Қозоғистонда коррупционерларнинг очиқ реестри пайдо бўлади

vlast.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда коррупционерларнинг ошкора реестри пайдо бўлади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раисининг биринчи ўринбосари Улан Сарқулов маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Бу профилактика воситасидир. Унинг асосий мақсади жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизликни жамоатчилик қоралаши орқали шакллантиришдан иборат. Реестрга оғир ва ўта оғир коррупция жиноятларини содир этганликда айбдор деб топилган шахслар тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Жисмоний шахсларни реестрга киритиш учун қонуний кучга кирган айблов ҳукми асос бўлади», — деди мулозим бугун қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш бўйича ўзгартишлар кўриб чиқилаётган Мажилисда (парламент қуйи палатаси).

Реестр Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг сайтига жойлаштирилади. Унда коррупционер шахснинг фамилияси ва исми, унинг иш жойи ва жиноят содир этилган пайтдаги лавозими, жиноят таркиби, айблов ҳукми тафсилотлари ва унга тайинланган жазо кўрсатилади.

Рўйхатдан чиқариш қонуний кучга кирган ва судланганлик олиб ташланган оқлов ҳукми асосида амалга оширилади.

Қозоғистонда коррупционерларнинг очиқ рўйхати пайдо бўлиши ҳақида дастлабки хабарлар 2022 йили пайдо бўлганди. Ўшанда Антикор пора ваъдаси ва таклифи учун жиноий жавобгарликни жорий этишни таклиф қилганди. Бу ташаббус ҳозирда парламентда кўриб чиқилаётган тузатишлар пакетига ҳам киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Россияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида

  • Нима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида

  • Қозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида