Туркия Россия билан биргаликда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаради. Бу ҳақда Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа Россия соғликни сақлаш вазири Михаил Мурашко билан ўтказган музокарадан сўнг Twitterдаги саҳифасида хабар берган.
Хўжанинг сўзларига кўра, россияликлар Туркияда мазкур касалликка қарши олиб борилаётган тиббий амалиётларнинг самарадорлигини тан олганлар ва вазирлар ҳамкорликда вакцина ишлаб чиқишга келишиб олганлар.
Хўжа россиялик ҳамкасби билан олиб борилган суҳбат скриншотини келтирган, ундан музокаралар 25 май куни Skype орқали олиб борилганини билиш мумкин.
Anadolu агентлигининг маълумотларига кўра, Туркияда 130 мингга яқин одам коронавирусдан тузалиб кетган, 4585 та (кейинги 24 соат ичида +22 нафар қўшилган) одам оламдан ўтган. 32 мингдан ортиқ тестлар ўтказилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирда дунёда коронавирусга қарши 133 хил вакцина ишлаб чиқарилмоқда, АҚШ, Буюк Британия ва Хитойдаги 10 та лаборатория вакциналарни одамларда текшира бошлаган. 123 та вакцина клиник тадқиқотлар даражасига келтирилган, жумладан Токио университети (Япония), Тулэйн университети (АҚШ), Альберт университети (Канада) ва Питтбург университети (АҚШ) да ишлаб чиқарилган вакциналар клиник тажрибаларга тайёр.
Россия мудофаа вазирлиги хабарига кўра, вазирликка қарашли 48-чи Марказий илмий-тадқиқот институтида яқин кунларда Мудофаа вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиққан коронавирусга қарши вакцина 50 нафар кўнгилли ҳарбийлар иштирокида синовдан ўтказилади.
Авваллари иммунолог олимлар вакцинани шошма-шошарлик билан амалиётда қўлланишига қарши чиққандилар, зеро эмловчи дориларни яратишга ўн йилча вақт талаб этиларди, эндиликда вакциналарни яратишга йил ва ойлар етарли бўлмоқда. Исроилда бундан 10 йил олдин вакцина қўлланиши оқибатида ротавирус эпидемияси (болаларда ич кетиш касаллиги) келиб чиққанди.