Freedom Now Тожикистонни мухолиф сиёсатчи Зайд Саидовни озод қилишга чақирди

Зайд Саидов. nm.tj сайти фотосурати

Freedom Now ҳуқуқ фаоллари Тожикистон ҳукуматини мухолиф сиёсатчи Зайд Саидовни қамоқдан зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга чақирди. Тегишли баёнот 14 октабрь куни халқаро ташкилот томонидан Twitterда эълон қилинди.

Ташкилотнинг таъкидлашича, бугунга келиб Тожикистон фуқароси 3800 кун ёки 10 йилдан ортиқ панжара ортида ўтирган. Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячилари Саидов республикада мухолифат партияси тузишга урингани учун 29 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганини ҳам эслатишади.

ℹ️ Тожикистоннинг собиқ Саноат вазири, тадбиркор Зайд Саидов 2013 йил 19 май куни Франциядан қайтаётганида Душанбе аэропортида ҳибсга олинган эди. Бундан бироз олдин у «Янги Тожикистон» мухолифат партияси ташкил этилганини эълон қилганди.

Ўша йилнинг декабрь ойи охирида у фирибгарлик, порахўрлик, зўрлаш, кўпхотинлилик ва қонунга хилоф равишда қамоққа олишда айбланиб, 26 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2015 йил августида мамлакат Олий суди «Душанбе Плаза» савдо мажмуаси қурилишида ҳужжатларни сохталаштириш ва «Тожикатлас» уюшмасини ноқонуний хусусийлаштиришда айблаб, унинг қамоқ муддатини 29 йилга оширган.

2018 йили БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Саидов ишини ўрганиб, Тожикистон ҳукумати Сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг кўплаб нормаларини бузган деган хулосага келган ва тадбиркорга нисбатан ҳукмни қайта кўриб чиқишга чақирган. Бироқ Марказий Осиё республикаси ҳукумати бу тавсияни эътиборсиз қолдирган.