Москвада ўзбек ёзувчиси Шамшод Абдуллаевнинг китоби чоп этилди

Planeta.ru сайти фотосурати

Москванинг «Носорог» нашриётида фарғоналик шоир ва ёзувчи Шамшод Абдуллаевнинг «Другой юг» («Ўзга жануб») китоби нашр этилди. Унга муаллифнинг 1980-йиллар яратган ҳикоялари киритилган.

«Ушбу китобда Ўрта Осиё тарихи ва маданияти ғарб адабиёти модернизми (италияликлар герметикаси, Беккет, французлар «янги роман»и) ва Оврупа кинематографи (Росселлини, Пазолини, Шанталь Акерман) билан уйғунлашиб кетган, — дейилади тўплам сўзбошида. — Абдуллаевнинг ҳикоялари бу — хотира, дўстлик тадқиқотларининг сокин ва батафсил медитацияси ёки онг эмас, ҳиссиёт ва тасаввурларга эврилган санъатдир. Уларда ўқувчини маст этадиган, сеҳрлайдиган жануб шаҳрининг тевараклари, жазирама кенгликларидан иборат ҳилқатлар мавжуд ва нодир сайқалланган деталлар, ишоралар гўёки макон ва замон сарҳадларидан ўзга кўринишда намоён бўлади».

Шамшод Абдуллаев китобини нашр этиш масаласи «Носорог» нашриёти томонидан берилган эълонга мувофиқ ҳал бўлди: зарур бўлган 246 минг ўрнига 255 минг рубль хайрия пули йиғилди. Китобнинг тиражи — 1000 дона.

Абдуллаев 1957 йили 1 ноябрда Фарғона шаҳрида таваллуд топган. У шоир, прозачи ва эссеистдир. Абдуллаев 1991-1995 йиллари «Звезда Востока» («Шарқ юлдузи») журналининг шеърият бўлимини бошқарган. У 1993 йили Андрей Белов мукофоти лауреати бўлган, 1998 йили «Знамя» журнали мукофоти, 2006 ва 2013 йиллари шеърияти учун Рус мукофотлари билан тақдирланган. Шамшод Абдуллаев 2015 йили Иосиф Бродский жамғармаси стипендияси совриндори бўлган. У рус тилида ижод қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ