Санкт-Петербург аҳолиси одамларни ёнғиндан қутқариб қолган ўзбекистонлик фаррош учун пул йиғди

Олимжон Иброҳимов. «Черный список Питер» саҳифаси фотосурати

Санкт-Петербург аҳолиси бир неча кишини ёнғиндан қутқариб қолган ўзбекистонлик фаррош Олимжон Иброҳимов учун 36 минг рубль йиғди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар берди.

Ёнғин 25 апрель куни эрталаб Санкт-Петербургнинг Адмиралтейский туманидаги Подольская кўчасидаги беш қаватли бинода содир бўлган. Ёнғин майдони 60 квадрат метрга етган. Бир неча қиз бинонинг учинчи қаватида қамалиб қолган. Ўзбекистонлик эркак тарнов трубасидан юқорига чиқиб, қизларнинг карнизга чиқиб олишига ёрдам берган.

«Олимжон Иброҳимов, бу қаҳрамоннинг исми, деразалардан бирида ёнғин чиққанини кўриб, ўт ўчирувчиларни чақиради. Одамлар қўрқувдан учинчи қаватдан сакрашга ҳозирлик кўришганди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, жасур фаррош ҳеч иккиланмасдан тарнов трубасидан карнизга чиқиб, аёлларни ташқарига чиқишига ёрдам берган, шундан сўнг улар ўт ўчирувчилар зинапоясидан пастга тушишган», — дейилади Санкт-Петербург телеканали сюжетида.

Уйдан жами 10 киши эвакуация қилинган.

Эртаси куни Адмиралтейский тумани маъмурияти раҳбари Сергей Оверчук миннатдорчилик белгиси сифатида Иброҳимовга Адмиралтейский тумани сурати ва янги ишчи формасини совға қилган.

Хабар остида ёзилган изоҳларда перебургликлар инсонларни қутқарганлик учун берилган совғалардан ғазабланишган. «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги «Черный список Питер» гуруҳи обуначилари Иброҳимов учун 11 минг рубль йиғишган, яна 25 минг рублни Коломна ва тарихий Семенца тумани аҳолиси қўшган.

ℹ️ Олимжон Иброҳимов 48 ёшда, ўзбекистонлик. Собиқ парашютчи. У етти йилдан бери Адмиралтейский туманидаги 1-сонли «ЖилКомСервис» корхонасида ишлаб келади. У оиласи билан коммунал квартирада яшайди, ойлик маоши 45 минг рублни ташқил қилади.