Камида 35 минг афғон аёли тиббий таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлди

ARIANANEWS.AF САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Афғонистонда камида 35 минг талаба хотин-қизларнинг тиббиёт муассасаларига бориши тақиқлангани сабабли ўқиш имкониятидан маҳрум бўлди. Бу талабалар 10 та давлат ва 150 дан ортиқ хусусий институтларга қабул қилинганди, дея хабар беради Khaama «Толибон»* ҳукуматининг Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбасидан маълумот олган AFP агентлигига таяниб.

Қизлар «ҳамширалик иши», «акушерлик» ва «стоматология» мутахассисликларида таҳсил олишган. Айни пайтда Афғонистонда 18 мингдан ортиқ акушер касбидаги аёллар етишмайди ва бундан олдин толиблар аёлларга эркак шифокорлардан тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишни тақиқлаган эди.

Аёлларнинг тиббиёт ўқув юртларида таълим олиши тақиқлангани декабрь ойи бошида маълум бўлганди. Хабар қилинишича, тегишли фармонни «Толибон» ҳаракати етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода имзолаган. Қизларнинг тиббиёт олий ўқув юртлари ва коллежларига ўқишга кириши тақиқлангани ҳақидаги маълумотлар ҳалигача расман тасдиқланмаган. Бу воқеа дунёда салбий реакция келтириб чиқарди, толиблар эса мамлакат ички ишларига аралашувига қарши чиқишмоқда.

Хусусан, толиблар ҳукумати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Афғонистонда инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини айтиб, жаҳон ҳамжамиятини мамлакатга афғон қадриятлари ва ислом қонунлари призмасидан қарашга чақирди.

«Қадриятларимиздан келиб чиқиб, биз ҳуқуқларни белгилашимиз, мажбуриятларимизни тан олишимиз ва уларга мувофиқ ҳаракат қилишимиз мумкин. Биз давлатлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини Афғонистонга ўз нуқтаи назари билан эмас, балки афғон халқи ва исломий тамойиллар нуқтаи назаридан, Афғонистон халқи қадрлайдиган ва ишонадиган нарсаларни ҳурмат қилган ҳолда қарашга чақирамиз», — дейди Мужоҳид.

Шунга қарамай аёлларнинг тиббиёт соҳасида ўқитилиши тақиқланишига қарши чиққан халқаро ташкилотлар орасида 57 та мусулмон давлатини (шу жумладан Афғонистонни) бирлаштирган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ҳам бор. ИҲТ ўз баёнотида толиблар ҳаракатидан чуқур хавотир билдириб, буни ташкилот резолюцияларига мос келмаслиги ва аёллар ҳуқуқларига оид ислом тамойилларига зид эканини таъкидлади.

«Бош котибият аёлларга тиббий таълим олишни тақиқловчи мазкур чекловчи фармонни қоралайди. Бундай қарор нафақат афғон аёлларининг асосий ҳуқуқларига путур етказади, балки Афғонистон соғлиқни сақлаш тизими олдида турган муаммоларни янада кучайтириш хавфини туғдиради», — дейилади ИҲТ баёнотида.