Андижонда шаҳар ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув бўлими ходимлари катта лейтенант Ф.Ҳусанбоев, Э.Райижанов ва И.Қодиров ҳамда уларнинг бошлиғи эгаллаб турган лавозимларидан бўшатилдилар, дея хабар беради Ўзбекистон ИИВ Telegram-канали. Бу ходимлар қўлга олинган шахсга нисбатан қийноқлар қўллаганликда айбланмоқдалар.
Шунингдек, Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажоновлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган. Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимларга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.
Олий Мажлис Сенатининг мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмита раиси Қутбиддин Бурхановнинг айтишича, Абдукаримовга нисбатан ёзилган аризада, гўёки у олинган қимматбаҳо тошни қайтармаган, дея хабар беради «Газета.uz». Андижон ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимлари аризада келтирилган фактларни “ўзбошимчалик” билан ўрганганлар. 29 май куни Ҳусанбоев ва Райижановлар фуқаро Абдукаримовни отделга олиб келиб, келаси кун эрталабки соат олтигача унга “руҳий ва жисмоний босим” ўтказадилар. Оқибатда Абдукаримов кома ҳолатига тушади ва 11 июнь куни касалхонада вафот этади.
Инцидент Facebook ижтимоий тармоғи орқали тарқатилган видеодан кейин барчага ошкор бўлди. Унда жарбланган йигитнинг қариндоши касалхонада ётган йигитнинг олган тан жароҳатларини кўрсатган.
Учта милиция ходимига нисбатан ЖКнинг 206 — (“Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш”), 234 — (“Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш”) ва 235 — (“Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш”) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчилар ҳибсга олинган.
Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев андижонлик йигитнинг қийноққа солинишини “шармадалик” деб атади. «Қийноқлар Ўзбекистон обрўсига узоқ йилларга доғ бўлиб қолади. Бу каби ҳолатлар кўп марта такрорланмоқда», — дейди омбудсмен «Газете.uz» билан интервьюда. У Андижонда содир этилган мазкур мудхиш воқеа “мамлакатда олиб борилаётган барча ислоҳотларга зид, ошкоралик ва қонунийлик тамойилларига мутлоқо қарши воқелик” эканига урғу беради.
Муҳаммадиев сўзларига кўра, ҳар йили унга қийноқлар борасида 100 дан ортиқ аризалар келиб тушади. «Биз бу аризаларни керакли ҳуқуқ-тартибот органларига юборамиз, чунки бизнинг у ерга бориб, сўроқ ўтказишга ваколатимиз йўқ», — дейди омбудсмен. Текширувларда йилига йигирматага яқин мана шундай ҳолатлар ўз исботини топади.
Муҳаммадиев ҳуқуқ-тартибот органи сифатида қийноқларни олдини олиш Қўмитасини тузиш кераклигини айтади. «Бундай қўмитага эҳтиёжимиз бор. У мустақил бўлиб, ҳеч кимга бўйсунмаслиги керак— на прокуратурага, на ИИВ, на омбудсменга. Қўмита барча мурожаатларни объектив тарзда кўриб чиқиши керак. Керак бўлганда уни парламентга ҳисобот берадиган ташкилот қилиш мумкин. Мана шунда қийноқлар бўйича келиб тушаётган мурожаатларнинг аксариятини кўриб чиқишга имконият туғилади», — дея ҳисоблайди Муҳаммадиев. Аввали бу каби ташкилот тузиш ҳақида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова гапириб ўтганди.
Кейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда қўлга олинган ва жазога маҳкум этилган одамлар қийноққа солинаётгани ҳолатлари ёритила бошлади. Ички ишлар вазирлигида кадрларни тозалаш ишлари олиб борилди. Лекин экспертлар кенг кўламли ва структаравий ўзгаришлар ўтказиш зарурлиги таъкидлайдилар. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 235-моддасида “ноқонуний руҳий ва жисмоний таъсир ўтказиш “мумкинмаслиги тўғрисида ёзилган. Халқаро экспертлар ушбу иборани танқид остига олдилар, гўёки қийноқларга солишнинг қонуний усуллари ҳам бўладигандек.