Намоздан сўнг номаълум шахс Тожикистон муфтийсига пичоқ билан ҳужум қилган

Душанбедаги масжид. asiaplustj.info сайти фотосурати

Душанбе марказий масжидида намоздан сўнг номаълум шахс Тожикистон Уламолар кенгаши раиси (Бош муфтий) Саидмукаррам Абдулқодирзодага ҳужум қилиб, уни пичоқ билан яралаган. Бу ҳақда Республика ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Аниқлик киритилишича, ҳодиса 11 сентябрь куни маҳаллий вақт билан тахминан 17:20 да содир бўлган. Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, номаълум шахс «безорилик ниятида» ҳаракат қилган.

Ҳужум натижасида муфтий енгил тан жароҳати олган ва шифокорлар кўригидан ўтгач, яшаш жойига кузатиб қўйилган.

Жиноятчи тезда қўлга олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бироқ, Ички ишлар вазирлиги гумонланувчининг шахсини ошкор этмаяпти.

Кейинроқ ТАСС Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларига таяниб, «безорилик ниятидаги ҳаракат» версияси дастлабки тахмин эканини хабар қилган. Тергов жараёнида бошқа сабаблар ҳам аниқланиши мумкин, деган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари.

ℹ️ Абдулқодирзода 61 ёшда, у фалсафа бўйича илмий даражага эга, Покистонда диний таълим олган. У 2010 йилдан бери Уламолар кенгашини бошқариб келади. Дарвоқе, мазкур Кенгаш республикада шариат асосида фатво бериш ҳуқуқига эга бўлган ягона орган ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди