Тожикистон элчихонаси хоҳловчилар кўпайиб кетгани боис олиб кетувчи рейсларга одам тўплашни тўхтатиб қўйди

«Сомон Эйр» авиакомпаниясига қарашли Boeing самолёти . Airlines-inform.ru сайти фотосурати

Тожикистон элчихонаси Россиядан олиб чиқувчи рейсларга фуқароларни рўйхатга олишни тўхтатиб қўйди, негаки ватанига қайтмоқчи бўлаётган фуқароларнинг сони режалаштириб қўйилган чартерлардаги ўринлар сонидан анча кўпроқ эди. Бу ҳақда элчихонанинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасига қўйилган хабарда сўз юритилган.

Шунинг учун ҳам Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳам, бош консуллиги ҳам одамларни рўйхатга олишни вақтинча тўхтатиб қўйган. Шу билан бирга, қўшимча 10 та чартер рейсларини қўйиш режалаштирилган ва уларнинг ҳаммаси июль ойида бажарилади, дея хабар беради «Азия-Плюс» республика ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда.

Рейслар жадвали маъқуллаш учун Россиянинг тегишли идораларига юборилган, агар улар ижобий қарор қабул қилсалар, репатрияцияга аризалар электрон почта орқали charter-russia@mfa.tj манзили бўйича қабул қилинади. Устуворлик аввалгидек касалларга, ёш болали аёлларга, қарияларга, талабаларга ҳамда олдинроқ хизмат сафари сабабли Россияга чиққан одамларга берилади.

Тожикистон аэропортлари коронавирус пандемияси муносабати билан жорий этилган карантин туфайли 20 мартдан бошлаб мунтазам халқаро рейсларни қабул қилишни тўхтатиб қўйган. Тожикистон фуқароларининг репатрияция режаси май ойининг охиридан бошлаб амалга оширилмоқда, Россиядан олиб чиқиш рейслари 25 июндан бошланган, уларнинг саккизтаси режалаштирилган бўлиб, тўрттаси бажарилган.

2 июль куни эрталаб Москвадан Душанбега чартер рейси етиб келди — “Сомон Эйр” авиакомпаниясининг самолёти 200 дан зиёд фуқароларни олиб келди. 6 июль куни Душанбе-Санкт-Петербург-Душанбе («Сомон Эйр») рейси; 7 июль куни Душанбе-Екатеринбург-Душанбе («Тожик Эйр»); 13 июля — Душанбе-Москва-Душанбе («Тожик Эйр») ва 14 июля Душанбе-Москва-Душанбе («Сомон Эйр») чартер рейслари бажарилади. Уларга фақат Тожикистоннинг Москвадаги элчихонасида тузилаётган рўйхат бўйича авиачипта сотиб олиш мумкин бўлади.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги маълум қилганидек, «Сомон Эйр» авиакомпаниясининг самолёти 8 июль куни Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳридан Душанбега парвоз қилади. Рўйхатдан ўтиш учун аризаларни республиканинг Буюк Британия, Бельгия, Франция, Германия, Швейцария ва АҚШ дипломатик ваколатхоналари орқали бериш мумкин бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ