Тошкент марказида яҳудийлар маҳалласи бор, у ердаги қадимги уйда эса шаҳарда таниқли бўлган Human House галереяси жойлашган. Ҳозирча бу арт-майдон Ўзбекистон пойтахтини безаги бўлиб турибди, бироқ куни-кеча ушбу тарихий бинони бузиб, ўрнига шиша ва бетондан навбатдаги меҳмонхона барпо этилиши мумкин, деган хабарлар пайдо бўлди.
Галерея, уй бузилиши таҳликаси остида қолган қадриятлар ва уни ҳимоя қилишга уринишлар ҳақида “Фарғона” нашрига Human House галереясининг арт-директори Лола Сайфий сўзлаб берди.
— Бу бино 1953 йилда қуриб битказилган. Уни хом ғиштдан кўтаришган. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида уйда қаҳвахона ташкил этиш учун турклар уни ижарага олиб, миллий услубда жиҳозлашган ва натижада бино Ҳива ёки Бухоро уйига ўхшаб қолган. Кейин иншоот маҳаллий ресторанчилар қўлига ўтган ва муайян вақт давомида унда умумий овқатланиш муассасаларининг бештаси фаолият юритган. Уч йил олдин мен бу бинони ижарага олиб, бу ерда Human House галереясини ташкил этдим. Биз бинонинг эски кўринишини қайта тикладик, цемент сувоқларни йўқотиб, сомон сувоқли деворларни қайтардик. Объектни реклама қилиш бўйича катта ишларни амалга оширдик, туристларни жалб этиш учун уни турли йўлномаларга киритдик. Ва натижада саёҳатчилар ҳам бу ерга кўп келиб турадиган бўлиб қолганлари рост.
Чет эллик меҳмонлар ва саёҳатчиларининг бу ерга кўплаб келишларини Тошкентда бундай қадимги уйларнинг деярли қолмагани билан изоҳлаш мумкин. Галереямизга баланд мартабали меҳмонларни тез-тез олиб келиб турадилар. Мисол учун, Ўзбекистонда ўтган сўнгги парламент сайловлари давомида бу уйни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг вакили ҳам зиёрат қилган. Шунингдек, Қувайт шайхи мамлакатимизга ташриф буюрган пайтида галереямизни келиб кўриб кетган.
— Ушбу маданий майдоннинг қийматини оширадиган қадрияти нимадан иборат?
— Human House ўзининг муҳити билан кишини жалб этади. Биз деярли икки юз нафар ҳунармандлар билан ҳамкорлик қиламиз, уларнинг орасида нафақат ўзбекистонликлар, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан ҳам усталар бор. Бунга қўшимча равишда биз ўзимизнинг маҳсулотларимизни ишлаб чиқарамиз ва миллий либослар коллекциясини яратамиз. Кўплаб маданий тадбирларни: болалар ва катталар учун ҳунармандчилик мастер классларини ўтказамиз, эски ўзбек фильмларини ҳамда бизга замондош бўлган режиссёрларнинг ленталарини намойиш этиб турамиз, турли йўналишдаги мусиқа концертлари, бадиий кўргазмаларини ташкил этамиз. Миллий маросимларини ўтказамиз, масалан, уч йилдан бери ҳар баҳорда ҳовлида анъанавий сумалак пиширамиз. Меҳмонлар учун тез-тез палов пиширамиз ва ўзбек таомларини тайёрлаш бўйича мастер-классларини ўтказамиз.
— Бу бинонинг ҳозирги эгаси ким ва нега у бу уйни сотишга қарор қилди?
— Бу ҳудуднинг эгаси – хусусий шахс бўлади. У ўз мулкини бошқа тадбиркорга сотиш тараддудига тушиб қолган. Сотишнинг сабаби, менга тушунтиришларича, бу уйни бизга ижарага бериб келаётган одам қизини турмушга узатмоқда ва тўй ўтказиш учун унга пул керак бўлиб қолган. Гарчи у бизга бинони ижарага беришдан тузуккина даромад олаётган бўлса ҳам, у уйни ижарага бериш ниятидан воз кечишга қарор қилганга ўхшаяпти. Участкани сотиб олмоқчи бўлаётган ҳаридор қадимги бинони бузиб ташлаб, бўшаган ерда уч қаватли меҳмонхона қуришни режалаштирмоқда. Ҳолбуки, бу мавзеда тўртта меҳмонхона фаолият юритмоқда.
— Сиз Human House галереясини сақлаб қолмоқчимисиз?
— Бизда муаммо ечимининг бир нечта вариантлари бор. Биринчиси: биз бу бинога маданий ёдгорлик мақомини олиб бермоқчимиз. Ҳозирги пайтда уй туристларнинг зиёрат қиладиган майдончаси сифатида тавсия қилинадиган рўйхатга киритилган. Лекин Санкт-Петербургдаги дўстларим “янгидан аниқланган маданий объект” деган тушунча мавжудлигини эслатиб қўйдилар. Менимча, галереямиз айнан бу мақомга тўғри келади ва бизни уйнинг бузилишидан муҳофаза қилиб қолиши мумкин.
Иккинчи вариант: биз очиқ хат билан ўндан зиёд ташкилотлар – Тошкент шаҳар ҳокимлиги, республика Олий мажлиси, Давлат туризм қўмитаси, Маданият вазирлиги ва бошқа идоралар раҳбарларига мурожаат қилиб, бизнинг бинони давлат томонидан қўриқланадиган маданият мероси рўйхатига киритиб қўйишларини ҳамда участкани сотиб олиш учун 150 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олишга ёрдам беришларини сўрадик (уй эгаси шунча пул сўраган. – “Фарғона” изоҳи). Бинони ҳовлиси билан сотиб олганимизда ҳамма муаммоларимиз ҳал бўларди.
Ва учинчи вариант: краудфандинг (краудфандинг — махсус интернет майдончалари ёрдамида муайян лойиҳани амалга ошириш учун пул маблағларини жалб қилиш. Таржимон изоҳи.) йўли билан бинони сотиб олиш учун етарли миқдорда пул маблағларини тўплаш. Мен Facebook ижтимоий тармоғида Human House галереяси бузилиш таҳликаси остида қолгани тўғрисидаги постни жойлаштирганимда, менга ёрдам таклифлари келиб туша бошлади – бизнинг ташриф этувчиларимиз, доимий меҳмонларимиз ўртага пул ташлашга тайёрлар. Одамлар юзага келган вазиятга бунчалик муносабат билдириб турганларини кўриб, қилган меҳнатларимиз зое кетмаганини тушуниб турибман. Мен бу ёрдамни ҳис этяпман ва бу кўз ёшларни оқизадиган даражада ёқимли. Ҳозир бу биз учун жуда ҳам муҳим.
Андрей Кудряшов фотосуратлари / “Фарғона”
Азиз Якубов