ФХХ биносини портлатишда айбланган тожикистонликлар 16 йилдан 22 йилгача озодликдан маҳрум этилди

Лубянкадаги ФХХ биноси. moscow-live.ru сайти фотосурати

Москвадаги Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) биносини портлатишга уринишда айбланган беш нафар Тожикистон фуқароси ва бир нафар россиялик – Доғистон фуқароси 16 йилдан 22 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда ТАСС хабар беради.

«Жиноятлар йиғиндисидан келиб чиқиб, жазоларни қисман қўшиш билан Манучеҳра Бўриевга 22 йил, Самандар Тошмуродов 20 йил, Гажимурод Гасаналиев 19 йил, Абдуқодир Тоиров 17 йил, Абдумалик Самиевга 17 йил, Ражабали Бўриевга эса 16 йилга қаттиқ тартибли колонияда жазо ўташ тайинлансин», — дейилади Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди чиқарган ҳукмда.

Маҳкумлар жазони дастлабки 4-6 йилини турмада, қолган муддатини қаттиқ тартибли ахлоқ тузатиш колониясида ўташлари лозим. Бундан ташқари, улар жарима тўлашлари керак — 600 мингдан 1 миллион рублгача.

ℹ️ Ҳибсга олингунга қадар айбланувчиларнинг бир қисми қурилишда ишчи ва курьер бўлиб ишлашган. Тергов маълумотларига кўра, улар ИШИД («Ироқ ва Шом Ислом Давлати»)*га алоқадор бир неча гуруҳлар ҳомийлигида жамоа тузишган. 2022 йил 1 май куни судланувчилар ФХХнинг Лубянка кўчасидаги биносида қўлбола портловчи қурилмани ишга туширишлари керак бўлган. Кейин улар ташриф буюрувчилар ва ўткинчиларни ўқотар қуроллардан ўққа тутиш йўли билан теракт уюштиришни, яқин атрофдаги биноларга қўл гранаталарини улоқтиришни, шундан сўнг Россия қўшинларини Суриядан олиб чиқиб кетилишини ва терроризмда айбланган бир қатор маҳкумларни қамоқдан озод қилишни талаб қилишни режалаштиришган.

Уларнинг роли ва иштирокига қараб, судланувчилар РФ Жиноят кодексининг олти моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган:

➡️бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб террорчилик хуружи содир этишга уриниш,

➡️террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тайёрганликдан ўтиш,

➡️портловчи моддаларни ноқонуний ишлаб чиқаришга уриниш,

➡️террористик ҳамжамиятни ташкил этиш,

➡️Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ террористик деб тан олинган ташкилот фаолиятини ташкил этиш;

➡️террорчилик фаолиятига ёрдам бериш.

Суд мажлисида тўрт нафар судланувчи дастлабки терговда берган айбига иқрорликдан воз кечиб, иш материаллари тергов томонидан сохталаштирилганлигини таъкидлаган.

Икки айбланувчи видеода ИШИДга содиқлик қасамёдини берганига доир қисмидагина айбини тан олди.

ТАСС агентлигига берган изоҳида маҳкумларнинг адвокатлари ҳукмни адолатсиз ва шафқатсиз деб аташган ва ҳукм устидан шикоят қилишини таъкидлашган.

ℹ️ Еттинчи судланувчи тожикистонлик Мероб Хаитовнинг иши ўтган йил кузида алоҳида тартибда кўриб чиқилди. Судда айтишларича, у ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган, жиноятни очишда фаол иштирок этган ва қолган олти нафар судланувчига қарши кўрсатма берган. Хаитов 12 йилга озодликдан маҳрум этилган, унинг 3 йилини қамоқхонада, қолганини эса қаттиқ тартибли колонияда ўташи керак. Қўшимча жазо сифатида суд унга 500 минг рубль миқдорида жарима солган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).