Кичик бизнеснинг катта талафотлари

Иқтисодчи Нодир Нурматов — Ўзбекистон давлати ўзининг фуқароларига инқироздан чиқишга қандай ёрдам бера олиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашади
ТОШКЕНТДАГИ КИМСАСИЗ КЎЧА. NUZ.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Бошланаётган иқтисодий инқирознинг Ўзбекистон учун оқибатлари қанчалик жиддий бўлиши ҳақида ҳозирча тахмин қилиш мумкин, холос. Ушбу тахминлар, шунингдек, мамлакатни карантин туфайли ёпиб қўйилиши тўғри бўлдими ва давлат фуқароларга нималар билан ёрдам бера олиши ҳақида “Фарғона” иқтисодчи, халқаро капиталлар бозори бўйича маслаҳатчи, MIT Sloan School of Management битирувчиси Нодир Нурматов билан суҳбатлашди.

— Бугунги кунда Ўзбекистон учун энг тушкун кайфиятдаги сценарий қандай бўлиши мумкин?

— Ишсизликнинг салмоқли даражада кўтарилиши ва бунинг оқибатида тўлов қобилиятининг пасайиши иқтисодий фаолликнинг салбий спиралини юргизиб юбориши мумкин. Меҳнат вазирлигининг маълумотига кўра, 2019 йилнинг биринчи ярмида аҳолининг банд қатлами 13.4 миллион кишини ташкил этган бўлиб, улардан 3 миллиони хорижий мамлакатларда меҳнат қилган. Ишсизлар сони 1,3 миллион кишини ташкил этган. Бу рақамларни шартли равишда инқироз давридан олдингиси дея қабул қилиб оламиз.

Нодир Нурматов . Экспертнинг LinkedIn ижтимоий тармоғи саҳифасидаги фотосурати

Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилда меҳнат бозорида банд аҳолининг 76 фоизи ёки 10.2 миллион киши кичик ва ўрта бизнес соҳасида ишлаган. Мамлакатимиздаги ва умуман олганда бутун дунёдаги тадбиркорликни фалаж ҳолатига келтириб қўйган инқироз даврида яхши ҳимоя қилинмаган соҳа ҳам айнан шу – кичик ва ўрта бизнес. Бу соҳада фаолият юритадиган мутахассисларнинг аксариятини сотувчи-кассирлар, автомобиль ҳайдовчилари, педагоглар ҳамда туризм бизнеси ходимлари ташкил этади.

Кундалик эҳтиёж моллари билан савдо қилувчи тижоратчилардан ташқари ҳамма тадбиркорлар карантин оқибатини ўз таналарида жуда яхши ҳис эта бошлаяптилар. Умумий овқатланиш корхоналари, гўзаллик салонлари, таълим ва кўнгилочарлик секторлари ходимлари иш ҳақи сақланмаган меҳнат таътилида ўтирибдилар. Сайёҳчилик бизнеси учун мавсум йўқотилган ҳисобда – ушбу секторнинг 80 фоиз ходимлари амалда бандлик бозоридан четда қолиб кетдилар, қолган санаб ўтилган секторлар камида икки ой давомида даромадсиз қолишлари муқаррар бўлиб турибди.

Қўшни мамлакатлар статистикасига таянадиган бўлсак, аҳолининг 82 фоизи бугун ишлаб топганини шу бугуннинг ўзида еб битиради, яъни “қора кунлар” учун ҳеч қандай захираси йўқ. Тирикчилик эмас, балки тирик қолиш масаласи кун сайин долзарб бўлиб қолмоқда.

Тадбиркорлик ҳақида сўз юритадиган бўлсак, кичик ва ўрта бизнес каттагина зиёнга кириб кетди – кундалик эҳтиёж моллари савдосидан ташқари барча хизмат кўрсатиш секторлари ёпилган. Узоқ муддатли фойдаланиш товарларига ва шу жумладан, уй-жой, квартира, автомашиналар, мебель ва маиший техникага талаб ва эҳтиёж вирус устидан ғалаба қозонилган кундан бошлаб йилнинг бир неча чораклари (квартал) ўтганидан сўнг қайта тикланиши мумкин.

Тушкунлик кайфиятидаги сценарийга кўра, март ойидан бошлаб мамлакат иқтисодиёти йил ҳисоби бўйича 50 фоизга ўтириб қолади, ишсизлик жорий 9 фоиздан 40 фоизгача сакраб чиқишини тахмин қилишим мумкин. Банк кредит портфелининг сифати икки баробар ёмонлашади. Ҳукумат жуда жиддий таҳдидларга рўбаро бўлгани рост. Агар эпидемия даври чўзилиб кетса, мамлакат олдида озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси кўндаланг туриб қолиши мумкин: биз импорт қиладиган ун ва шакарни Қозоғистон экспорт қилишдан тўхтади, Россия маржумак (гречка) ва бошқа донли маҳсулотлар экспортини тақиқлаб қўйди.

— Воқеалар бу йўналишда ривожланмаслиги учун нималарни амалга ошириш керак?

— Инқирознинг илдизи – оммавий эпидемия таҳликасида, иқтисодий самара эҳтиёт чоралари кўрилиши бўйича амалга оширилган тадбирларнинг натижасидир. Ушбу натижалар деярли ҳар бир оила ва ҳар бир корхонага таъсир кўрсатди. Бунақанги ҳолатда ҳукумат фаол аралашмаса бўлмайди.

Ўтган ҳафтада оператив тарзда инқирозга қарши курашга йўналтирилган бир қатор чоралар қабул қилинди. Бироқ аҳолини ҳимоя қилиш, оммавий ишдан бўшатишларнинг олдини олиш ҳамда кичик ва ўрта бизнеснинг омон қолиши учун яна қўшимча чоралар кўрилиши керак.

Биринчидан, “қора кунларга” аталган захираси йўқ аҳоли қатлами учун шунақа кунлар кириб келиб бўлди. Бу гуруҳдаги аҳолининг каттагина қисми таҳлика гуруҳига кириб қолган: уларни ишдан бўшатишлари мумкин, улар хусусий секторда ишлайдилар ва шу жумладан, меҳнат мигрантлари. Ҳукумат захираларини очиб (30 миллиард АҚШ долларига тенг пул бор) зудлик билан аҳолининг чорасиз қолган қисмига энг зарур буюм ва озиқ-овқатларни сотиб олиш учун нафақа тарқатиши керак.

Иккинчидан, иш жойларини сақлаб қолиш учун вақтинчалик Жисмоний шахслар даромадларига солиқ ҳамда кичик ва ўрта бизнес учун ягона ижтимоий тўловларни бекор қилиб турилиши ҳам яхшигина рағбатлантирувчи омил бўлар эди.

Кредитларга хизмат кўрсатиш ҳамда (нодавлат) тижорат биноларига ижара ҳақини тўлаш бўйича енгилликлар кўплаб кичик корхоналарга инқироздан эсон-омон чиқишига имконият беради. Назорат остидаги сўмнинг девальвацияси маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлашидан ташқари, инқирозга қарши кураш олиб бориш учун маблағ ажратиш имкониятини беради. Шуни эсда тутиш керакки, аҳвол жуда ҳам ноодатий, шунинг учун чоралар ўз вақтида кўрилиши ва ҳаддан ташқари қатъий тарзда амалга оширилиши лозим. Негаки, тадбиркорнинг хонавайрон-банкрот бўлиши ўттизта иш ўринларининг ёпилишига олиб келади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг комиссияси Фарғона вилоятидаги корхонада . Mift.uz сайти фотосурати

— Бошқалардан камроқ зиён кўрадиган соҳалар қайси?

— Йирик корхоналарда ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларга нисбатан талаб ва эҳтиёжларнинг пасайиб кетиши ортидан пайдо бўладиган оғир кунлардан омон чиқиши учун қандайдир мустаҳкамлик захираси мавжуд. Шу билан бирга, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчалар, ритейл, соғлиқни сақлаш сектори ҳамда фойдали қазилмаларни ўзлаштирувчи саноатлар ҳам бошқаларга қараганда камроқ зарар кўрадилар.

— Баъзи мамлакатлар оммавий карантин йўлидан боришни афзал кўрдилар, бошқалари эса иқтисодиётни бунақанги таҳдидга мубтало қилмасликка қарор қилишди. Ўзбекистон чекловлар йўлидан юришга қарор қилди, унинг иқтисодиёти бу йўлдан талафотларсиз ўтиб олишга салоҳияти етадими?

— Республика соғлиқни сақлаш тизими ўзининг даражаси ва замонавий жиҳозлар билан таъминланганлик жиҳатидан оммавий карантиндан воз кечган Швеция ва Голландиядан анча орқада қолган. Шунинг учун ҳам вируснинг кенг ва тез суратларда тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳукумат қабул қилган қатъий чораларини жуда тўғри деб ҳисоблайман. Юқорида санаб ўтилган фуқаролар ва тадбиркорликни қўллаш бўйича давлат томонидан амалга оширилган ҳаракатлар бўлмаганда, иқтисодиёт бир неча йиллар ортга улоқтирилган бўларди.

— Агар мамлакатда карантин жорий этилмаса, нималар содир бўлиши мумкин?

— Соғлиқни сақлаш тизими вируснинг миграцияси устидан назоратни қўлдан чиқариб қўяди ва бунининг натижасида барча аянчли оқибатлар келиб чиқиши мумкин.

—Меҳнат мигрантлари учун Россиядаги меҳнат бозори касод бўлмоқда, мигрантлар ишлаб келган муассаса ва корхоналар ёпилмоқда, одамлар ватанларига қайтишмоқда. Ўзбекистон учун бунинг оқибатлари қандай бўлиши мумкин?

— Ишсизлик даражасининг ўсиши ижтимоий тарангликка ҳамда жиноятчиликнинг ўсишига олиб келиши мумкин. Ҳукумат меҳнатга лаёқатли аҳоли қатлами учун ишга жойлаштириш марказларини очиб, вазиятни юмшатиши мумкин.

— Ўзбекистон қайта тикланиш даври бошланганида, кимдан (банклар ва мамлакатлар) ёрдам кутишига умид қилса бўлади?

— Ўзбекистон биринчи навбатда ўз кучига таяниши ва умид қилиши керак. Бизнинг муаммоларимизни ҳеч ким келиб ҳал қилиб беришга шошилмайди. Агар ҳукумат инқироздан чиқиш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқса, ушбу қарорлар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича иқтисодиёти яхши ривожланган мамлакатлар ва халқаро молиявий ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилса бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди