Ўзбекистонда тўрт йил ичида СССР даврида қатағон қилинган мингдан ортиқ шахс реабилитация қилинди

Суд. sud.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Олий суди СССРдаги қатағон йилларида судланган яна 205 нафар сиёсий маҳбусни реабилитация қилди. Сўнгги бир неча йил ичида реабилитация қилинган Ўзбекистон фуқароларининг умумий сони 1031 нафарга етди. Бу ҳақда республика Олий суди расмий сайтида хабар берилган.

Реабилитация қилинганлар орасида Тошкент судяси Саъдулла Қосимов, шунингдек, 1930-1931 йиллари «Қосимовчилар иши»га алоқадор бўлган, давлатга қарши жиноятларида айбланиб, ўлим жазоси ва узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилинган яна олти киши бор.

Бундан ташқари, Бош прокурор томонидан 1930-1938 йиллари партия ташкилотларида советларга қарши фаолиятда айбланган 198 нафар шахсга нисбатан 11 та жиноий иш бўйича кассация шикояти берилган.

Олий суд ушбу шахсларнинг барчасини Республика Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси («Реабилитация қилиш учун асослар») асосида реабилитация қилди.

Шуни қўшимча қилиш лозим, Ўзбекистонда ҳар йили 31 август Қатағон қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонланади.

ℹ️ Сиёсий маҳбусларни реабилитация қилишда Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 8-октабрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши асос бўлди. Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилган.