Камбағаллик сабаб туркманлар муддати ўтган озиқ-овқат ва дори-дармонларни сотиб олишга мажбур бўлишмоқда

vsetrts.ru сайти фотосурати

Туркманистон фуқароларининг аксарияти оилавий бюджетини тежаш мақсадида муддати олти ой ёки бир йил аввал тугаган озиқ-овқат ва дори-дармонларни сотиб олишга мажбур бўлишмоқда. Бундан ташқари, бу тенденция нафақат вилоятларда, балки пойтахт Ашхободда ҳам кузатилмоқда, деб ёзади Turkmen.news республикадаги манбаларига таяниб.

Нашрнинг ёзишича, баъзида яроқлилик муддати ўтган товарларни дўконларда давлат нархида сотилаётган товарларга қўшиб сотишади. Бироқ, манбаларга кўра, туркманларнинг ўзлари ҳам муддати ўтган маҳсулотларни фаол сотиб олишмоқда. Гап асосан импорт қилинадиган озиқ-овқатлар — шоколад, вафли, печенье, балиқ консервалари, чой ҳақида бормоқда.

Туркманистонликларнинг фикрича, бу маҳсулотларнинг сифати турлича. Мисол учун, печеньелар эскирганлиги аниқ, лекин шоколад ёмон эмас, чой ичишга яроқли.

Муддати ўтган товарларнинг нархлари, албатта, икки-уч баробар паст бўлади. Шундай қилиб, яроқлилик муддати «номал» бўлган бир қадоқ чой дўконларда 35 манат (давлат курси бўйича 10 доллар, қора бозор курси бўйича тахминан 1,5 доллар), сотилмаётган маҳсулотлар эса 10-15 манат (3,5 ва 0,5 доллар) туради. Шоколад — 25 манат (7 доллар ва 1 доллардан бир оз кўпроқ) ва эскирганлари учун 10 манат (давлат курси бўйича тахминан 3 доллар ва қора курс бўйича 0,5 доллар). Печеньелар блоки мос равишда 10 ва 5 манатни ташкил қилади.

Бозорларда арзонлаштирилган товарлар одатда бир жойда сотилмайди, улар аравачаларда савдо майдончаси бўйлаб ҳаракатланади. Бундан ташқари, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар қаердан келгани номаълум, эҳтимол, моллар қаердадир омборда ётиб, ҳозир сотувга чиқарилган бўлиши мумкин.

Қайд этилишича, туркманистонликлар жиддий хавфли бўлишига қарамай, муддати ўтган дори-дармонларни сотиб олишади. Аммо кўплик «яроқли муддат»га эга таблеткалар ва аралашмаларни сотиб олишга қодир эмас.

Turkmen.news нашрининг ёзишича, тўлиқ ставкадаги мактаб ўқитувчисининг маоши 2000 манат (давлат курси бўйича 570 доллар, қора бозорда эса 100 доллар). Давлат муассасаларининг техник ходимлари 800-1000 манатдан (256 доллар ва 45 доллар) кўп бўлмаган маош олади. Ўртача пенсия миқдори 700 манат (давлат курси бўйича 200 доллар ва қора бозорда 35 доллар).

Кам даромадлар мамлакат аҳолисини иложи борича тежашга мажбур қилади. Масалан, Мари вилоятининг баъзи қишлоқларида бутун оилалар муддати ўтган озиқ-овқат ва эскирган кийимларни сотиб олишади. Бироқ, доимий иш жойига эга шаҳарликлар ҳам бюджетларини имкон қадар тежашга ҳаракат қилишади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ