«Крокус»даги терактга алоқадорликда гумон қилиниб, яна беш киши ҳибсга олинган

«МОСКВА ШАҲРИНИНГ УМУМИЙ ЮРИСДИКЦИЯ СУДЛАРИ» TELEGRAM-КАНАЛИ ФОТОСУРАТИ

«Москва шаҳрининг умумий юрисдикция судлари» Telegrаm-канали Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт иши бўйича бешта янги айбланувчининг исмларини эълон қилди. Улар ҳақида аввал хабар берилмаган.

Москванинг Басманний туман суди Шахромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Мустақим Солиев, Умеджон Солиев, Хусайн Ҳамидовларни ҳибсда сақлаш муддатини 3 ойга, яъни 2024 йил 1 декабргача узайтирган. Янги судланувчиларнинг қайси миллатга мансублиги кўрсатилмаган.

Улар Россия Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда:

👉 205.5-модда, 2-қисм («Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ террорчи деб тан олинган ташкилот фаолиятида иштирок этиш»);

👉 205-модда, «б» банди, 3-қисм («Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳаракатлар [«Террорчилик ҳаракати»], агар улар одам ўлимга олиб келган бўлса»);

👉30-модда, 1-қисм («Жиноятга тайёргарлик — шахс томонидан жиноят содир этиш учун воситалар ёки мосламаларни қидириш, тайёрлаш ёки мослаштириш, жиноятга шерикларни қидириш, жиноят содир этишга тил бириктириш ёки жиноят содир этиш учун қасддан бошқа шарт-шароитларни яратиш, бордию жиноят ушбу шахслардан ташқари ҳолатлар туфайли тугалланмаган бўлса ҳам»);

👉 205-модда, «а» банди, 2-қисм («бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган террорчилик ҳаракати»);

👉 222-модда, 4-банди («Уюшган гуруҳ томонидан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар [«Қуроллар, ўқ-дориларнинг асосий қисмларини қонунга хилоф равишда эгаллаш, ўтказиш, сотиш, сақлаш, ташиш, жщнатиш»]);

👉 223.1-модда, 3-қисм («Уюшган гуруҳ томонидан портловчи моддаларни ноқонуний ишлаб чиқариш, ўзгартириш ёки таъмирлаш»).

ℹ️ Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида теракт 22 март куни «Пикник» рок-гуруҳи чиқишидан олдин содир бўлган. Камуфляждаги бир неча қуролланган киши мажмуага кириб, одамларни ота бошлаган. Улар конценрт залига келиб, у ерда ўт қўйишган, ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган. Ҳужум оқибатида 145 киши ҳалок бўлган.

23 март куни эрталаб ҳодисага алоқадор кимсалар қўлга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Биринчи бўлиб Тожикистон фуқаролари Далержон Мирзоев, Саидакрами Рачабализода, Шамсидин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзов ҳибсга олинган.

Жами 12 айбланувчи, жумладан, 4 нафар ҳужумчи, уларга машина сотган уч нафар одам, террорчиларга квартира ижарага берган ёки уларга пул ўтказмаларини юборган шахслар ҳибсга олинган. Бошқа маълумотларга кўра, 18 киши ҳибсга олинган, яна икки киши яшаш жойини тарк этмаслик тўғрисида тилхат берган. Тергов иши 1700 дан ортиқ жабрланувчи ва 800 та гувоҳни қамраб олган.

Ҳужум учун жавобгарликни «Ислом давлати»нинг Афғонистондаги бўлими («ИШИД Хуросон, «Вилоят Хуросон», ISIS-K номи билан ҳам танилган) ўз зиммасига олган. Ушбу ташкилот Россия Федерацияси ва бошқа кўплаб мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ