Москва мэри Сергей Собянин 13 апрелдан 19 апрелгача бўлган муддат давомида (инфратузилмалар қурилишларидан ташқари) барча қурилиш ишларини тўхтатиб қўйиш тўғрисида фармонини имзолади. Ишчилар мораторий узайтирилмайди, дея умид қилмоқдалар – ишдаги узоқ муддатли танаффуснинг чўнтакка зарари ҳаддан зиёд катталигидан ташқари, ижтимоий жиҳатдан хавфли ҳам.
Бугунги кунда Москвадаги қурилиш майдончаларда ишлаётган ишчиларнинг мутлақ аксариятини тожикистонлик ва ўзбекистонлик мигрантлар ташкил этади. Норасмий маълумотларга кўра, қурилиш соҳасида тахминан миллион киши, расмийсига кўра эса бу рақамдан бироз камроқ одамлар ишламоқда. Бироқ аниқ статистикани топиш – амри маҳол. РБК нашри қайд этганидек, “2015 йилдан бошлаб статистика умумроссия миқёсида мигрантларнинг соҳалар бўйича бандлиги тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланмай қўйган”. Бундан ташқари, ҳамма қурилиш ташкилотлари ҳам мигрантларни қонуний асосда, солиқларини тўлайдиган қилиб ишга қабул қилавермайди. Шунинг учун ҳам бу соҳага тегишли бўлган рақамлар фақат тахминий бўлиши мумкин.
Аввалги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, Россиянинг қурилиш майдонларида (фақат қурилиш соҳасида) турли ҳисоб-китобларга қараганда, мигрантларнинг 34 фоиздан ва (квартирада, уйларда ремонт ишларини бажараётганлар ҳамда хусусий уйлар қурилишларда банд бўлганларни ҳисобга олинса) 67 фоизгача меҳнат мигрантлари иш билан машғул, деган хулосага келиш мумкин.
Россия бош вазирининг ўринбосари Татьяна Голикованинг билдиришича, 2019 йилда чет эллик фуқароларга ажратилган квота қурилиш соҳасида банд бўлган ишчилар умумий сонининг 80 фоизидан ошиб кетмаслик керак эди. Аммо бу чекловлар Москвадаги қурилиш соҳасига тааллуқли эмас эди, ҳолбуки пойтахтдаги қурилишларнинг улуши Россияда амалга оширилаётган жами қурилишларнинг 12 фоизини ташкил этади.
Бу маълумотларни шу бозорда ишлаётган мутахассислар ҳам тасдиқлашмоқда. Москва қурилиш майдончаларининг бирида ишлаётган прораблардан бири Андрей К. (унинг тўлиқ исми ва фамилияси ҳақидаги маълумотлар таҳририятда бор.) “Фарғона” нашрига айтишича, унинг компаниясида ишлайдиган ўзбекистонлик ва тожикистонлик фуқаролар жами ишчиларнинг 90 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, гап фақат оддий қора ишчилар (разнорабочий) ҳақида кетмаяпти, негаки чет эллик ишчиларнинг етарли даражадаги миқдори муайян малакадаги мутахассис бўлиб, мисол учун электр- газпайвандчиси ёки бетончилик касбининг усталаридир.
Бундай вазият, дейди Андрей, мутлақо объектив сабабларга кўра шаклланган. Россиялик ишчилар ўзларининг ўрта осиёлик ҳамкасблари билан “ичувчилик” тартибига риоя қилиш бўйича рақобатга бардош бера олмаяптилар.
“Биз мигрантларга 40-50 минг рублдан маош тўлаймиз, — дейди прораб “Фарғона” билан суҳбат давомида. – Биз чет эллик фуқароларни ишга ёлламас эдик, аммо россиялик фуқаролардан ҳеч ким қурилишга иш истаб келмаяпти. Келаётганлар эса ё ишламайди ёки бўлмаса, бўкиб ичади. Ахир биз ҳамма ишчилар учун солиқ тўлаймиз ва директорнинг айтишича, чет эллик ишчилар бизга россиялик ишчиларга қараганда тахминан 50 фоизга қимматроққа тушади. У доим россиялик ишчиларни топинглар дейди, бироқ афсуски бунақалари йўқ, бунақалар ҳозирча топилмаяпти! Чувашларни ёллашга уриниб кўрдик, аммо улар биринчи ойликни олишлари билан ичкиликка берилиб кетадилар. Яъни, россияликларни топиш мумкин, аммо улар фақат биринчи маошгача ишлайдилар, ундан кейин шўхлик қила бошлайдилар”.
Москва шаҳар мэрининг пойтахтда қурилиш ишларини тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги фармойишига келсак, унда, прорабга кўра танаффус узоққа чўзилмайди. Қурилишларни фақат бир ҳафтага тўхтатиб қўйдилар – 13 апрелдан 19 апрелгача, кўпчилик пойтахт раҳбарияти шу муддат билан чекланиб қолади дея умид қилишмоқда.
“Биз Москвада Россия темир йўлининг (РЖД) бош офиси даҳасида турар жой биноси қурилиши билан машғулмиз, — дейди Андрей К. “Фарғона” нашрига. – Собяниннинг фармойиши чиқиши билан қурилиш ишларини тўхтатиб қўйдик. Биздаги “собянин” қурилиши. Бироқ ўйлашимча, танаффус бир ҳафта, узоғи икки ҳафта чўзилади. Қурилиш ишлари жуда катта даромад келтиради, бундай фойдадан одатда воз кечишмайди”.
Прорабга кўра, у бошқараётган қурилиш майдонида ишлаётган марказий осиёлик мигрантлар бу даврни хотиржам ўтказа оладилар: “Бизнинг фирмамиз алдамайди. Ойлик иш ҳақи ҳар доим ва ҳаммага ўз вақтида тўлаб келинади. Яқинда бўнак (аванс) олишди,, энди ойлик чиқади. Агар танаффус чўзилиб кетса, бир амаллаб тирикчилигини ўтказа оладилар”.
Бироқ бу каби ишонч пойтахт Москвадаги барча қурилиш компанияларига ҳам тааллуқли эмас. Прорабга кўра, Москва қурилиш бозорида фаолият юритаётган ҳамма компаниялар ичида фақат учта ёки тўрттаси “иш ҳақини кечиктирмай, ўз вақтида тўлайди ва “кидала”лик қилмайди”. Қолган фирмаларда ишлайдиган чет эллик ишчиларнинг баданида жир битмайди, чунки хўжалари уларни “қора кесак” ҳолатда ушлаб турадилар ва чўзилиб кетган мажбурий ишсизликка уларнинг муносабати қандай бўлиши мумкинлигини олдиндан билиш қийин эмас.
“Ишчиларига иш ҳақи бермайдиган ёки кечиктириб берадиган ташкилотлар бор, мана уларнинг ишчилари кўчага “овга” чиқишлари муқаррар. Ҳар ким, ҳар қандай фуқароликдаги одам, агар унинг тирикчиликка пули қолмаса, албатта кўчага чиқади. Ҳаммаси чиқади”, — дейди комил ишонч билан Андрей.
Лекин иш бу каби сўнгги даражадаги вариантгача етиб борганича йўқ. Ҳар ҳолда, ўзини яккалатиш тартиби пойтахтдаги каби қатъий назорат остига олинмаган Москва вилоятида қурувчи мигрантлар бирор бир жиддий ташвишни бошдан кечирганлари йўқ. Бу ердаги вазият бироз бошқача – қурилишда ишлашни эплай олган одам маҳаллий аҳоли вакилларининг пуллари тугамагунча ишсиз қолишмайди.
“Ҳозирча бир ҳафтадан бери уйда ўтирибмиз, — дея ҳикоя қилади Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятидан келган Умид Воҳидов. – Лекин тез орада хусусий уйларнинг қурилишлари бошланиши билан яна иш ҳам пайдо бўлади. Хусусий уйда, мадомики қурилиш бўлмаса ҳам, у ерда доим иш кўп, уй эгаларига баҳордан кузгача ёрдам беришга тўғри келади. Шунинг учун ўрисларда пул тугамагунича, бизда ҳам пул тугамайди”.
Унинг юртдоши Равшан Темиров Москвадаги қурилишлардан бирида ишлайди. Прораб Андрейнинг компаниясидан фарқли ўлароқ унинг фирмаси ҳозирча ўз ходимларига иш ҳақини тўлаб қўйгани йўқ. Фақат “тез орада” маош беришни ваъда қилиш билан чекланган. Бу компанияда ишлаётган бошқа ишчилар бу даврни қандай қилиб ўтказаётганлари ҳақида Равшан билмайди. Унинг ўзи эса Москвада бундан буёғига ҳеч кимнинг ови юришмаслигини ўз вақтида англаб олиб, пойтахтни тарк этган ва ҳамшаҳри Умиднинг олдига келиб олишга улгурган.
“Мен вақтида кетиб олдим, — дейди Темиров “Фарғона” билан суҳбатда. – Мен регистрациядан ҳам Москва вилоятидан ўтганман. Аммо кетаётганимда мени ҳеч ким тўхтатмаган ҳам, текширмаган ҳам. Мен бу карантинларнинг ҳаммасини Москва вилоятида ўтказиб олиш осонроқ кечишини ўша заҳотиёқ тушунганман. Бу ерда ҳозирча ишлаб қоринни тўйғазса бўлади. Пандемия тугаши биланоқ мен яна Москвага қайтаман”.
Шу билан бирга, Е.Т. Гайдар номидаги Иқтисодий сиёсат институти мутахассислари томонидан 2020 йил апрель ойига тайёрланган Россия Иқтисодий вазиятининг мониторинги натижаларига мувофиқ, коронавирус важидан чегараларнинг ёпилиши Россиядаги меҳнат мигрантларининг аҳволига сезиларли таъсир кўрсатмас экан.
Экспертлар тақдим этган маълумотларга кўра, 2020 йил 1 апрелига келиб (Россия Федерациясига “ёлланиб ишлаш” мақсадида келган) меҳнат мигрантларининг сони 4,17 миллион кишини ташкил этган, ҳолбуки уларнинг сони 2020 йил 1 март ҳолатига 4,11 миллион киши, 2019 йил 1 апрель ҳолатига эса 4,09 миллион кишини ташкил этган эди. Бироқ агар ёзги ойлар бошланишидан олдин чегаралар очилмаса, Россияга келадиган янги мигрантлар оқимида пасайиш кутилади. Бироқ бу ҳолат Россия иқтисодиётидаги аҳволга жиддий таъсир кўрсатмайди, негаки, мутахассисларга кўра, айни пайтда Россияда турган ва кетишни режалаштириб, чегаралар ёпилиб қолгани учун ўз ватанларига қайта олмай қолиб кетган мигрантларнинг сони уларнинг ўрнини тўлиқ қоплай олади.
Дмитрий Аляев
-
16 Ноябрь16.11Қатар олисда қолаверадиМарказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида
-
16 Сентябрь16.09ФотоШҲТ. ТашрифларШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар
-
19 Июль19.07«Урушгандан кўра, савдолашган афзал»Ўзбекистон Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларига хавфсизлик муаммоларини иқтисодиёт орқали ҳал этишни таклиф қилди
-
14 Июль14.07Савдо, маданият, хавфсизликТошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро конференцияда олий мартабали меҳмонлар иштирок этадилар
-
25 Июнь25.06Ўзбекистоннинг илк ташрифиТошкент илк бор ўз ҳарбийларини Москвадаги Ғалаба парадига юборди. У ерда аскарлар қўшнилар билан қўшилиб кетди
-
18 Июнь18.06Ортиқча билетРоссиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида