“Ўзбекконцерт” директори Одилжон Абдуқаҳҳоров бу лавозимдан бўшатилиб бошқа ишга ўтказилди. Ушбу муассаса директорининг ижодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алишер Джамалдинов вақтинча директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда “Ўзбекконцерт” сайтида хабар берилмоқда.
Абдуқаҳҳаровнинг ишдан бўшатилиши ҳақида 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков раислиги остида ўтган навбатдан ташқари йиғилишда эълон қилинди.
Илгари “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида лицензия бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлаган, 2017 йилдан бошлаб эса “Ўзбекконцерт”га раҳбарлик қилган Абдуқаҳҳоров бу лавозимда артистларга ҳаддан зиёд очиқ либослари, соқол қўйишлари, ва Шавкат Мирзиёев шарафига мақтовли қўшиқлари борасида доим танбеҳлар бериб келгани билан эсда қоладиган бўлди.
Алишер Джамалдинов 45 ёшга кирган. 1999 йилда Тошкент давлат консерваториясининг шарқ мусиқаси факультетини тамомлаган.Меҳнат фаолияти давомида 2013-2018 йилларда Ўзбекистон Маданият вазирлигида бир қанча масъул лавозимларида фаолият юритган, хусусан Концерт-томоша муассасаларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасида меҳнат қилган. А.Джамалдинов 2018 йилдан бошлаб “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида ижодий масалалар бўйича директор ўринбосари лавозимида меҳнат қилиб келмоқда.
“Ўзбекконцерт” ташкилоти зиммасига, шу жумладан, артистларга республика ҳудудида ижодий фаолият юритиш, саҳналарда чиқиш ҳуқуқини берадиган лицензия тақдим этиш вазифаси юклатилган бўлиб, муассасанинг айнан шу соҳадаги фаолияти кўп маротаба ҳам давлат амалдорлари ва ҳам мусиқачилар томонидан танқид остига олинган. Ижтимоий тармоқларда эса бу муассаса шўролар давридан қолган осори-атиқа сифатида аллақачон тарқатиб юборилиши керак, деган таклифлар кўтариб чиқилган.