Тошкентда «Бойсун мадоннаси»ни яратган рассом Владимир Бурмакин вафот этди

Владимир Бурмакин. art-blog.uz сайти фотосурати

Тошкентда Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси, Республикада хизмат кўрсатган санъат арбоби Владимир Бурмакин 87 ёшида вафот этди. «Бойсун мадоннаси» ва бошқа машҳур картиналар муаллифи 31 август куни оламдан ўтди, деб хабар беради Бадиий академия ўзининг Telegram-каналида.

Бурмакин жаҳон тасвирий санъати тарихидан ўрин олган «Бойсун мадоннаси», «Дарахт ҳақида қўшиқ», «Ўзбекистон физика фани арбоблари» каби картиналар муаллифи. Унинг асарлари Россия, Буюк Британия, Франция, АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг музей ва галереяларида бир неча бор намойиш этилган. Бугунги кунда ўзбек устасининг асарларини дунё музейлари ва шахсий коллекцияларида учратиш мумкин. Биргина Германиядаги Экью Гуммерсбах галереясида Бурмакиннинг 200 та асари тўпланган.

Рассом Тошкент архитектурасида ҳам из қолдирган. Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида «Халқлар дўстлиги» саройи, «Пахтакор» метро бекати, «Меҳнат заҳиралари» спорт мажмуаси, «Зарафшон» ресторани каби объектлар учун турли техникада 20 дан ортиқ монументал паннолар ясаган. Бурмакин пойтахт аэропорти ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати (парламент юқори палатаси) биносининг ички залини безашда қўлланилган ноёб мозаикалар муаллифи ҳамдир.

Бадиий академиянинг таъкидлашича, рассом 40 йил давомида таълим муассасаларида сабоқ бериб, бир неча авлод кўзга кўринган шогирдларни тайёрлаган.

1997 йили Владимир Бурмакин Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган ва академик фахрий унвонига сазовор бўлган. 2005 йили рассом «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ