Москвада тожикистонлик йигит ФХХ биносини портлатиш учун тайёргарлик ишларида қатнашгани учун суд қилинди

ЛУБЯНКАДАГИ ФХХ БИНОСИ. ZAKON.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди Тожикистон фуқароси Мероб Хаитовни 12 йилга озодликдан маҳрум қилди. ФХХ маълумотларига кўра, у «Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД)* гуруҳининг етти нафар террорчиси қатори 2022 йили Лубянкадаги ФХХ биносини портлатиб юбориш режасини қилган. Бу ҳақда суд матбуот хизматига таяниб, ТАСС хабар беради.

«Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий судида ўтказилган очиқ суд мажлисида ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ҳисса қўшган ва қолган олти нафар судланувчига қарши кўрсатма берган Хаитов Мероб Киёмидиновичга нисбатан жиноят иши алоҳида тартибда кўриб чиқилди. Жиноятлар йиғиндисидан келиб чиққан ҳолда суд унга 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади, маҳкум жазонинг 3 йилини қамоқда, қолган қисмини (9 йилини) эса қаттиқ тартибли ахлоқ тузатиш колониясида ўташи керак», — дейди суд вакили.

Қўшимча жазо сифатида суд Хаитовга 500 минг рубль миқдорида жарима солган. Айнан шу қисмга доир маҳкумнинг ҳимояси ҳукм устидан шикоят қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ТАССга маълум қилишича, 2022 йили Москва шаҳрида «исломнинг тажовузкор шаклларини тарғиб қилаётган номаълум шахслар таъсирида» ИШИД фаолиятида қатнашмоқчи бўлган Хаитов террорчилик ташкилотига содиқликка қасамёд қилган ва ушбу ташкилотда мавжуд интизом ва иерархияга қатъий риоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

«Айбланувчилар 2022 йил 1 май куни РФ фаолиятини издан чиқариш ва ИШИДнинг Суриядаги фаолиятини бостириш бўйича ҳарбий операциядан тўхтатиш ва Сурия ҳукумат кучларини қўллаб-қувватловчи Россия қуролли кучларини мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиш қарорига таъсир кўрсатиш мақсадида Россия ФХХ (ФСБ) марказий аппарати маъмурий биносида қўлбола портловчи мосламани ишга тушириш, ташриф буюрувчилар ва ўткинчиларни ўқотар қуроллардан ўққа тутиш йўли билан теракт уюштиришни режалаштиришган», — дея таъкидлайди агентлик суҳбатдоши.

Эслатиб ўтамиз, Лубянкадаги терактга тайёргарлик кўрган қолган олти нафар гумонланувчи устидан суд 23 октабрь куни бошланган. Айбланувчилар курсисида беш нафар Тожикистон фуқароси, шунингдек Россиянинг Доғистон республикасида туғилган бир нафар фуқаро бор. Уларни умрбод қамоқ жазоси кутмоқда.

Ҳимоя томони ўз мижозларига қарши жиноий иш сиёсийлаштирилганини, жиноятларнинг ўзи эса Россия махсус хизматлари ходимлари найранги эканини таъкидламоқда. Шу билан бирга, дастлабки тергов босқичида беш нафар судланувчи ўз айбига тўлиқ ёки қисман иқрор бўлган, бир судланувчи айбига иқрор бўлмаган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).