Туркия Ўзбекистонга 50 та сунъий нафас олдириш аппаратини совға қилди

Dunyo.info сайти фотосурати

Туркия ҳукумати COVID-19 коронавирусига қарши курашишда фойдаланиш учун Туркияда ишлаб чиқарилган 50 та сунъий нафас олдириш аппаратларини Ўзбекистонга йўналтирди, дея хабар беради “Дунё”.

Инсонпарварлик ёрдами «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг Истанбулдан парвоз қилган махсус чартер рейси орқали Тошкентга етказилади. Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Халқаро алоқалар бош бошқармаси раҳбари профессор Салим Қиличнинг қайд этишича, Туркиянинг ўзида ҳам ушбу қурилмаларга бўлган талабнинг тўлиқ қондирилмаганига қарамасдан, мамлакат биродар Ўзбекистонга зарур тиббий ускуналарни тақдим қилди.

“Ушбу сунъий нафас олдириш аппарати Туркиянинг “Arçelik”, “ASELSAN”, “Baykar Makine” ва “Biosys” каби йирик компаниялари муҳандислари томонидан яратилган, – дейди у. – Янги тиббий ускунанинг биринчи 100 таси Истанбулнинг Башакшеҳир туманидаги шаҳар шифохонасига топширилган. Уни оммавий тарзда ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш ишлари “Arçelik” фабрикасида ташкил этилди. Корхонада кунига 250 та ана шундай мосламани тайёрлаш ўзлаштирилди”.

Мутахассислар фикрига кўра, Туркиянинг сунъий нафас олдириш аппарати бошқа кўплаб муқобилларига қараганда рақобатбардош ва юқори сифатга эга.

Қайд этамиз, Туркия март ойида ўзини сунъий нафас олдириш аппаратлари билан таъминлаш вазифасини қўйган ҳамда яқин кунларгача бу аппаратларни ҳамда бошқа қатор медицина маҳсулотларини экспорт қилишни тақиқлаб қўйган эди. Айни пайтда Туркиянинг коронавирусга қарши кураш олиб бориш салоҳияти кучайгани боис аппаратларнинг экспортига рухсат берилган бўлиши мумкин, дея қайд этади вазирлик.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтиришнинг 2967 ҳолатлари қайд этилган, дея хабар беради мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Кеча янги қайд этилган 28 ҳолатдан 7 нафари ҳалқаро юк ташишга ихтисослашган автомашина ҳайдовчилари бўлса, 1 нафари хориждан келиб, карантинга олинган фуқаролар орасидан тасдиқланди. Вафот этган беморлар сони ўзгармаган бўлиб, 13 кишини ташкил этади. Туркияда 153 548 киши COVID-19 инфекциясини юқтириб олган ва 4249 нафар бемор вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди