Афғонистон президентининг бош маслаҳатчиси ва йирик афғон бизнесмени Муҳаммад Юсуф Ғазанфар (Mohammad Yosuf Ghazanfar) 3 июль куни пневмония касаллигини келтириб чиқарувчи коронавирусдан вафот этди. Буни Anadolu ахборот агентлигининг ҳукуматдаги манбаси тасдиқлаган.
Ғазанфар ўзини ёмон ҳис қилганди, дейди Афғонистон президентининг матбуот котиби Шоҳ Ҳусейн Муртазави (Shah Hussein Murtazawi). Бизнесменнинг ёрдамчиси Фрайдун Илҳомнинг (Fraidoon Elham) RFE/RL's Radio Free Afghanistanга аниқлик киритишича, Ғазанфар Туркиядаги шифохоналарнинг бирида вафот этган.
Ғазанфар июнь ойи сўнггида коронавирусни юқтириб олади, дастлаб уни Афғонисонда даволашмоқчи бўладилар, бироқ унинг аҳволи оғирлашгач, беморни Туркияга олиб борадилар.
Миллати ўзбек бўлмиш Муҳаммад Ғазанфар президент Афраш Ғанининг иқтисодий ривожланиш, савдо ва камбағалликни камайтириш бўйича маслаҳатчи бўлишидан ташқари, президентнинг энг яқин дўсти ҳам бўлган. Кейинги президент сайловида у Ғани номзодининг 90 фоиз сайловолди сарфларини кўтарган, деб ёзади Андрей Серенко «Независимая газета»да Қобулдаги манбаларига таянган ҳолда.
Ghazanfar банкининг ҳусусий акционери бўлган бизнесмен мамлакатнинг энг бой одамларидан бири бўлган ва уни Афғонистоннинг «махфий кардинали» деб аташган. «У Ғанининг дўсти ва сайловолди кампанияси спонсори бўлган, мамлакатнинг энг бой одамлари учлигига кирган ва афғонларларнинг энг кучли сиёсатчиси бўлган. Айтишларича, Юсуф Ғазанфар 2019 йилги сайловда Ашраф Ғани кампанияси сайловолди сарфларининг 90 фоизини тўлаган», — дейди манба.
Манбага кўра, Ғазанфар президентнинг кадрлар, иқтисод ва сиёсат бўйича қарорларига ўз таъсирини ўтказолган, шунингдек, президентнинг туркий ҳалқлар,жумладан ўзбек етакчилари билан олиб борган музокараларида норасмий вакили бўлган.
Қобулдаги манбага кўра, Ғазанфарнинг Тошкент билан алоқаси ҳам «кўнгилдагидек» бўлган ва у Афғонистондаги этник гуруҳлар ичида катта обрўга эга бўлган.
Президент Ғани бизнесменнинг дафн маросимини ўтказиш учун махсус комиссия тузди ва унга Мудофаа, Ички ишлар, Дин ва ҳаж масалалари, Ахборот вазирликлари, шунингдек, Миллий хавфсизлик кенгаши, Миллий хавфсизлик бош бошқармаси вакиллари киритилган.
Маҳаллий сиёсатшуносларнинг фикрига кўра, энди Ашраф Ғани учун маслаҳатчи ва дўсти ўрнини қоплайдиган номзодни топиш қийин бўлади ва Ғазанфарнинг ўлими мамлакатдаги беқарор сиёсий вазиятни янада таранглатиши мумкин.