Тошкентликларнинг ўзига қолган пойтахт

Карантинга ёпилган Ўзбекистон пойтахтида нималар содир бўлаётгани ҳақида

Koronavirus info давлат телеграм-каналида кеча “Тошкент бутунлан ёпиб қўйилади”, — дея эълон қилинди. Қўшимчасига Тошкент 24 март соат 00.01 дан бошлаб барча турдаги транспорт воситалари (автобуслар, автомобиллар, авиация алоқаси ва темирйўл) учун ёпилиши тўғрисида аниқлик киритилди. Пойтахтга кириш ва чиқишга таъқиқ юк ташилишига таъсир қилмайди. Шунингдек, Тошкентда доимий рўйхатдан ўтган одамлар учун қайтиб киришларига тўсқинлик қилинмайди.

Блокпостлар орқали пропуск тизими қандай ишлаётгани ҳамда бугунги кунда ёпиқ шаҳарнинг ичида нималар содир бўлаётгани тўғрисида “Фарғона” махсус репортаж тайёрлади.

Тошкентдан тўсиб қўйилган чиқиш йўли. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг бошлиғи Шоҳруҳ Ғиясовга кўра, “Тошкент ҳудудидани кесиб ўтишга тақиқлар фақат транспортларга – автобуслар, автомобиллар, авиация ва темирйўл транспортига тегишли. Тошкент шаҳрига ва Тошкент вилоятига ишлагани келаётганлар ёки пойтахтдан Тошкент вилоятига кетаётган бўлса, шаҳар чегарасига етиб олиб, постдан пиёда ўтишлари мумкин, аммо автомобиллар ўтказилмайди”.

24 март куни эрта тонгда “Фарғона” мухбирлари Тошкент-Самарқанд-Бухоро трассасида жойлашган блокпостга етиб келдилар. У ерда пойтахтга кираётган ва шаҳардан чиқаётган юзлаб автомобиллар тўпланиб қолган экан. Шу билан бирга, блокпост орқали саноқли одамларнинг пиёда ўтаётганларини кўрдик. Пойтахтдан Тошкент вилоятига мунтазам қатнайдиган такси ҳайдовчисига кўра, автотранспортларни икки томонга ҳам ўтказишмоқда. Бироқ, Тошкентга кириш учун пойтахт пропискасининг белгиси қўйилган паспорт нафақат ҳайдовчида, балки машинада кетаётган йўловчиларнинг ҳаммасида бўлиши керак. Қайд этиш жоиз, Тошкентга киришга қараганда чиқиш осонроқ ва тезроқ кечадиган жараён. Пойтахтга кирмоқчи бўлаётганлар блокпостнинг ташқарисида камида 40 дақиқа кутишлари керак бўлади.

Тошкент - Самарқанд – Бухоро трасссидаги блокпостда транспортни дезинфекция қилиш жараёни. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Тошкентга кираётган автотранспортларнинг ҳаммаси дезинфекция қилиняпти, бу иш махсус оқ комбинезонларни кийиб, респираторларни тақиб олган бир нечта аёллар томонидан бажарилмоқда. Негадир улар ҳеч кимни машинадан чиқиб туришларини сўрамаяптилар ҳам. Улар бор-йўғи бўёқпультлар ёрдамида дезинфекция қилувчи қоришмани автомобилларнинг ён панеллари ва ғилдиракларига сепишмоқда, холос.

Бу ердан шаҳар марказига қараб йўл олдик. Маълумки, 24 март соат 00.01 дан бошлаб Тошкентда барча озиқ-овқат бўлмаган маҳсулотлар сотишга ихтисослашган бозорлар ва савдо мажмуаларининг фаолияти тўхтатиб қўйилган. Шу билан бирга, деҳқон бозорлари, супермаркетлар, озиқ-овқат маҳсулотлари дўконлари ўз ишини давом эттирмоқда. Чиндан ҳам одатда кийим-кечак ва маиший техника буюмларини сотадиган “Абу Саҳий” ва “Отчопар” бозорларининг дарвозалари тақа-тақ ёпиб қўйилган. Ҳолбуки, хўжалик моллари ва мебель сотувчи дўконлар ҳамон илгаригидек ишлаб келмоқда.

Шаҳар марказига кета туриб, йўлда дорихоналар ёнида тўхтаб, уларда тиббиёт ниқоблари сотувда бор-йўқлигини суриштириб кўрмоқчи бўлдик. Кўп ҳолатларда дорихона эшикларида бунақанги маҳсулотлар сотувда қолмагани тўғрисида хабар берувчи ёзувлар илиб қўйилган. Ҳолбуки, 23 мартдан бошлаб жамоат жойларида ниқоб тақиш мажбурий қилиб қўйилган, 25 мартдан бошлаб эса, ниқоб тақмаган фуқароларни жаримага тортишга бошлайдилар. Биринчи мартасига қоидабузардан энг кам иш ҳақининг бир баробарида, яъни 223 минг сўм ($23,4 атрофида) ундирилса, қайта қоидабузарлик қилган шахс уч баробар кўпроқ миқдорда пулни давлатга ўтказишига тўғри келади. Демак, чоршанба кунгача ақалли биттагина медицина ниқобини топа олмаган одам уйидан чиқмай ўтиргани яхшироқ бўлади.

Одамлардан бўшаб қолган Тошкентнинг Жанубий вокзали. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

“Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси 24 мартдан бошлаб номаълум муддатга барча ички рейсларни тўхтатиб қўйди. Жанубий вокзал ёнидан ўта туриб вокзал олдидаги майдоннинг деярли бўшаб қолганига кўзимиз тушди: ниқоб тақиб олган уч киши Республика махсус комиссиясининг қароридан ғафлатда қолганга ўхшайди шекилли, гангиган ҳолатда атрофга аланглаб турардилар.

Православларнинг Успенский кафедрал собори ёнига етиб келдик. Бу черков ҳам Тошкентдаги барча диний муассасалар каби карантинга ёпиб қўйилган. Аммо унинг ёнида жойлашган (илгари Госпитальний деб аталган) Миробод озиқ-овқат бозори бор кучи билан ишлаб ётибди.

Одатий иш куни бўлса ҳам, бу ерда одамлар жуда кўп, бозорга кирганларнинг ҳаммалари ниқоб тақиб олган. Бозор дарвозаси олдида турган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходими, ниқоб тақмаганларни ичкарига киритмаяпти.

Успенский кафедрал собори олдида. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовга кўра, таркибида спирт мавжуд бўлган қоришмалар, шу жумладан, алкоголь “коронавирусни ўлдирар” экан. Шунинг учун бўлса керак, Миробод бозорида алкоголь маҳсулотлари сотишга ихтисослашган янги дўконлар пайдо бўлди ва уларнинг бозори анча чаққон бўлиб кетганига ажабланмадик.

Шаҳар марказида, Амир Темур ҳиёбонида ва маҳаллий Бродвейда (Сайлгоҳ кўчаси) одамлар сийрак ва ҳатто кимсасиз деса ҳам бўлади. Барча велосипед ижараси пунктлари ва илгари хот-дог ва шаурма сотиладиган киоскалар карантин боис ёпиб қўйилган. Фақат ободончилик хизматининг кам сонли ходималари ерости ўтиш йўлакларининг панелларини ювишяпти, комбинезон кийган дезинфектор аёллар эса у ёқдан буёққа қараб ялло қилиб юришибди. Онда-сонда пайдо бўлаётган йўловчилар эса гўё тутуриқсиз тасодифга ўхшаб кўринмоқда.

Барча қаҳвахоналар ва ресторанлар ёпиб қўйилган, фақат уйга олиб кетувчилар учун овқат (палов, сомса ва пирожки) сотишмоқда.

Жамоат транспортининг қатнови 22 март кунидан бошлаб тўхтатиб қўйилганига қарамай, хусусий киракашлар нархларни ошириб юборганлари йўқ. Аммо тезлаштирилган тартибда лицензия олишга худди мажбурий дезинфекциядан ўтишга каби ҳеч ким шошилаётгани йўқ.

“Албатта, мен ҳозир лицензияни олиб қўйишим мумкин. Аммо бу ишга кунига аттиги бир неча соатдан бағишлашга негадир истак-хоҳишим йўқ. Нима кераги бор? Шундоқ ҳам илгари қандай киракашлик қилиб юрган бўлсам, бундан кейин ҳам шундай қиламан, ҳеч қанақа қоғознинг кераги йўқ менга, — дейди хусусий таксичи Абдусалом. – Дезинфекция масаласида ҳам шу: Тошкентда ундан ўтиш учун автобус паркларидан бирига боришим ва бунинг учун ўзимнинг бензинимни сарфлашим керак. У ерда эса балки яна навбат кутиб туришга тўғри келиши мумкин. Керакми менга шу нарса?”

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, 24 март соат 16.00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси аниқланган фуқаролар сони 50 кишига етган.

Андрей Кудряшов фотосуратлари, “Фарғона”

Сид Янышев

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ