Раҳмон: Сўнгги ўн йил ичида Тожикистонда 86 та теракт ва суиқасд содир этилди

"Азия-плюс" сайти фотосурати

Сўнгги ўн йил ичида Тожикистонда 86 та теракт ва суиқасд содир этилган. Бу ҳақда мамлакат президенти Эмомали Раҳмон 9 март куни жамоатчилик вакиллари, олимлар ва дин арбоблари билан бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтди, деб ёзади «Азия-плюс».

«Охирги ўн йил ичида мамлакатимизда экстремист ва террорчилик характердаги 6680 та жиноят аниқланиб, рўйхатга олинди, жумладан, уларнинг 86 таси террорчилик ҳаракати ва суиқасд бўлган, 11 та террорчилик ҳаракати ва суиқасднинг олди олинди», — деди Раҳмон.

Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда экстремистларнинг фаол тарғиботи натижасида республика, Россия ва бошқа кўплаб мамлакатларда тақиқланган «Ислом давлати» (ИШИД, ИШИД) террорчилик ташкилоти ва шунга ўхшаш гуруҳлар сафига чет элдаги Тожикистон фуқароларининг қўшилиш ҳолатлари авж олган. Хориждаги қуролли тўқнашувларда қатнашган мингдан ортиқ тожикистонлик ҳалок бўлган, минглаб одамлар бедарак йўқолган.

«Мавжуд маълумотларга кўра, сўнгги уч йил ичида дунёнинг ўнта давлатида 24 нафар фуқаромиз террорчилик ҳаракатларини, жумладан, оломон ичида ўзини портлатиб юбориш орқали содир этган. Таъкидлаш жоиз, ўз жонига қасд қилиш жиҳод эмас, балки ислом дини таълимоти ва талабларига зид бўлган катта гуноҳдир»,деди Раҳмон.

У экстремист ва террор ҳаракатлари содир этганликда айбланиб қидирувда бўлган 4075 нафар тожикистонликни алданмасликка, «ота-она, фарзандлар, давлат ва миллат обрў-эътибори устидан ўйлашга» чақирди ҳамда «ишонч билан ўз ватанига қайтиб, қонун ҳужжатларида назарда тутилган имкониятлардан фойдаланишлари мумкинлиги»га ишонтирди.

Раҳмон сўзларига кўра, «Ислом давлати» ва бошқа экстремист ва террорчи ташкилотлар сафига қўшилган ватандошларнинг аксарияти тақиқланган «Салафия» диний оқими тарафдорларидир.

«Салафийлар Ҳанафий масҳаби ва унинг асосчиси Имом Абуҳанифага салбий муносабатда бўлиб, тарихан маҳаллий халқнинг бир қисми эътиқод қилаётган Исмоилий мазҳабига душманлик назари билан қарайдилар. Бу оқим тарафдорлари бошқа мазҳаб вакилларининг ғояларини инкор этиб, уларни нотўғри деб эътироф этишади ва шу асосда мазҳаблараро ихтилоф қўзғатишмоқда», — деди президент.

2015 йили Тожикистон Олий суди «салафия»ни экстремист ва террорчи оқим деб тан олиб, 2009 йилдан буён унинг мамлакатда фаолияти тақиқланганига қарамай, 2015 йилдан ҳозирги кунга қадар 2300 дан ортиқ Тожикистон фуқаролари ушбу оқимга қўшилган ва бу билан боғлиқ 1945 та жиноий иш қўзғатилган.

«Афсуски, айрим имом-хатиблар экстремист ва террорчи гуруҳларга эргашиб, диндорлар ўртасида ўзларининг радикал ғояларини тарғиб қилмоқдалар»,деди Раҳмон.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йилдан 2023 йилгача ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 520 нафар диний уламога нисбатан маъмурий жазо қўлланилган, уларнинг таълимоти беш минг кишини қамраб олган.

«Алоҳида таъкидлашим лозим, ноқонуний диний таълим кўп ҳолларда талаба онгида диний ақидапарастликнинг шаклланишига, кейинчалик унинг экстремист ва террор ҳаракатларини содир этишига сабаб бўлади»,деди Раҳмон.

Президентнинг таъкидлашича, вилоятлар, шаҳар ва туманлар раҳбарлари, Таълим ва фан, Маданият, Меҳнат, Миграция ва бандлик вазирликларининг жойлардаги тузилмалари, Ёшлар ва спорт, Хотин-қизлар ва оила, диний ишлар қўмиталари, миллий анъаналар, байрам тадбирларини тартибга солиш маросимлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва судлар мафкуравий ишларни иккинчи даражали деб ҳисоблаб, бу масалага зарур эътибор қаратишмаяпти.

«Мамлакат президенти, муҳтарам Эмомали Раҳмон миллий-диний қадриятларимизни рўёбга чиқаришда тожик халқи манфаатлари борасида доимо ғамхўрлик қилишимиз, давлатимиз мустақиллигини қадрлашимиз ва бу бебаҳо неъмат учун шукр қилишимиз зарурлигини таъкидлади», — дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ