Тошкентда яширин фаолият билан шуғулланиб келган бир гуруҳ жиҳодчилар қўлга олинди

Uznews.uz сайти фотосурати

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларида яширин фаолият билан шуғулланиб келган 25 кишидан иборат “жиҳодчилар” гуруҳи фаолиятига чек қўйилди, дея хабар беради Uznews.uz Ўзбекистон ДХХ матбуот хизматига таянган ҳолда.

Тергов маълумотига кўра, гуруҳларнинг бири 2019 йилнинг май ойида ташкил этилиб, унга етакчилик қилган шахс ўтган йилнинг ноябрь ойида Сурия давлатидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилган (ташкилот фаолияти Ўзбекистон ва Россияда тақиқланган). Қайд этилишича, гуруҳ аъзоларининг аксарияти ҳозирда Суриядаги жангарилар сафида бўлган ўз етакчиси билан интернет орқали мунтазам равишда алоқа қилиб турган. Иккинчи гуруҳ эса муқаддам экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятларни содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаб чиққан фуқаро томонидан тузилган.

Ўзаро йиғинларда гуруҳлар аъзолари диний экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг, жумладан, “Абу Салоҳ”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Содиқ Самарқандий”ларнинг “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш тўғрисидаги аудио-видео маърузалари ҳамда даъватларини тинглаб, “Жиҳодчилар” оқими ғояларини ўз атрофидагиларга тарғиб қилиб келишган.

Ҳар икки гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларида ўтказилган тинтув тадбирлари давомида 200 дан ортиқ норасмий диний адабиётлар ва варақалар, шунингдек, компьютер, ноутбук, планшет, мобил телефон, флеш-карта ва DVD дисклар борлиги аниқланиб, уларда сақланаётган маълумотларни экспертизадан ўтказиш учун процессуал тарзда расмийлаштирилиб олинди. Тергов тахминига кўра, гуруҳлар аъзолари ўзаро йиғинларда диний экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг, жумладан, “Абу Салоҳ”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Содиқ Самарқандий”ларнинг “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш тўғрисидаги аудио-видео маърузалари ҳамда даъватларини тинглаб, “Жиҳодчилар” оқими ғояларини ўз атрофидагиларга тарғиб қилиб келишган.

ДХХ қайд этишича, мазкур гуруҳлар аъзолари орасида хусусий нашриёт раҳбари, тиббиёт ходими, араб тили курси ўқитувчиси, умумий овқатланиш муассасалари ишчилари ва тижорат ишлари билан шуғулланувчи шахслар бор. Қўлга олинганларнинг ёши 18 билан 52 орасида, мазкур шахсларнинг уч нафари аввал экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар содир этганликлари учун жавобгарликка тортилган.

Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан икки марта рейдлар ўтказилиб, “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг қирқдан зиёд тарафдорлари ноқонуний диний йиғилишлар ҳамда террорчилик фаолиятига ўқитишда гумон билан қўлга олинган. Июнь ойида яна 11 киши ҳамфикрлари билан муҳокама қилиш учун интернетдан экстремистик мавзудаги видеорликларни кўчирганликда айблов билан қўлган олинган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1 моддаси биринчи қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ