«Ведомости»: «Росатом» Хитойга Қозоғистондаги учта «истиқболсиз» лойиҳаларидаги улушини сотади

kazatomprom.kz сайти фотосурати

Uranium One (Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси шўъба корхонаси) Қозоғистондаги «Заречное» қўшма корхонасининг 49,99 фоиз улушини сотди, деб хабар беради Қозоғистоннинг «Казатомпром» компанияси 17 декабрь куни.

Келишув суммаси ошкор этилмаган. Харидор SNURDC Astana Mining Company бўлиб, унинг якуний бенефициари State Nuclear Power Technology (ХХРдаги атом электр станцияларининг учта давлат операторидан бири) ҳисобланади.

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги «Заречное» уран кони 1977 йили очилган. 2024 йил бошида унинг захиралари, «Казатомпром» маълумотларига кўра, 3500 тоннани ташкил этган. Конда уран қазиб олишни 2028 йили якунлаш режалаштирилган. «Казатомпром»нинг «Заречное»даги улуши 49,99% ни ташкил қилади. Хитой компаниясининг қўшма корхонасига қўшилгач, у ўзгармаган.

«Заречное» улушини сотишдан ташқари, Uranium One Қозоғистондаги яна иккита лойиҳадаги акцияларини – «Хуросон-U» ҚК ва ва «Қизилқум» МЧЖнинг 30 фоиз билвосита улушини сотиши кутилмоқда.

Харидор China Uranium Development Company бўлиб, унинг якуний бенефициари China General Nuclear Power Corporation (CGN) Хитой давлат компанияси ҳисобланади. Шу билан бирга, «Казатомпром»нинг «Хуросон-U» ва «Қизилқум»даги улушлари ҳам ўзгармаслиги ва 50 фоизни ташкил этиши керак, дейилади ҳисоботда.

«Хуросон-U» ҚК Қизилўрда вилоятидаги «Шимолий Хуросон» конининг «Хуросон-1» участкасида уран қазиб олади. Жорий йил бошида коннинг захираси 33 минг тоннани ташкил этган; у 2038 йилгача фойдаланишга мўлжалланган. «Қизилқум», ўз навбатида, бу уранни қайта ишлайди — ишлаб чиқариш қувватлари ўзлаштирилаётган жойда жойлашган.

Россиянинг «Ведомости» нашри сўраган экспертлар Хитойга сотилган активлар «Росатом» учун унчалик аҳамиятли эмаслигини таъкидлашган. Atominfo соҳа портали бош муҳаррири Александр Уваров «Заречное»да қолган 3500 тонна хориж шартномаларини ҳисобга олмаган ҳолда Россиядаги йиллик уран истеъмолидан камроқ миқдор эканини эслатади.

«Хуросон-1» — қозоқ стандартларига кўра ўртача кон ҳисобланади, деб таъкидлайди Уваров. «Веcтор Капитал» инвестиция компанияси бош стратеги Максим Худаловнинг қўшимча қилишича, у «режалаштирилганидан ҳам камбағалроқ» бўлиб чиқди. Унинг сўзларига кўра, ҳар иккала конда ҳам қўшимча қидирув ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Аммо Россия томони, Худаловнинг сўзларига кўра, бунга сармоя киритишга тайёр эмас, чунки унинг истиқболли ҳудудлари, хусусан, Буденовское кони бор.

Нашр эслатишича, «Казатомпром»нинг Uranium One билан яна бир нечта қўшма корхоналарга эга. Бу Туркистон вилоятидаги Буденовское конининг 2-сонли майдонидаги «Каратау» паритет қўшма корхонаси ва худди шу Буденовское конининг 1, 3 ва 4-сонли ҳудудларини ўзлаштирган «Акбастау» қўшма корхонаси. Бундан ташқари, улар «Казатомпром» 30% ва Uranium One 70% улушга эга бўлган «Южная горнохимическая компания»сининг ҳам эгаларидир. Uranium One Group шунингдек, Степногорск кон-кимё комбинатининг (СККК) 99,99% акцияларига эгалик қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ