Тожикистонлик 80 дан ортиқ чегарачилар Европа Иттифоқи маблағлари ҳисобидан малака ошириш курсларини тамомлади

Тожик чегарачилари. "Азия-плюс" сайти фотосурати

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) Европа Иттифоқи молиявий кўмагида «Тожикистоннинг Афғонистон билан жанубий чегарасини барқарорлаштириш» лойиҳаси доирасида Тожикистон Чегара қўшинларининг 84 нафар зобитини ўқиди. Бу ҳақда ЕХҲТ нинг Душанбедаги дастурий офисига таяниб, ТАСС хабар берди.

«Тожикистон Республикаси Чегара қўшинларининг 84 нафар чегара қўшинлари офицерлари Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ўқув курсларида билим ва малакаларини оширди», — дейилади хабарда.

Жумладан, Сўғд вилоятидаги ихтисослаштирилган чегара отрядининг 31 нафар офицерлари ўзини-ўзи мудофаа кўникмалари, омон қолиш усуллари, дала шароитида қўлбола воситалардан фойдаланган ҳолда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, радиоалоқа ва топография бўйича сабоқ олди. Яна 22 нафар офицер Хўжанд шаҳрида тезкор режалаштириш, брифинг техникаси ва хавфларни бошқариш бўйича, 31 нафар офицер, жумладан, тўрт нафар аёл чегара қўшинлари госпиталида дала тиббиёти ва ярадорларни ташиш бўйича ўқитилди.

ЕХҲТ офисида қайд этилганидек, лойиҳа чегара қўшинлари ҳамда Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитасининг чегарадош ҳудудлардаги ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши курашиш ва табиий офатларга жавоб бериш бўйича профессионал салоҳиятини оширишга қаратилган.

ℹ️ Шу йилнинг октабрь ойида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган ЕХҲТ лойиҳаси доирасида Тожикистон Чегара қўшинларига автомашиналар ва техник жиҳозлар топширилди. Жумладан, учта Toyota Hilux 4Х4 тез тиббий ёрдам машинаси ва хариталарни чоп этиш учун иккита плоттер (чизма машинаси) топширилди. Тоғли ҳудудларда ишлаш учун махсус мослаштирилган тез тиббий ёрдам машиналари фавқулодда вазиятларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун тўлиқ тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Хабарларга кўра, плоттерлар Афғонистон билан 1350 километрлик чегарада хизмат қилаётган тожик чегарачиларининг дала операцияларида фойдаланилади.