Қозоғистонлик қўшиқчи 2016 йилги «қора юморли» ролиги учун жаримага тортилди

Қўшиқчи Кентал . Facebook.com/retrofm.kz саҳифасидан олинган фотосурат

Кентал таҳаллуси остида танилган қозоғистонлик қўшиқчи Талғат Кенжабулатов суд томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимининг формасини қонунга зид равишда кийгани учун айбдор деб топилиб бешта ҳисоб кўрсаткичи миқдорида (13 890 тенге) жаримага ҳукм қилинди, дея хабар беради Tengrinews.kz.

Бир неча бор кейинга сурилган суд мажлиси ваниҳоят 22 июль куни онлайн тартибида бўлиб ўтди. Кентални Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 675- моддаси (Қонунга зид равишда ҳарбий форма кийиб юриш) бўйича ҳукм қилинди.

Мусиқачи юқори инстанцияга апелляция шикояти билан мурожаат қилмоқчи. Артист изоҳ беришича, видеоролик 2016 йилда тасвирга туширилган. Унда Кентал полициячи формасини кийиб олган ҳолда: «Ҳаммага салом дўстлар! Мен барча руҳий тушкунлик кайфиятидаги одамларга, оғир дамларни кечираётганларга, қалбида оғриқ бор кишиларга, иш жойида муаммога дуч келганларга, оиласида муаммолари борларга мурожаат қилмоқдаман. Кимнидир кредит тўловлари эзиб қўйгандир. Ҳечам қайғурманг. Биз барибир ҳаммамиз ўламиз», дейди.

Олма-Ота полициясидагилар ижтимоий тармоқнинг айрим фойдаланувчилари уни полициячи сифатида қабул қилиб, ўз ғазабларини ифода қилганлар. Бу ҳазилларни полициячилар айниқса «коронавирус инфекцияси тарқалаётгани шароитида юзага келган вазиятда» жуда ноўрин деб баҳоладилар.

«Менинг вайним 4 йил олдин тасвирга олинган. Ўшанда мен 4 йил ўтиб COVID-19 инфекцияси билан боғлиқ бало келишини тасаввур ҳам қила олмаганман. Қани у ерда коронавирус? Мен бу сўзни 2016 йилда эшитмаганман ҳам» — дея кейинчалик қайд этди у. Ўша пайтда қўшиқчи комедияли сериалда участка нозири ролини ижро этаётган бўлган ва формадан кинематографик реквизит сифатида фойдаланган эди.

«Бу қора юморли оддий вайн. Видео интернет маконида 4 йилдан бери сайр қилиб юрибди, оммабоп пабликлар уни бир неча мартадан дубль қилишга улгуришган», — дея тушунтиради қўшиқчи.

Кентал полициячилар устидан Бош прокуратура ва Коррупцияга қарши кураш агентлигига шикоят аризаси билан мурожаат қилди. Ўтган ҳафтада у ўзининг Instagram саҳифаси учун видеомурожаатини ёзиб олди ҳамда полиция уни қўлга олиш пайтида йўл қўйган кўплаб қонунбузарликлар ҳамда унга нисбатан ўтказилган босимлар ҳақида сўзлаб берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Россияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида

  • Нима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида

  • Қозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида