Йигирма йилга озодликдан маҳрум этилган криминал авторитет Ёввойи Арман ўзига шикаст етказган

Қўлга олинган Арман Жумагелдиев . Видеодан кадр

Ўтган ҳафта январь ойидаги тартибсизликларда айбланиб 20 йилга озодликдан маҳрум этилган қозоғистонлик криминал авторитет Арман Жумагелдиев (лақаби «Ёввойи») томирларини кесишга уринган. Бу ҳақда Қозоғистон ИИВ жиноий-ижроия тизими қўмитаси матбуот хизматига таяниб, Tengrinews.kz хабар берди.

Қўмитанинг таъкидлашича, маҳкум «ўзига енгил тан жароҳати етказган». Унга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган. Жумагелдиевнинг аҳволи қониқарли, у билан психологлар ишлаган. Ушбу ҳодиса юзасидан тергов ўтказиш белгиланган.

КазИнформ агентлигининг аниқлик киритишича, Жумагелдиев ҳозирда Қўстанай тергов изоляторида.

1 феврал куни унинг адвокати Евгений Яворский видеомурожаат ёзган, унда Жумагелдиевнинг аҳволи оғир экани ҳақида хабар берган. Адвокатнинг таъкидлашича, маҳкум тергов изоляторида «ё ўзи томирларини кесган ёки уни кесишган». У Бош прокурордан вазиятга ойдинлик киритишни сўраган, шундан сўнг ИИВ жиноий-ижроия тизими қўмитаси матбуот хизмати тегишли хабарни эълон қилган.

«Ёввойи Арман» иши бўйича суд ҳукми 27 январь куни эълон қилинди. Тергов маълумотларига кўра, у Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) куратори кўрсатмасига биноан ҳаракат қилган. Жиноятчи Олмаота марказидаги оломонни назоратга олиши ва ҳокимиятга ултиматум қўйиш учун «халқ кенгаши»ни тузиши керак бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Жумагелдиев ўз одамлари билан намойишчиларни ушлаб, калтаклаган ва қийноққа солган. Натижада бир киши ҳалок бўлган. Суд уни уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга раҳбарлик қилиш, бандитизм ва оммавий тартибсизликлар уюштириш моддалари бўйича айбдор деб топиб, 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Жумагелдиев билан бирга МХҚ бешинчи бўлими собиқ бошлиғи Руслан Искақов ва олмаоталик собиқ депутат Қайрат Кудайберген ҳам судланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Россияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида

  • Нима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида

  • Қозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида