Қирғизистон ва Тожикистон Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатди

Тожикистоннинг Афғонистонга гуманитар ёрдами. "Азия-Плюс" сайти фотосурати

Қирғизистон октабрь ойида содир бўлган вайронагарчиликдан жабр кўрган Афғонистон аҳолисига 2 тонна гуманитар ёрдам жўнатди. Бу ҳақда «Вечерний Бишкек» нашри республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) баёнотига таяниб хабар берди.

«Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаровнинг топшириғига кўра қардош афғон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида инсонпарварлик экспедицияси қуруқлик орқали вилоятга 2 тоннага яқин дори-дармон ва ветеринария препаратлари партиясини Бадахшонга, шунингдек, Афғонистоннинг Кичик ва Катта Помирига етказиб берди», — дейилади хабарда.

Афғонистон ҳудудига гуманитар ёрдамдан ташқари бир гуруҳ ветеринар ва тиббиёт ходимлари ҳам жўнатилган.

«Тиббиёт ходимлари орасида педиатр, терапевт, стоматолог ва гинеколог бўлиб, улар уч кун давомида баланд тоғ шароитида, 4,2 минг метр баландликда 600 дан ортиқ аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиб, муҳтож аҳолини даволашди», — дея таъкидлайди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази.

Афғонистонда қирғиз ветеринария шифокорлари «эпизоотик вазиятни ўрганиб», 700 бошдан ортиқ қорамол ва майда шохли молларни эмлашган. «Шунингдек, маҳаллий аҳолига ветеринария препаратлари тақдим этилиб, уларга турли касалликларни профилактик даволаш ва уларнинг олдини олиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Тожикистон 18 октабрь куни Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатган. У октабрь ойининг биринчи ярмида мамлакат ғарбида содир бўлган зилзилалардан жабр кўрган ҳудудлар аҳолиси учун мўлжалланган.

Инсонпарварлик ёрдами қишки кийим-кечак ва пойабзал, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, чодирлар, қишки кўрпа-тўшаклар, чойшаблар, ичимлик суви ва бошқа зарур буюмлардан иборат бўлган. Гуманитар юкнинг умумий оғирлиги тахминан 3300 тоннани ташкил қилади.

Маҳсулотлар рўйхатига 200 тонна ун, 50 тонна шакар, 20 минг литр ўсимлик ёғи, 20 тонна арпа, 20 тонна нўхат, 20 тонна гуруч ва бошқалар киради.

Афғонистон халқи учун инсонпарварлик ёрдами 130 юк машинасида жўнатилган.

ℹ️ Афғонистонда октябрь ойида содир бўлган зилзилалар натижасида, БМТ маълумотларига кўра, 1500 киши ҳалок бўлган, 2 мингга яқин киши жароҳатланган. Аввалроқ Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон жабрланган Афғонистон ҳудудларига гуманитар ёрдам жўнатган эди.