Тошкентда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида шоир ва ёзувчиларга ёдгорлик ҳайкаллари қўйилган Адиблар хиёбони очилди. 20 май куни республика президенти Шавкат Мирзиёев бажарилган ишларни қабул қилиб олди. Ҳиёбон президент ташаббуси билар барпо этилган.
Президент бу ерга ташриф буюриб, атрофида 20 дан зиёд атоқли шоир ва адибларнинг ҳайкаллари жойлаштирилган Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйди. Мумтозлардан Бобур, шоир Муҳаммад Ризо Огаҳий (1809-1874), шоир ва публицист Фурқат Зокиржон (1858—1909), шоир Муҳаммад Аминхўжа Муқимий (1850 —1903), қорақалпоқ шоири Бердақ (Бердимурат Карғабой ўғли, 1827—1900) ҳамда Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875—1919), ёзувчи, маърифатчи ва педагог Абдулла Авлоний (1878—1934), янги йўналишдаги ўзбек шеъриятининг асосчиларидан бири бўлмиш Абдулҳамид Чўлпон (1897—1938) сингари атоқли намояндаларнинг хотиралари абадийлаштирилган.
Совет ёзувчиларидан ҳайкаллар Абдулла Қодирий (1894—1938), Абдулла Қаҳҳор (1907—1968), Тўлепберген Қаипбергенов (1929—2010), Саида Зуннунова (1926—1977), Саид Аҳмад Ҳусанхўжаев (1920-2007), Эркин Воҳидов (1936—2016), Иброҳим Юсупов (1929 —2008), ҳамда совет шоири ва сценарист, Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Александр Файнбергларга (1939— 2009) қўйилган. Ҳиёбон ёнида кутубхона ҳам барпо этилган.
Мирзиёевга кўра, Адиблар хиёбонини адабиёт, маърифат ва маданият масканига айлантирилиши, бу ерда очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказилиши лозим. У ўзбек ёзувчиларининг асарларини хорижда оммалаштириш иши билан таржимонларнинг ўз ташаббуси ва қизиқиши билан эмас, балки бу борада Ёзувчилар уюшмаси ташаббускор бўлиши, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан биргаликда ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини турли тилларга таржима қилиб, нашр этилиши зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Президент миллий адабиёт хазинасини интернетда тарғиб этишни яхши йўлга қўйиш мақсадида “Адиблар хиёбони” деб номланган интернет порталини ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Сайтда мумтоз ва замонавий асарларнинг электрон нусхалари, ёзувчи ва адабиётшуносларнинг маҳорат сабоқлари жамланиши керак бўлади. Режага кўра, портал ўзбек, инглиз ва рус тилларида фаолият кўрсатса, ундан хорижлик мухлис ва мутахассисларнинг ҳам фойдаланишига имконият яратилади.
Мирзиёев 2017 йил 3 февраль куни мазкур боққа ташриф буюрган чоғида Адиблар ҳиёбонини яратиш режаси белгиланган эди. Ўшанда бу боғда аттиги бир неча ёзувчиларнинг ёдгорлик ҳайкаллар бор эди ва Мирзиёев Ўзбекистон диёрида Алишер Навоийдан кейин ҳам бошқа истеъдодли шоир ва ёзувчилар етишиб чиққанини кўрсатиш учун ҳайкаллар сонини кўпайтиришни таклиф этганди. Ўша йили 18 апрелда давлат раҳбарининг тегишли қарори қабул қилиниб, хиёбоннинг меъморий-ғоявий лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинган эди.
Ўтган вақт мобайнида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 8 гектардан зиёд майдонда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилди.