Байрут портидаги портлашдан минглаб одамлар жабрландилар

Байрут портидаги портлаш . Ливаннинг LBC телеканали кадри

Байрут портида юз берган портлаш натижасида 78 та одам ўлган ва деярли 4000 нафар одам шикастланган. Ливан соғликни сақлаш вазири Ҳамад Ҳасан (Hamad Hasan) Reuters агентлигига берган интервьюсида мана шундай маълумотларни келтиради. Рақамларнинг ортиши кутилмоқда, зеро кўпчилик бедарак йўқолган, кечаси электр бўлмагани боис қидирув ишлари имконсиз бўлган. Кўпгина уйлар вайрон бўлган ва вайроналар остида одамлар бўлиши мумкин.

Ливан ҳукуматининг хабарига кўра, портлаш 2750 тонна аммиак селитраси сақланаётган омборда содир бўлган. Мамлакат президенти Мишель Аун (Michel Aoun) олти йилдан бери портловчи модданинг хавфсизлик чораларисиз портда сақланаётганини «йўл қўйиб бўлмас хатолик», деб атаган.

Портлашга айнан нима сабаб бўлгани тўғрисида маълумот берилмаган. Reuters агентлигининг хавфсизлик хизматларидаги манбаси ва маҳаллий ОАВ портлашга омборда олиб борилган пайвандлик ишлари сабаб бўлиши мумкинлигини билдиради.

Ливан Қизил Ҳоч ташкилотининг раҳбари Жордж Кеттани (George Kettani) юз берган ҳодисани «улкан талофат» деб атади, Байрут губернатори эса уни 1945 йил Хиросима ва Нагасаки шаҳарларидаги портлашларга қиёслади. Байрут портида ишлар тўхтаган ва бу барча нарсани импорт қиладиган мамлакат иқтисодиёти учун қаттиқ зарбадир, дея воқеани шарҳлайди ВВС. Ливан Мудофаа Олий кенгаши тезкор йиғилиш ўтказиб, мамлакат пойтахтини «фалокат ҳудуди» деб эълон қилди, дея хабар беради DW.

Мазкур портлаш зарбидан, жумладан Қозоғистон дипмиссияси биноси ҳам шикастланган, қозоқ консули енгил яраланган. Шунингдек, Байрутдаги Россия элчихонаси вакили ҳам жабр кўргани, лекин унинг ҳаёти хавф остида эмаслиги айтилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ