Украинада Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган икки ўзбек аскарининг жасади топилди

Улуғ Ватан уруши аскарлари жасадларини кўтарган украиналик қидирувчилар. Fonar.tv сайти фотосурати

Украинадаги «Заход-Сход» кўнгиллилар қидирув отряди Ровно вилояти ўрмонларида Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳалок бўлган икки ўзбек аскарининг жасад қолдиқлари топган, деб хабар беради «Озодлик» радиоси.

Шу йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Украинанинг Ровно вилоятидаги Пустоиванне қишлоғи ўрмонларида ер ковлаётган ишчилар инсон жасади қолдиқларига дуч келган. Уни қазиб олишга қидирувчилар қўшилган.

«Ковлаб олинган пайтда бу жасадлар Осиё ўлкаларидан экани кўриниб турган эди. Чунки бошидаги каска остида қора сочлар сақланиб қолган. Медальонларини ёриб кўрсак¸ икковлон Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидан экани маълум бўлди. Улар Мамадалиев Тўйчибой, 1915 йилда Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани, Сталин колхозида туғилган, яна бир жасад 1919 йилда Андижоннинг Пахтаобод тумани, Уйғур қишлоғида туғилган, ҳарбий хизматга Избоскан туманидан 1940 йилда чақирилган оддий аскар Холиқов Қувонбойникидир, — дейди Максим Хвор.

Хворнинг сўзларига кўра, аскарлар 1941 йилнинг июнь ойида миномёт ўқларидан ҳалок бўлганлар. «Уларни ёнидан белкурак ва темир сув идишдан бошқа нарса топилмади», — дейди у.

Украинанинг Ровно шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик Дониёр Эгамбердиев урушда ўзбек аскарлари жасадларини ватанига юборишга кўмак сўраб Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасига мурожаат қилгани ва улардан жавоб кутаётганини айтади. Агар бу иш амалга ошмаса, у ҳолда аскарларнинг жасад қолдиқлари маҳаллий мусулмон қабристонига дафн қилинади. Бу масалада маҳаллий масжид имоми ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистондан фронтга 1 433 230 одам (Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов 1,5 млн инсон сафарбар қилинганини айтган) кетган. Улардан 395 725 киши ҳалок бўлган, 263 055 инсон бедарак йўқолган. Урушдан жами 658 780 ўзбекистонлик уйига қайтган, бу хизматга чақирилганларнинг 46 фоизи демакдир. Урушда 640 минг одам жароҳатланган, 75 нафар ўзбек ўғлони Совет Иттифоқи Қаҳрамони унивонига сазовор бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида

  • Шарқ музейининг Ўрта Осиё зали бўйлаб видеосаёҳат

  • Блогер Умид Ғофуров мулозимлар қандай қилиб бир пайтлар кўм-кўк бўлган шаҳарни чўлга айлантираётганларини кўрсатади

  • Орадан 35 йил ўтган бўлсада, бино аввалгидек архитектура иштиёқмандларини ўзига жалб қилиб келмоқда