Москвада ФХХ биносини портлатиш ниятида бўлган тожикистонликлар устидан суд жараёни бошланди

Лубянкадаги ФХХ биноси. ТАСС сайти фотосурати

Москванинг Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди Лубянкадаги Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) биносини портлатиш ниятида бўлган террорчилик гуруҳининг олти нафар аъзосига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. Улардан беш нафари Тожикистон фуқаролари, деб ёзади ТАСС суд матбуот хизматига таяниб.

Матбуот хизмати 23 октабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда барча айбланувчиларга танишиш учун тожик тилида айблов хулосаси тақдим этилгани, иш бўйича навбатдаги суд мажлиси 1 ноябрга белгиланганини таъкидлади.

Ахборот агентлигига терговдан хабардор манбанинг айтишича, судланувчилар 2022 йил мартидан апрелигача «Ироқ ва Шом Ислом Давлати» (ИШИД)* халқаро террорчилик ташкилоти билан алоқадор бир неча гуруҳлар ҳомийлигида ўз гуруҳини ташкил қилганлар. Гуруҳ аъзолари портловчи қурилма учун глицерин ва ювиш воситаларини сотиб олмоқчи бўлишган. Терговчиларнинг фикрича, худкуш-террорчи роли 23 ёшли тожикистонлик Абдуқоир Тоировга юкланган. Терактдан сўнг улар илгари сурмоқчи бўлган асосий талаб «Россия қўшинларини Сурия ҳудудидан олиб чиқиб кетиш бўлган».

2022 йил апрель ойида ФХХ (ФСБ) ходимлари 19 ёшдан 25 ёшгача бўлган 6 нафар террорчини қўлга олишган. Судланувчилардан беш нафари – Манучеҳр ва Ражабали Бўриевлар, Абдумалик Самиев, Самандар Тошмуродов ва Абдуқодир Тоировлар асли Тожикистон фуқаролари. Ишга алоқадор олтинчи шахс Гаджимурод Гасаналиев Россиянинг Доғистон Республикасида туғилган. Ҳибсга олинган пайтда улар Москвада курьер ва қурилиш майдонларида ишчи бўлиб ишлашган, уларнинг аксарияти фақат ўрта мактабни тугатган.

Уларнинг роли ва иштирокига қараб, барча судланувчилар РФ Жиноят кодексининг олтита моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланадилар:

👉 бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб террорчилик хуружи содир этишга уриниш; террорчилик фаолиятни амалга ошириш мақсадида одамларни тайёрлаш;

👉 портловчи моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш;

👉 террористик жамиятни ташкил этиш;

👉 Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ террорчи деб тан олинган ташкилот фаолиятини ташкил этиш;

👉 террорчилик фаолиятига ёрдам бериш.

Айбланувчиларни умрбод қамоқ жазоси кутмоқда.

Айбланувчиларнинг адвокатларига кўра, ишда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган ва тергов билан ҳамкорлик қилиш бўйича битим тузган еттинчи судланувчи ҳам бор. Унинг иши суд томонидан бошқалардан алоҳида кўриб чиқилмоқда.

Ҳимоя томони ўз мижозларига қарши жиноий иш сиёсийлаштирилганини, жиноятларнинг ўзи эса Россия махсус хизматлари ходимлари найранги эканини таъкидламоқда. Шу билан бирга, дастлабки тергов босқичида беш нафар судланувчи ўз айбига тўлиқ ёки қисман иқрор бўлган, бир судланувчи айбига иқрор бўлмаган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).