Ўзбек эстрадасининг юлдузи саналмиш Юлдуз Усмонова ҳуқуқ-тартибот органи ходимларини ҳақорат қилган видеоёзувини ижтимоий тармоқларга юклаган. ИИВ ва Маданият вазирлиги хонандани маданитсизликда айблайди. Тошкент ИИББ мазкур воқеани ўрганиб, унинг иштирокчиларига ҳуқуқий баҳо беради.
Бундан олдин Усмонова Сардоба сув омбори тошқинидан азият чеккан аҳолига ёрдам бериш мақсадида акция эълон қилади. Тошкентликлар артистнинг уйига қўлдан келганча рўзғор учун зарур нарсаларни келтира бошлайдилар.
2 май куни кечқурун одамларнинг тўпланиши ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг эътиборини тортади ва улар нарсаларни юк машиналарга юклашга ва «Туркистон» санъат саройигача элтиб қўйишга кўмаклашадилар. Бу ердан инсонпарварлик ёрдамлари Сирдарё вилоятига жўнатилиши режаланган эди. Усмонова йиғилган нарсаларни зудлик билан жўнатишни талаб қилади. Орган ходимлари бу иш рухсатнома олингандан кейин кундуз куни амалга ошириш мумкинлигини айтадилар. Юлдуз Усмонова уларни ҳақорат қила бошлайди ва милиция ходимлари артист билан тортишмасдан, ўз хизматига қайтадилар.
Кейинчалик Усмонова барча орган ходимларини ҳақоратлаган, асоссиз обрўсизлантирган видеоёзувини ижтимоий тармоқларга юклайди. ИИВ хонанда ҳаракатини «афсуски шундай оғир вазиятда санъаткор Юлдуз Усмонова томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг хизмат фаолиятига бармоқ орасидан қараб, уларни асоссиз танқид қилиши ўта маданиятсизлик ва салбий ҳолат» дея баҳолайди.
Маданият вазирлигининг баёнотида Юлдуз Усмонованинг танқиди мамлакат бошидан кечаётган оғир дамларда ноўрин экани айтилади. «Санъаткорнинг хабари бўлмаса керак, икки ой давомида ўз оиласи ва уйига хаттоки бормаётган ички ишлар ходимлари ижтимоий тармоқларда нолишаётгани йўқ», — дейилади вазирлик баёнотида.
Кейинчалик Юлдуз Усмонова ИИВ ва бошқа орган тизими ходимларидан узр сўраб, бўлиб ўтган воқеада икки томон ҳам айбдор эканинига ишора қилади. «Мен кўзим билан кўрганимдан келиб чиқиб айтган сўзларим учун узр сўрайман», — дейди хонанда.