Тожикистон ва Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари халқаро наркогуруҳ аъзоларини қўлга олдилар

НАРКОГУРУҲ АЪЗОЛАРИ. ТОЖИКИСТОН ИИВ МАТБУОТ ХИЗМАТИ СЮЖЕТИДАН КАДР

Тожикистон ва Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан 1,5 тонна гиёҳванд моддалар савдосида гумон қилинган «Анна-Човандоз» халқаро наркогуруҳнинг ўн нафар аъзоси қўлга олинган. Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

Шу йилнинг 25 август куни Маҳмадали Комилов 55 кг героин билан қўлга олинганидан сўнг гуруҳ аъзолари аниқланган.

«Қўшимча текширувлар шуни кўрсатдики, ушбу дорилар гуруҳ томонидан илгари Россияга жўнатилган 200 кг нинг бир қисми бўлган, қолган қисми эса муомалада бўлган», — дейилади ИИВ видеолавҳасида.

Олиб борилаётган тезкор тадбирлар доирасида 18 октабрь куни гуруҳнинг яна бир фаол аъзоси Довудхон Зокиров 308 кг гиёҳвандлик моддаси билан қўлга олинган.

«Гиёҳванд моддалар Ҳисор шаҳрининг Боғистон қишлоғида яшовчи Довудхон Зокировнинг қариндоши уйидаги яширин жойдан олинган. Унинг 281 кг 300 грамми героин, 26 кг 700 грамми гашиш бўлган», — дея маълум қилади ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари.

ИИВ хабарига кўра, Зокиров махсус асбоб ёрдамида 500 грамм гиёҳвандлик моддасини на рентген, на махсус ўргатилган итлар топиб бўлмайдиган тарзда мева солинган картон қутиларга яширган.

«Қутиларга яширилган ҳар бир килограмм наркотик учун у 100 доллар олган», — дейилади сюжетда.

Гуруҳ раҳбари 58 ёшли Азамат Ҳамроев ҳисобланади. Сюжетда айтилишича, у илгари Анна Ҳамроевич Болтаев бўлган.

«Ўтган 10 йил ичида у афғон наркогуруҳлари билан жиноий алоқалар ўрнатган ва мунтазам равишда МДҲ мамлакатларига, хусусан, Россияга наркотик жўнатиб турган. Гиёҳванд моддалар қутиларга солинган мевалар ниқоби остида юк машиналари ва поездларда ташилган», — дейилади материалда.

Қайд этилишича, Ҳамроев Турсунзода шаҳрида яшаган, Тожикистон ва Россия фуқаролигига эга, унинг беш нафар хотини ва кўплаб фарзандлари бор.

Тергов жараёнида Азамат Ҳамроевнинг Тожикистон, Россия ва Ўзбекистонда катта миқдордаги мулки борлиги ҳам аниқланган.

«Тожикистонда Ҳамроевнинг 7 та шахсий уйи, 1200 бош майда чорваси, 90 дан ортиқ оти, 19 та туяси, 11 та енгил ва юк машинаси, 6 та чорвачилик фермаси, 6 минг гектарга яқин ер майдони, қурилиши тугалланмаган еттита объекти, иккита кийим-кечак дўкони ва битта заргарлик буюмлари дўкони бўлган. Унда 15 кг олтин ҳам бор бўлган. Россиянинг Тверь ва Қозон шаҳарларида унинг йирик чорвачилик фермалари, 200 та чорваси ва 5 та сўйиш цехи бор. Ўзбекистонда Ҳамроевнинг уйи ва ламинат ишлаб чиқарувчи корхонаси бор», — дейилади дастурда.

ИИВ томонидан олинган видеолавҳада ушбу жиноий гуруҳнинг қўлга олинган аъзолари Гиёҳванд моддаларни олиб ўтиш ва тарқатиш учун Ҳамроевдан катта миқдорда пул олганликларини тасдиқлайди.

Қайд этилишича, ҳозирда гуруҳнинг 10 нафар аъзоси қўлга олинган, яна тўрт нафари, жумладан, Ҳамроев халқаро қидирувга берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тожикистон Жиноят кодексининг 200-моддаси 4-қисми («Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини сотиш мақсадида қонунга хилоф равишда муомала қилиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддада мол-мулки мусодара қилинган ҳолда, 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.