Баҳоуддин Нақшбанд боғи

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Бухоро яқинидаги “донишмандлар қасри” қандай қилиб шоҳлар дахмасига айланиб қолгани ҳақида

“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларига ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламизда буюк устознинг ҳаётида оддий меҳнат қандай ва кароматлар қандай ўринларни эгаллагани ҳақида ҳикоя қилинади.

Баҳоуддин Нақшбанд қадамжо мажмуаси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Баҳоуддин Муҳаммад ибн Бурҳониддин Муҳаммад ал-Бухорий ёки оддийгина қилиб айтганда Баҳоуддин Нақшбанд – Ўзбекистондаги энг машҳур авлиё бўлиб, бутун дунёда Нақшбандия номи билан боғлиқ суфийлик тариқатининг асосчиси сифатида танилган. XIV асрда яшаб фаолият юритган Баҳоуддинни ўз юртида яна Балогардон, яъни балоларни қайтарувчи деб атайдилар ва мусулмонлар орасида кўҳна Бухоро воҳасидаги ўтроқ аҳолининг маънавий пири сифатида эъзозланади. Қасри Орифон қишлоғидаги Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик ва ибодатхона мажмуаси барпо этилганидан бери беш аср давомида Бухоро ҳукмдорларининг сўнгги учта сулоласи аъзолари учун дахма вазифасини ҳам бажариб келмоқда. Бугунги кунда ёдгорлик ва ибодатхона мажмуаси Марказий Осиёдаги энг кўп зиёратчилар оқимини жалб этадиган энг йирик ва фаол қадамжо бўлиб хизмат қилмоқда.

Баҳоуддин Муҳаммад 1318 йилда Бухородан шимоли-шарққа қараб ўн чақирим масофада жойлашган Қасри Ҳиндувон қишлоғида дунёга келган. У сайидлар оиласида туғилган бўлиб, аждодлар шажараси пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламга бориб тақалади. Унинг оиласи тирикчилигини зардўзлик ва заргарлик ҳунари ёрдамида ўтказарди. Унинг Нақшбанд лақаби ҳам форсий нақшбанон – нақш битувчи сўзидан келиб чиқади. Бундан ташқари, бу сўзни маъжозий маънода талқин қилиш мумкин ва ана ўшанда унинг нафақат одатий ҳунарга ишорани, балки қандайдир руҳий маъноси ҳам пайдо бўлади: кўнгилларга нақш битувчи!

Қадамжо мажмуасидаги бошловчи-воиз. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Суфийлик ҳикмати бўйича устоз деярли бутун умрини ўзининг туғилган ерида ўтказиб, 1389 йилнинг март ойида туғилган қишлоғида дафн этилди. Шундан кейин у яшаган қишлоқ Қасри Орифон – “Билим Қасри” дея атала бошланди. Чунки “ориф” сўзи “авлиё”, “шайх”, “сўфий” деган маъноларни англатади. Баҳоуддин Нақшбанднинг таржимаи ҳоли – умрбаёни тафсилотлардан ҳоли, негаки шайхдан ёзма манбалар қолмаган, Нақшбандия тариқатининг издошлари томонидан битилган биографик рисолаларда эса руҳоний амалиётларга оид иқтибослар ҳамда ибратли масаллар асосий ўринни эгаллайди.

Баҳоуддин икки марта Маккага бориб ҳаж қилгани, унинг биринчи устози эса 1340 йилда вафот этган шайх Муҳаммад Бобо Самосий бўлгани маълум. Самосий Баҳоуддинни таҳсил олгани Хожагон суфийлик биродарлиги Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг вориси шайх Амир Сайид Кулолнинг олдига юборган.

Абдулхолиқ Ғиждувоний (тахминан 1125-1199) худди туркий қабилаларнинг руҳий устози Хожа Аҳмад Яссавий (1103-1166) каби машҳур тавассув устози, Шимолий Эронда яшаган ҳамда Марказий Осиёда кўп жаҳонгашталик қилган ва ҳозирги Туркманистоннинг Марв шаҳри яқинидаги Марв воҳасида дафн этилган Юсуф ибн Аюб ал-Ҳамадонийнинг (1048-1140) издоши бўлган.

Баҳоуддин Нақшбанд қадамжо мажмуаси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Хожагон биродарлигининг таркидунёчиликка мойиллиги Яссавия тариқатида ҳаддан зиёд ривожланиб кетган. Бироқ Ғиждувонийнинг таълимотида бу тенденция кўҳна Бухоро воҳасидаги зироатчилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланувчи аҳолининг менталитетига кўпроқ мос келадиган йўналишга буриб юборилди. Баҳоуддин Нақшбанд Хожагон тариқатининг бешинчи пири бўлиб қолганидан кейин суфийларнинг фалсафий маслакларини ва диний амалиётларини замондошларининг турмуш тарзига янада яқинлаштирди. Бизнинг кунларда Ўзбекистонда ва унга қўшни бўлган Марказий Осиё мамлакатларида Нақшбанднинг “Дил ба ёру, даст ба кор”, яъни “Дилинг Аллоҳга, қўлинг ишга боғланган бўлсин” деган шиорини эшитмаган одам деярли қолмади. Ушбу шиор моҳиятан Хожагон-Нақшбандия ёки оддийгина қилиб айтганда Нақшбандия дея ном олган суфийлик тариқатининг асосий дунёқарашини ифода этади.

Аллоҳ исми битилган юрак

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд умри бўйи деҳқончилик билан кун кечирган, ўз қишлоғида унчалик катта бўлмаган ерига буғдой ва мош экар экан. Нақшбанд таълимотининг асосида ихтиёрий равишдаги фақирлик ётади. Шунга биноан, Баҳоуддин Нақшбанд уйида ҳеч қандай мол-дунё ва бойлик сақламаган, қишда қамишлар устида, ёзда эса бўйра устида ётиб кун кечирган. Унинг уйида ҳеч қачон хизматкор ҳам бўлмаган. Ҳазрати Нақшбанд бутун умрини ўз хоҳиши билан фақирлик ва йўқсиллиқда ўтказган, ҳукмдорлардан доимо ўзини йироқ тутган, улар олдида ҳеч қачон таъмагирлик қилиб яшамаган. Бундан ташқари, у каромат кўрсатишларга ҳам эҳтиёткор муносабатда бўлган. Бироқ у соликнинг пир билан нафақат тасаввуф амалиётларида, балки кундалик ишларда ҳам муносабатларда робита ҳолатига алоҳида эътибор бериб келган.

Баҳоуддин Нақшбанд қадамжо мажмуасидаги зиёратчилар. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Баҳоуддин Нақшбанд ўтмишдоши Абдулхолиқ Ғиждувоний сингари Яссавия тариқатида амал қилиб келган жўр овозда бажариладиган жаҳрий зикрни зикри ҳофийга алмаштирди. Яъни Аллоҳнинг исмларини маҳфий тарзда ёд олувчи солик ўзини ўзи жисман ва руҳан назорат қилиб боради.

Хожагон тариқати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдан саккизта зикрий ва ахлоқий усулларни мерос сифатида қабул қилиб олган.

“Ҳуш дар дам” —ҳар нафасда ҳуш назорат остида. Яъни, икки нафас орасида ҳар бир солик (дарвеш) фақат ёлғиз Аллоҳ таолони эсламоғи ва бир он ғафлатда бўлмаслиги уқтирилади.

“Назар бар кадам” — назарни ҳаром ва беҳуда нарсалардан асраш учун оёқ бармоқларининг учига қараб қадам босиш. Бу луғавий маъносидир. Тасаввуфдаги маъноси эса шундай: талаба бегоналарни юзига ҳеч қарамайди.

“Сафар дар ватан” — Аллоҳга яқинлашиш мақсадида ўзининг ички дунёсини тадқиқ этиш. Яъни, мурид мосивони (дунёни) тарк этиб, жаноби ҳаққа таважжуҳ этмоғи лозим.

“Ҳилват дар анжуман” (Жамият ичида ёлғизлик) – бу зоҳирда халқ билан, ботинда эса Ҳақ билан бўлишни ифодалайди

“Ёд кард” — (Қалб билан зикр). Бу нафасни (ҳифзи нафас) тутиб, зикр этиш демакдир.

“Боз гашт” —(Зикр пайтида маҳлуқот ҳақида ўйламаслик). Зокир нафасини тутиб, тоқ сон билан зикр этиб, нафас чиқарар экан “Аллоҳума анта мақсудий ва ризока матлуби” (Аллоҳим, мақсадим сенсан ва сенинг ризоингни истайман) каломини мушоҳада этмоқдир.

“Нигоҳдошт” —(зикр пайтида дунёни тарк этиш). Қалбни хавотирдан, исталмаган хаёллардан муҳофаза этмоқ.

“Ёд дошт” — (Унутмаслик). Ҳақ субҳанаҳу таолодан доим огоҳ бўлмоқ. Зикр пайтида ва бошқа пайтларда Аллоҳни ҳеч унутмаслик.

Ушбу усулларга Баҳоуддин Нақшбанд ўзининг учта услубини қўшиб қўйди:

“Вуқуфи ададий” — (Ададга воқиф бўлмоқ). Зикрда ададга, сонга риоят этмоқ.

“Вуқуфи замоний” — (Ҳар он ҳолидан воқиф бўлмоқ. Нафсни доим ҳисобга тортмоқ).

“Вуқуфи қалби” — (Қалбга воқиф ва соҳиб бўлмоқ). Аввал қалбга таважжуҳ этиб, басират кўзи билан ҳақиқатий қалбга назар этмоқ.

Умуман олганда, ўртасига Аллоҳ ёзуви битилган юрак Нақшбандия тариқатининг рамзи бўлиб қолган.

Сиёсий ҳокимият ва диний миссия

Баҳоуддин Нақшбанд ўзининг ҳаёт йўлини 1389 йилда поёнига етказди. У вафот этиши биланоқ унинг Қасри Орифон қишлоғидаги қабри Нақшбандия тариқатининг издошлари ҳамда Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқларда яшайдиган оддий мусулмонлар учун оммавий зиёратгоҳига айланди. Одамлар авлиёнинг руҳига мурожаат қилиб, кундалик турмушга оид муаммоларни ҳал қилиш ёки одатий ишларда кўмак берилишида воситачи бўлишини сўрайдиган бўлдилар. Суфийлар устозларининг мозорларига бу каби муносабат Марказий Осиёдаги мусулмонлар жамоаси орасида шу бугунги кунларгача ўзгармай қолмоқда.

Бироқ Бухоронинг тақводор аҳолиси учун ҳаётлик чоғида ҳам ўзининг меҳрибон ва кўнгилчан характери билан танилган Баҳоуддин Нақшбанд тез орада нафақат Аллоҳ билан одамлар ўртасидаги воситачи, балки бутун кўҳна шаҳар ва уни қуршаб турган воҳанинг руҳий ҳомийсига айланди.

Айнан бухороликлар ул Ҳазратга баланд эътиқод қўйиб уни “Баҳоуддин – Балогардон” дея баҳад эъзозлай бошлади. Гарчи авлиё тарихий шахс бўлса ҳам, вақт ўтиб унга эҳтиром кўрсатиш Бухорода Исломгача бўлган даврда кенг тарқалган зироатчилик илоҳаларига сиғиниш эътиқодларига ўхшаб кета бошлади. Мисол учун, авлиёнинг мозорига бориб зиёрат қилишни Бухоро воҳасида сайли гули сурх – қадимги ҳосилдорлик ва қайта тирилувчи табиат билан боғлиқ қизил гуллар байрами нишонланадиган март ойида амалга оширадиган бўлишди.

Қадамжо мажмуаси безакланишининг тафсилотлари. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан юз йил ўтиб атоқли янги пир Носириддин Убайдуллоҳ Хожа Аҳрор Шошийнинг (1404-1489) ҳаракатлари ортидан Нақшбандия тариқати Марказий Осиёда мисли кўрилмаган нуфуз ва руҳий таъсирга эга бўлди. Хожа Аҳрор суфийлик биродарлигини мамлакат аҳолисининг кундалик эҳтиёжларига янада яқинлаштирди. Йирик мулкдор ва заминдор бўлганидан кейин хайрия ишлари билан машғул бўлган шайх Темурийлар сулоласидан бўлган ҳукмдорларнинг сиёсатига фаол равишда аралашиб юрар эди.

Хожа Аҳрорнинг “Дунёга келиб ўзининг диний миссиясини бажариш учун сиёсий ҳокимиятдан фойдаланиш зарур” деган шиори кўп жиҳатдан Нақшбандия тариқатининг кейинги стратегиясини белгилаб берди. Пировардида, тариқат ўз таъсирини бутун мусулмон дунёси бўйлаб – Волгабўйи ва Жанубий Сибирдан бошлаб Шимолий Африка ва Жануби-Шарқий Осиёгача ёйинлади. Туркий тилда назмий асарлар битувчи буюк шоир Алишер Навоий (1441-1501) ҳам, форс шоири, файласуф ва мусиқа назариётчиси Абдураҳмон Жомий (1414-1492) ҳам, шунингдек, XIX асрда Россия империясига қарши қурол кўтариб чиққан кавказлик исёнчиларнинг ҳайбатли йўлбошчиси имом Шомил (1797-1871) ҳам Нақшбандия тариқатининг издошлари эдилар. Тариқат турли замонларда Шимолий Кавказ, Ҳиндистон ва Кашмир ва айниқса Усмонли турк империяси каби минтақаларнинг диний, маданий ва сиёсий ҳаётида жуда муҳим роль ўйнаб келган: уларнинг кўплаб ҳукмдорлари мазкур суфийлик тариқатининг аъзолари бўлишган. Туркияда дунёвий давлат қуришга ҳаракат қилишни бошлаган Мустафо Камол Отатурк даврида, 1925 йилда Нақшбандия тариқати тақиқлаб қўйилган.

Баҳоуддин Нақшбанд қадамжо мажмуасида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бутун мусулмон дунёсида глобал муваффақиятларга қарамай, Нақшбандия тариқатининг Марказий Осиёдаги тақдири осон кечмади. Темурийлар сулоласининг ўрнини Шайбонийхон сулоласидан бўлган кўчманчи ўзбеклар ҳукмдорлари эгалладилар. XVI асрга келиб улар Тошкент, Самарқанд ва Бухорони забт этдилар, Хўжа Аҳрор ворисларининг деярли барча мулкини мусодара қилдилар ва ҳатто нақшбандия тариқатининг пири Муҳаммад Яҳёни Темурийларга мойиллиги учун қатл этдилар.

Бироқ муайан шахсларга нисбатан ўтказилган қатағонлар ўтказилганига қарамай, улар мусулмонлар орасида шаклланган авлиёларни эъзозлаш амалиётини сиқувга олмадилар. Боз устига, Шайбонийлар Тошкентда ва Самарқандда маҳаллий авлиёларнинг мақбараларини реставрация қилишга анча маблағ сарфладилар. Бухорода эса бу сулола хонлари Қасри Орифонни ўзларининг оилавий дахмасига айлантириб қўйдилар. 1554 йилда Абдулазизхон фармони билан Баҳоуддин Нақшбанднинг қабри кўчманчи қабилалардаги каби сағанага айлантирилди, унинг ёнида суфийлар жамоаси ва зиёратчилар учун каттагина хонақо қурдилар. Кейинги асрларда Қасри Орифонда улкан некрополь – Дахмаи Шоҳон (Шоҳлар қабристони) пайдо бўлди ва бу ерда Шайбонийлар, Аштирхонийлар ва Манғитлар сулолаларидан кўплаб Бухоро хонлари дафн этилган. Турган гап, бунақанги дахманинг мавжудлиги Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасининг мақомини ҳеч қанақасига пасайтира олмаган, балки аксинча, миллионлаб зиёратчилар назарида қадрини кўтарган ҳам.

Нақшбанд-инсонпарвар

СССР даврида давлат томонидан динга қарши олиб борилаётган сиёсат туфайли Қасри Орифон ёдгорлик мажмуаси сал бўлмаса ҳаробага айланиб қолишига оз қолди, аммо ўшанда ҳам бу ерга оммавий зиёратлар тўхтагани йўқ. Ўзбекистон давлат суверенитетини қўлга киритганидан сўнг 1993 йилда Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги муносабати билан муқаддас қадамжо қайта реставрация қилиниб, ободонлаштирилди. Ўша йилнинг ўзида Қасри Орифон қишлоғининг номи Баҳоуддинга ўзгартирилди.

2003 йилда шу жумладан, Дахмаи Шоҳон билан бирга бутун ёдгорлик мажмуасини қамраб олган кенг кўламли янги реставрация ишлари президент Ислом Каримов ташаббуси билан амалга оширилди. Гумбазли дарвозахона қурилди, декоратив айвонлар аслидек қилиб тикланди, шунингдек, бепоён гулзорли боғ ободонлаштирилди. 2012-2013 йилларда Баҳоуддин Нақшбанднинг онаси Биби Саида ёдгорлик мажмуасида реставрация ишлари ўтказилди. 2016 йилда Ўзбекистон расмийлари ушбу мажмуанинг узвий қисми бўлган минорани бутунлай бузиб ташлашга қарор қилдилар. Реставрация ишлари бўйича мутахассислар миноранинг ҳолати критик ҳолатга келиб қолган ва уни таъмирлагандан кўра, унинг аслига ўхшатилган янги нусхасини қуриш ва бир йўла унинг баландлигини 30 метрга кўтариш осонроқ кечади, деган хулосага келдилар.

Айтиш жоизки, ушбу ҳаракатларнинг ҳаммаси қадамжоларнинг меъморий иншоотларини вақти-вақти билан янгилаш ва ҳатто бошдан-оёқ қайта қуриш бўйича халқ анъаналарига зид келмайди. Реставрация ишлари зиёратчилар ва чет эллик саёҳатчиларнинг миқдорига деярли таъсир кўрсатмади. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда бошқа маърифий жамоа ташкилотлари Баҳоуддин Нақшбанднинг маънавий меросини ўрганишни фаол равишда тарғиб қилиб келмоқда, негаки унинг таълимотида мустаҳкам ўрин олган инсонпарварлик ғоялар, хусусан, бағрикенглик ва чидамлилик бугунги зиддиятлар ва қарама-қаршиликларга тўла Ислом оламида жуда ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фергана»

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ