15 январь куни Baza Telegram-канали ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines (AZAL) самолёти билан Грозний, Ростов-на-Дону ва Ақтаудаги диспетчерлар ўртасидаги суҳбатларнинг тўлиқ ўрганилган матнини (расшифровка) эълон қилди. Бундан келиб чиқадики, россиялик диспетчерлар экипажга Россия ҳудудига фавқулодда қўниш учун бир нечта вариантни таклиф қилишган, бироқ учувчилар Бокуга қайтишга қарор қилишган. Кейин бошқарув тизимларининг ишдан чиқиши туфайли улар бир неча бор қарорларини ўзгартириб, охир-оқибат Ақтауга учиб кетишган.
Грознийга қўнишга уринаётганда экипаж «ҳар иккала GPS сигналининг йўқолиб қолганидан» шикоят қилган. Иккинчи муваффақиятсиз уринишдан сўнг, самолёт қўмондони: «Биз Бокуга кетяпмиз», деб хабар берган. Кейинроқ у Минеральные Воды аэропортидаги об-ҳаво ҳақида сўраган ва у ерга боришга қарор қилган. Бир неча дақиқадан сўнг учувчи диспетчердан Махачқалъадаги об-ҳаво ҳақида сўраган: «Самолётим бошқарувни йўқотмоқда. Менга Махачқалъани беринг». Олти дақиқадан сўнг экипаж Ростов-Дондаги диспетчерларга топширилган, учувчи уларга самолёт рулини бошқара олмай қолгани ва Бокуга йўл олишаётгани ҳақида хабар берган. Кейинчалик экипаж гидравлик тизимнинг носозлиги ҳақида ҳам хабар берган. Ўшанда ростовлик диспетчер уларга Махачқалъага қўнишни тавсия қилган: «Тавсия, Махачқалъа сиздан 160 км жануби-шарқда жойлашган, техник жиҳатдан мос, қабул қилишга тайёр. — Қарорингиз?». Ҳаво кемаси қўмондони иккала шаҳардаги об-ҳавони сўраб, Бокуга учиш ниятини тасдиқлаган.
8:39:09 да экипаж Ростов диспетчерига двигателлар ишлаётгани, аммо элерон ва баландлик рулини бошқариш тизими ишламай қолгани ҳақида хабар берган. Бир дақиқадан сўнг учувчи Ақтаудаги об-ҳаво маълумотларини сўраган ва соат 9:02 да экипаж Қозоғистондаги авиа-минора билан музокараларни бошлаган. Соат 9:23 да Ақтау диспетчери қўнишга рухсат берган ва 9:27 да музокаралар якунланган.
Чоп этилган ёзувда учувчи Грознийдаги диспетчерлар билан музокаралар олиб бораётганида дастлаб қушлар билан тўқнашув ҳақидаги версияни айтган (вақт 8:14:19). Бир неча дақиқадан сўнг экипаж бортда газ баллони портлагани ҳақида ҳам хабар берган: «Йўловчилар салонида кислород тугаяпти. Демак, у ерда кислород баллони портлаганга ўхшайди. Демак, ёқилғи ҳиди келяпти. Баъзи йўловчилар ... а, демак ҳушини йўқотишяпти. Рухсат берсангиз, биз пастроқ баландликда учамиз? «.
Самолёт қўмондони Ақтау минорасига ўтганда фавқулодда сигнал эълон қилган.
Baza бу мулоқот матнини қаердан олганига аниқлик киритмаган. Расмийлар унинг ҳақиқийлигини тасдиқламаган.
Embraer 190 лайнери 25 декабрь куни ҳалокатга учраганди. Самолёт Бокудан Грознийга учаётган бўлган, бироқ туман ва дрон ҳужуми туфайли Чеченистон пойтахтига қўна олмагани, шундан сўнг самолёт қўмондони Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига учишга қарор қилганига оид хабар берилганди. Самолёт аэропортдан 3 км узоқликда қулаган. Самолёт бортидаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган. Улар орасида Озарбайжон, Қозоғистон ва Россия фуқаролари бор бўлган. Ҳозирда самолётнинг қора қутиларини ўрганиш ишлари якунланган. Авиаҳалокатни текшириш бўйича Қозоғистонда тузилган комиссия бу ҳақда ўз хулосасини бериши керак.