришга ваъда қилди.
Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона"
Андрей Кудряшов